Суяклар нега қирсиллайди?


 
 Суяклар нега қирсиллайди?

- Ўғлим жуда нимжон ва озғин. Баъзида ҳаракатланганида танасидан суякларининг қирсиллаган овози чиқади. Ҳаттоки кейинги пайтда жағлари ҳам қирсиллайдиган бўлди. Нега шунақалигига ҳайрон қолиб, хавотирга тушаман. 

                                                   Наргиза, Самарқанд 

  Бундай ҳолат ҳаммада ҳам бўлади. Масалан бармоқларимизни олайлик  қаттиқ сиққанимизда ёки  қалтисроқ ҳаракат қилганимизда улардан қирсиллаган овозлар чиқади. Буни аслида табиий ҳол деб билиш керак. Чунки бармоқларнинг қирсиллаши, суякларга зарар келтирмайди ва артритни келтириб чиқармайди. Сиз эшитаётган товуш, ҳаракатланганда суяклар ичидаги  ҳаво пуфакчаларининг ёрилишдан келиб чиқади холос.  Бу жараён пайлар ривожига ёрдам бериб, мушак ва бўғимларни енгил қилади.  

                     Жағлар билан боғлиқ муаммо

  Инсон организми Яратганнинг  мўъжизаси. Бизнинг жағларимиз суяклари шунчалик моҳирлик билан бир-бирига уланганки, бири сирпанса иккинчиси унга йўл беради. Худди машинанинг подшипнигига ўхшаб. Аммо техникамизни асраб-авайлаганимиздек. унга ҳам вақти –вақти билан қараб туриш керак. Агар оғиз бўшлиғидаги  суюқлик камайиши суякларнинг бир-бирига бирикиши жараёнини секинлаштириб, уларни қаттиқлаштиради. Бунинг оқибатида  жағ суяклари ҳам қирсилашни бошлайди. Бироқ биз қўрқувга тушганимизчалик қаттиқ жароҳат етмагунича  улар синмайди. 

                     Ёш оналар билиши шарт 

   Бола 300 та суяк билан туғилади, балоғатга етганда 206 тасигина қолади, холос. Кўпинча гўдакларнинг енгил ва юпқа кийинтириш сабаб қулоқ ва бурун йўллари шамоллаши оқибатида жағга ҳам  шикаст етади. Бу эса суякнинг ўсиши ва ривожланишига тўсқинлик қилиб, кейинроқ суяклар қирсиллашига ҳам олиб келиши мумкин. Бундай пайтда жағларда оғриқ кузатилади. Ана шундай пайтда шифокор- ортопедга мурожаат қилиш даркор. Агар мутахассис жағларнинг терига таъсирини айтса, унда ўз вақтида даволанишни бошлаш зарур.  Яна шуни унутмаслик керакки, суяклар қирсиллаши авлоддан –авлодга ўтувчи касаллик ҳам ҳисобланади.  

               Суякларга қандай ёрдам керак?

     Маълумки, суяклар инсон танасининг тиргаги. 35 ёшга қадар тана тўқималари янгиланиб туради. Сўнгра эса суяклар емирила бошлайди. Бу жараённи секинлатиш учун танани керакли витамин ва минералларга тўйинтириб туриш лозим.
     Кальций – суякнинг асосий таркибий  қисми.  Кальций танамизга асосан озиқ-овқат маҳсулотлари орқали тушади. Масалан, бир стакан сутда – 240 мг, 15 гр бринзада – 80 мг, 100 гр творогда эса 150 мг кальций мавжуд. 
     Магний –суяклар мустаҳкамлиги учун зарур. Магний кальцийни ичакда сурилишини  тартибга солиш билан биргаликда суяк тўқималарига сингишига ҳам ёрдам беради. Инсон танаси озуқадан тушган магнийнинг учдан бирини ўзига сингдиради. Магнийнинг етарли даражада ҳазм бўлиши учун С, D ва В6 витаминлари зарур.

     Мис – инсон танасида оз миқдорда бўлишига қарамасдан суяклар фаолиятига муҳим таъсир кўрсатувчи микроэлемент турига киради. Мис етишмаслиги оқибатида  инсон танасидаги кальций ювилиб кета бошлайди. Аёлларнинг жинсий гормонлар ишлаб чиқаришида ҳам миснинг ўрни бор. Бу гормонларнинг камайиб кетиши натижасида климакс ёшидаги аёлларда оспеопороз (суяк касали) ривожланади. Денгиз маҳсулотлари, жигар, гўшт, какао, олча ва узум мисга бой.

     Витамин D – кальций ва магнийнинг сингишига ёрдам беради. Қуёш нурлари Д витаминига бой. Шунингдек, суяклар мустаҳкам бўлиши учун марганец, цинк (рух), бор, селен моддалари ҳам лозим.

Эҳтиёт бўлинг!

     Суяклар тузни "ёқтиришмайди”. Туздаги натрий танадан кальций ювилиб кетишига олиб келади. Бунинг натижасида эса суяк зичлиги камаяди. Суяк мўртлашиши касаллиги (оспеопороз)га чалинган кишиларга газли ичимликлар, гўштли консервалар ейиш тавсия этилмайди. 
                                                                 
                                                                       ВАЗИРА тайёрлади.