Кичкина йўловчилар учун автоўриндиқлар


Кичкина йўловчилар учун  автоўриндиқлар

     Фарзандининг саломатлиги ҳар бир ота-она учун ҳамма нарсадан муҳим ҳисобланади. Шу боисдан унинг соғлигига алоқадор бўлган ҳар қандай омил эътибордан четда қолмаслиги керак. Ана шундай масалалардан бири болалар учун автоўриндиқ танлашдир. 
Болалар автоўриндиқларидан фойдаланиш ота-оналар учун кўпгина саволларни туғдириши табиий. Чунки унинг турлари ва кўринишлари ҳам талайгина. Шунинг учун бўлса керак биринчи бор бу ҳақида эшитган  бобо ва бувиларимиз ҳайрон қолишади: "Бизнинг давримизда болаларни машинада олиб юриш учун алоҳида "тахт”  талаб қилинмасди”, деб. Келинг, қуйида мана шу саволларга жавоб топишга интиламиз. 

Автоўриндиқлар нима учун керак?

     Бу авваламбор, йўлда тўғри ҳаракатланиш учун талаб этилади. Аммо ўриндиқлар ДАН ходимларига кўрсатиш учун эмас, улар фарзандингизни турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилишга мўлжалланган. Нима учун болалар оддий хавфсизлик камари билан ҳимояланмайди? Чунки хавфсизлик камарлари катталар учун мўлжалланган, кичик ёшдаги болалар одатий ўриндиқларда сирғалиб ёки оғиб кетишлари мумкин(қаттиқ тормозни кўз олдингизга келтиринг ва бундан худо сақласин). Шунинг учун бу ўриндиқларни лойиҳалаштирувчилар уларни ёшга қараб турлича шаклда ишлаб чиқаришни тавсия этишади. Болалар катта бўла бошлагач, улар учун мўлжалланган ўриндиқларнинг ҳажми ҳам катталашиб бораверади.

Сотиб олишда нималарга эътибор бериш керак?

     Ҳар бир ўриндиқнинг стандарт хавфсизлик белгиси бўлади. Бу ҳимоя воситаларига бошни ҳимояловчи ёстиқча, хавфсизлик камари киради. Ҳимоя камари терини шикастламайдиган матодан тикилиши керак. Ўриндиқлар сотиб олаётганингизда дўконнинг ўзидаёқ фарзандингизни танлаган ўриндиғингизга бироз ўтирғизиб кўринг. чунки бола ўзини қандай тутишини билиб оласиз. Қулайлик жуда муҳим ҳисобланади. 

Ўриндиқни қаерга ўрнатиш керак?

     Ўриндиқни автомобилга ўрнатиш учун энг қулай жой орқа ўриндиқнинг ўртаси ҳисобланади. Агар шундай қилинса, бола ён томондаги зарбалардан сақланган бўлади. Аммо ҳамма машиналарда ҳам уни тутиб турадиган камарлар мавжуд эмас. Муҳими уни ҳарид қилаётганингизда ҳеч нарсани эътибордан четда қолдирманг, ҳатто боланинг машинада ўзини тутиши ва инжиқликларига қадар. Агар сизнинг кичкинтойингиз оёғини типирчилатишни ёқтирса, уни асло ҳайдовчининг орқа тарафига ўтқазманг. Асосийси, ҳар гал йўлга чиқишдан олдин ўриндиқнинг маҳкамлаб қўйилганига ва кичкина йўлавчининг хавфсизлигига ишонч ҳосил қилинг. 

Ўриндиққа ҳам "ғамхўрлик” керакми?

     Албатта! Акс ҳолда у бактериялар манбаига айланиб қолади. Бунинг олди олинмаса, тупроқ, тўкилган озиқ-овқат  йиғилиб боради. Уни ҳам вақти-вақти билан тозалаб туриш керак. Бунинг учун мунтазам равишда олинадиган ғилофини тез-тез ювиб, пластик юзасини намли салфетка ёрдамида артиб туриш керак.

Уни қанча вақтда ўзгартириб туриш керак?

      Бола улғайган сари унинг ёши ва вазнига қараб ўриндиқларни ҳам алмаштириб туришга тўғри келади. У ўн икки ёшга етгач, махсус ўриндиқлардан воз кечиб, одатийлардан фойдаланиш мумкин. Шунда ҳам хавфсизлик камарини тақишни унутмаслик керак.
     Болалар хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳеч қачон эътиборсизликка йўл қўйманг. Уларнинг қандай вояга етиши ва саломатлиги бевосита бугунги хатти-ҳаракатларнинг натижасидир. Шунинг учун кичкинагини "хўжайин”ларнинг инжиқликларини ўзингизга малол олишга шошилманг. 

Махсума ОҚҚЎЗИЕВА тайёрлади.