Юраги хаста кишилар руҳан сиқилишга мойил бўлишади


  Кардиологлар юрак касаллиги бор одамлар соғлом кишиларга нисбатан руҳий сиқиладиган ва тушкунлик ё тажангликка берилувчан эканликларини исботлашган.
  Швед олимлари юрак муаммолари ва руҳий сиқилишларга мойиллик ўртасидаги ўзаро алоқани топишга муваффақ бўлишди. Мазкур мавзуда Euro Heart Care илмий анжуманида маъруза қилиниб, Каролин институтининг мутахассислари бу борада тадқиқот олиб боришган. 
  "Қаттиқ сиқилиш, руҳий зарбалар юрак хуружини келтириб чиқариши учун хавф омили эканлигини биламиз ва биз ўз тадқиқотимизда бу ўзаро алоқани исботлай олдик", - дейди Каролин институтининг доктори Барбро Кельстрем.
  Статистик маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, юрак хасталиклари билан оғриган беморларга антидепрессантлар камдан-кам ҳоллардагина тайинланади. Одатда, бу тоифадаги одамларнинг ўзлари ҳам руҳий зарбаларга қарши тинчлантирувчи дори-дармон ичишдан, даволанишдан бош тортадилар, тиббиёт ходимлари эса, кўпинча бунга етарлича эътибор қаратишмайди.
 Юраги касал кишилар ҳар нарсани кўнгилларига яқин олишади, қаттиқ сиқилаверишади, асабийлашиш, тушкунликка тушиш каби салбий ҳислар уларнинг юрагига баттар салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли, юрак хасталикларига чалинганлар юрак дориларидан ташқари, тинчлантирувчи дори-дармонлардан ҳам фойдаланишлари ва ўзларининг руҳий мувозанатларини сақлашга эътибор қаратишлари лозим бўлади.