Коронавирус: мутахассис изоҳи


— Hudud24.uz мухбири Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги бошқарма бошлиғи Рустамжон  ИКРАМОВ билан боғланиб, коронавирус билан боғлиқ ҳолат юзасидан қуйидаги маълумотларни олди…
— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус инфекциясининг тез тарқалаётганлиги ва дунёнинг 3/2 қисмининг мамлакатларида расмий қайд қилинганлигини сабабли “пандемия” ҳолатини эълон қилди.
   Пандемия — бу бирор бир касалликнинг дунё миқёсида тарқалишидир. Пандемия кўпинча янги турдаги инфекциянинг тарқалиши ва бу инфекцияга қарши одамларда етарли иммун қаршиликнинг шаклланмаганлиги билан боғлиқ. Шундай экан бизнинг юртимизда ҳам коронавируснинг тарқалиши табиий жараён эканлигини унутмаслигимиз керак.
   Бироқ касалликнинг четдан кириб келиши билан мамлакат ичида тарқалиб кетишининг фарқи бор, яъни касаллик четдан кириб келиши – ўз фуқаросининг чет давлатларда, бу ўринда касаллик авж олаётган мамлакатларда бўлиб, у ерда инфекцияни юқтириб олиб келганидан сўнг касалланишидир. Бизнинг мамлакатимизга ҳам касаллик четдан кириб келди, эндиги вазифамиз касалликни мамлакат ичида тарқалиб кетишини олдини олишга қаратилган тадбирларни амалга оширишдан иборат.
   Ўзбекистон Республикасида қайд этилган коронавирус ҳолати бўйича қуйидаги эпидемиологик суриштирув натижаси маълум:
   Беморда касаллик оддий шамоллаш аломатлари билан бошланган: 13.03.2020 йилда танада титроқ (озноб), томоғида қичишиш, бурун оқиши ҳамда бир икки маротаба йўталишни сезган, тана ҳарорати 36,8 даражада бўлган.
   Манбаи ва юқиш омиллари:
   Бемор асосий инфекция манбаини билмайди, жорий йилнинг 28 февраль – 10 март кунларида Франция давлатида саёҳатда бўлган. 29 февраль куни кемада Гваделупа оролига борган ва у ерда 8 кун давомида бўлган.
   Касалликнинг юқиш йўли хаво – томчи орқали.
   Энг асосий бой берилган ҳолат, касалликни олдиндан билиб бўлмаслиги, натижада фуқаро ўз юртига қайтиб келганидан сўнг оила даврасида кўпроқ вақт ўтказган, натижада оила аъзоларидан яна тўрт нафарида коронавирус инфекцияси мавжудлиги лаборатория усулидаги таҳлилда аниқланган.
Касалликнинг олдини олиш қоидалари
   Коронавирус келтириб чиқарадиган касалликлар қайд этилган давлатларга бормаслик.
   Хар бир мулоқотдан сўнг (тозаланмаган деб хисобланган нарсани ушлагандан сўнг) қўлни совунлаб ювиш тавсия қилинади, ювилмаган қўл билан юз, оғиз ва бурунни ушлаш ман этилади.
Ишловчи ходимлар иш жараёнида ҳимоя кийимлари, ниқоб ва қўлқоп билан ишлаши талаб этилади. Ишлатилган химоя кийимларини хар куни зарарсизлантириш шарт ва уйдагилар ушбу анжомлар билан мулоқотда бўлмаслиги керак.
   Овқатланишдан олдин ва кўчадан келганда қўлларни яхшилаб совунлаб ювиш талаб этилади.
Жойларда мунтазам равишда дезинфекция ишлари олиб борилиши талаб этилади.
   Юқори нафас йўллари ўткир касалликларига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганда касаллик юқишининг олдини олиш мақсадида тиббий ниқобдан фойдаланиш шарт.
    Коронавирус инфекцияси қайд этилган давлатларидан келган шахслар учун:
   Агар коронавирус инфекцияси қайд этилган давлатлардан келгандан сўнг 14 кун ичида ўз-ўзини изоляция қилган ҳолда карантинда сақланиш керак, ушбу карантин даврида касаллик аломатлари кузатилса, зудлик билан шифокорни уйга чақириш керак;
   Касалликни бошқа оила аъзоларига юқтирмаслик учун мулоқотни максимал даражада чегаралаш, алоҳида идиш–товоқдан фойдаланиш (фойдаланилган идиш–товоқларни совунли, қайноқ сувда ювиш) зарур;
   Беморни парвариш қилаётган қариндошлар тиббий ниқобдан фойдаланиши ва бемор билан ҳар бир мулоқотдан сўнг қўлларини совунлаб ювиши талаб этилади;
   Касаллик тузалгунга қадар зарурият бўлмаса ташқарига чиқмаслик керак.