Кўзга кўринмас “хавф”


 
Кўзга кўринмас "хавф” (маиший техниканинг электромагнит майдонига доир)

  Электромагнит майдон биринчи навбатда шуниси билан хавфлидирки, ёруғлик ёки товушдан фарқли ўлароқ инсон унинг таъсирини сезмайди ва шу сабабли ҳам электромагнит майдоннинг кучи ҳамда хавф даражасини етарлича баҳолай олмайди. Лекин организмимиз бундай нурланишга жуда сезгир.
  Замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, электромагнит нурланиш таъсиридан айниқса бош мия, юрак, шунингдек эндокрин, иммун ва жинсий тизимларни ишига кўпроқ зарар кўрсатади. Агар хонадондаги кичкинагина ошхонада электр плитаси, микротўлқинли печ, телевизор, кир ювиш машинаси, музлаткич, иситкич, кондиционер, электр чойнак ва қаҳва тайёрлагич жойлаштирилса, ушбу муҳитнинг ўзиёқ  одам саломатлиги учун хавф солиши мумкин. Электромагнит нурланиш айниқса болалар ва ҳомиладор аёллар учун ўта зарарли.
  Айтиш жоизки, анча юқори кучга эга электромагнит майдон етарлича вақт мобайнида организмга таъсир кўрсатгандагина касаллик ҳолатлари рўй беради. Шу сабабли, кичик кучга эга электромагнит ҳосил қиладиган маиший техникадан фойдаланганда аҳолининг асосий қисми зарар кўрмаслиги мумкин. Фақатгина бунда  электромагнит майдонга юқори сезувчанлиги бор инсонлар учун хавф туғилади. Замонавий тасаввурларга кўра, саноат частотаси (50 Герц) ҳосил қиладиган магнит майдон узоқ нурлантирганда (мунтазам равишда ҳар куни камида 8 соатдан бир неча йил давомида) ҳам инсон саломатлиги учун хавфли бўлиши шубҳасиз. Америка ва Швеция гигиенист олимлари бир-бирларидан мустақил равишда электромагнит майдоннинг чегаравий меъёрини аниқладилар – у 0,2 микроТеслага тенг келади.

ТЕЛЕВИЗОР, МУЗЛАТГИЧ ВА СОЧ ҚУРИТГИЧЛАР
(улардан фойдаланишда эҳтиёткор бўлинг)

  Телевизор ишлаётганда магнит майдон кўрсаткичи 2 микроТеслага етади. Ундан узоқлашгач магнит майдон кучи сўниб боради. Телевизорнинг ён томонидан 1,2 метр масофа хавфсиз ҳисобланади. Экран ҳам ҳимояланган қисмлардан бири бўлиб, унгача бўлган масофа камида 1,1 метрни ташкил қилиши лозим.
   Оддий электр лампасининг нурланиши 1 метр масофанинг ўзида 0,25 микроТеслага етади. Электр дазмол магнит индукцияси қиймати унинг ушлагичидан 20 сантиметр масофада меъёрий кўрсаткичга тенг (яъни 0,2 микроТесла). Худди шу 20 сантиметр масофада электр чойнаклар 0,6 микроТесла кучланган электр майдон ҳосил қилади, бу албатта меъёрдан юқори кўрсаткичдир.
  Ишлаётган компрессоридан 10 сантиметр радиусдаги масофада 0,2 микроТесладан ошмайдиган майдон кучланганлигини ҳосил қиладиган музлаткич ҳеч бир хавф туғдирмайдигандек туюлиши мумкин. Лекин "Nofrost” тизими (бундай музлаткичларда муз қатлами ҳосил бўлмайди)га эга музлаткичларни хавфсиз дейиш қийин, чунки уларнинг эшигидан 1 метр масофада электромагнит майдон кучланганлиги меъёрдагидан юқори кўрсаткични қайд этади. Шу сабабли, стул ва столларни музлаткичга тақаб қўйиб бўлмайди. Музлаткич эшиги ёнида узоқ ўйланиб туришни ҳам тавсия этилмайди – керакли нарсани музлаткичдан олдингизми уни дарҳол ёпинг ва ундан узоқлашинг. Агар музлаткич деворга яқин турган бўлсаю, деворнинг нариги тарафида кароват бу деворга тақалиб турган бўлса, мебель ёки музлаткичнинг жойини ўзлаштириш лозим. Ёки музлаткич орқасидаги деворни фольга билан тўсилса, у музлаткичдан таралаётган нурланишни унинг ўзига қайтаради.
 Ошхонадаги биринчи ўринда хавфли маиший техника жиҳозлари электр плитаси ва микротўлқинли печдир. Уй бекалари плитанинг ёнида бир неча соатлаб турадилар. Электр плитаси эса 30 сантиметргача бўлган масофада 0,4-4 микроТесла кучланишли майдон ҳосил қила олади.
   Кичик ўлчамли кир ювиш машинасининг бошқариш пульти атрофида магнит майдон 10 микроТеслагача боради. 
  Унинг ён тарафидан ярим метр масофада 0,7 микроТесла нурланиш мавжуд. Шу сабабли, кир ювиш машинасини ошхонада жойлаштириш қарори нечоғли тўғри эканлигини ўйлаб кўриш лозим.
   Чангюткич ишлаётган маҳали электромагнит нурланиш кўрсаткичи 100 микроТеслага етади. Турмушда ишлатиладиган электр жиҳозлари орасида нурланиш таратиш бўйича мутлоқ рекорд электр устара ва фенга тегишли. Электр устара ишлаётганда ундан атиги 3 сантиметргина масофанинг ўзида 1500 микроТесла қайд қилинади. Фенларда эса бу кўрсаткич 2000 микроТеслага етади.

МИКРОПЕЧ ЭШИГИ ЁНИДА

  Микротўлқинли печ унга жойлаштирилган маҳсулотни иситиш учун электромагнит майдондан фойдаланади. 
  Микротўлқинли печларнинг иш частотаси 2,45 Гигагерцни ташкил этади. Кўпчилик одамлар ушбу ускунанинг микротўлқинли нурланишидан қўрқадилар.
  Замонавий микротўлқинли печлар етарли даражада мукаммал ҳимоя тизимига эга бўлиб, ҳосил қилинаётган электромагнит майдон иш майдонидан ташқарига чиқмаслигининг олдини олади ҳамда гигиеник талабларга ортиғи билан жавоб беради. Лекин вақт ўтгани сари печнинг ҳимоя даражаси пасайиши ва электромагнит майдоннинг бир қисми ташқарига сизиб(айниқса печ эшигининг пастки ўнг бурчагидан) чиқиши мумкин. Кир тўпланиши ва механик зарарланишлар туфайли печ эшигининг четки қисмларида микротирқишлар пайдо бўлиши бунга сабаб бўлади. Шундай аҳволга келиб қолган микротўлқинли печни ишлатиш керак эмас. 5-6 йил ишлатилганидан сўнг, электромагнит майдонни назорат қилиш лабораториясидан мутахассисни чақириб печнинг ҳимоя тизими ҳолатини текширтириш мақсадга мувофиқ.
 Микротўлқинли нурланишдан ташқари печ ишлаётган маҳал у электр тармоғидан қабул қилаётган 50 Герцли электр токи ҳам магнитли майдон ҳосил қилади. Микротўлқинли печ хонадондаги  магнит майдон ҳосил қилувчи кучли манбалардан бири ҳисобланади. Печ ҳосил қилаётган магнит майдон кучланганлиги 1 метр масофада ҳам 0,5 микроТесладан кам бўлмайди. Бир марта бир неча дақиқага ёқиш фойдаланувчи саломатлигига жиддий зарар етказа олмайди.Печни ишга туширгандан сўнг ундан камида 1,5 метр узоқликда бўлиш керак. Шунда электромагнит майдон сизга "ҳамла” қила олмайди.

ОШХОНАДА НУРЛАНИБ ҚОЛМАНГ

   Маиший техниканинг электромагнит нурланишлари ҳисобга олиб, турмушимизга ўзгартиришлар киритишимиз керак. Масалан, ишни уйдаги электротехника жиҳозларининг жойини ўзгартиришдан бошлаш мумкин. 
   Ишламаётган, лекин розеткага уланган қурилма ҳам нурланиш ҳосил қилиши мумкин. Чунки, ўзгарувчан ток симларнинг паразит ҳажмидан ўтиб, электромагнит майдон пайдо қилади. Сим қанча узун бўлса, майдон кучи ҳам шунча ошади. Симлар халқа ва сиртмоқ шаклини ҳосил қилмаслигига ҳаракат қилинг.Ошхона электр маиший жиҳозларига тўла жой бўлиб, шу сабабдан ҳам электромагнит тўлқинларга бойдир. Бунинг устига ошхона хонадондаги энг кўп ташриф буюриладиган жой бўлиб, ҳар бир ташриф буюрувчи у ерга кирар экан,  ўзи учун аталган нурланиш "миқдори” дан баҳраманд бўлмасдан кетмайди. Аёллар-ку одатда ошхонада соатлаб бўладилар ва бу вақт мобайнида электромагнит тўлқинлар таъсири остида ишлайдилар. Ошхонада экансиз, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печ, электр чойнак ва бошқа маиший техникани бир вақтда ишлатмасликка ҳаракат қилинг.
   Ётоқхонада электромагнит нурланиш манбалари сони иложи борича кам бўлиши лозим. Чунки уйқу вақтида инсон организми ҳимояси пасаяди. Дам олиш хонасида радиотелефон ва компьютер турмаслиги керак. Кароватларнинг остидан кабель, симлар ўтказиш тавсия этилмайди. Кароватни яхшиси девордан бир неча сантиметр масофада ва розеткалардан узоқроқ жойлаштириш керак.
   Телевизор, компьютер ва микротўлқинли печ учун ташқарига қараган девор (яъни, ортида кўча ёки подъезд) лар танланса яхши бўлади. Шундай қилинса ушбу қурилмалардан тарқалаётган нурланиш одамлар яшайдиган қўшни хоналарга эмас, кўчага чиқади.
   Бугунги кунда "иссиқ пол” тизими оммалашиб бормоқда. Гарчи бу тизим хонадонда қулай ҳароратдаги иқлимни ҳосил қилиш имконини берсада, электр энергияси ёрдамида ишлайдиган "иссиқ пол” тарқатадиган магнит нурланиши замонавий офисдагидан 3 баравар кучлидир. Агар хонадонингизга электр энергиясида ишлайдиган "иссиқ пол” ўрнатмоқчи бўлсангиз, улар ҳақида маълумот йиғиб, энг кам нурланиш тарқатадиганини танланг. Кичик ёшдаги болалари бор инсонлар учун бу айниқса муҳим. Чунки бола кўп вақтини полда ўйнаб ўтказади.

ҚУВВАТИ КАМ БЎЛСА, ЯХШИ

   Маиший техника харид қилар экансиз, маҳсулотнинг сертификатида жиҳоз халқаро санитария меъёрларига жавоб бериши ҳақидаги белгилар борлигига ишонч ҳосил қилинг. Унутмангки, жиҳознинг қуввати қанча кам бўлса, у ҳосил қиладиган майдон кучланиши ҳам шунча паст бўлади.
   Кечаси техникани "Stand by” режимида қолдирманг. Яъни, уни тўлиқ ўчиринг. Масалан, телевизорнинг қизил лампачаси ўчиқ туриши лозим.
   Металл экранлардан бошқа ҳеч нарса, шу жумладан, ҳеч қандай девор, ҳатто бинонинг таянч деворлари ҳам электромагнит майдон таъсиридан ҳимоя қила олмайди. Шундай экан, кароватни жойлаштириш учун жой қидирар экансиз, қўшни хонадондаги телевизор қаерда турганини билиш фойдадан холи бўлмайди.
   Маиший техника жиҳозларини иложи борича дам олиш жойларидан узоқроқ жойлаштиринг. Электр жиҳозларини ҳам бир-бирига яқин қўйманг.
Агар хонадонингизда ёки унинг яқинида катта қувватли кабеллар ва шунга ўхшаш маиший техникадан ҳам хавфлироқ нарсалар бўлса, сиз дам оладиган жой улардан камида 2,5-3 метр масофада бўлиши лозим. Хотиржам бўлиш учун мутахассисларни чақириб, электр ускуналари ҳосил қилаётган майдонни ўлчатишингиз ҳам мумкин.

   Қуйидагидан кўрсатгичлардан кам масофада узоқ турманг:
- "Nofrost” тизимига эга музлаткич: эшик – 1,2 метр, орқа тарафи – 1,5 метр
- Дазмол: ушлагичидан – 0,23 метр.
- Телевизор: экрандан – 1,1 метр, ён томонидан – 1,2 метр.
- Электр иситкич – 0,3 метр.
- 78 Ваттли иккита лампа ўрнатилган торшер: симдан – 0,03 метр.
- Электр печ: олд томондан – 0,4 метр.
- Аэрогриль – 1,4 метр.
- Электр чойнак – 0,20 метр.
- Wi-Fi узаткич – 0,40 метр.
- Микротўлқинли печ – 1,5 метр.
- Компьютер: экрандан – 0,5 метр.
- Электр радиатор – 0,3 метр.

Гўзал ТОШПЎЛАТОВА,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Санитария – гигиена ва касб касалликлари илмий-текшириш
 институтининг "Физик омиллар” лабораториясининг
катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди.
Манба: "Сиҳат-саломатлик" журнали