ЭМЛАШ ЗАРАРЛИМИ?


— Ўтган йилнинг эсда қоладиган воқеасини айтиб беринг.
— Тирик қолганимиз... — дея жавоб берди танишим.
  Тождор вирус балоси юртимизга кириб келгач, ёшу қарини аямасдан ўз комига тортиб кетди. Бугунги кунда тождор вирусга қарши эмлаш ишлари фақатгина кўнгиллиларда олиб бориляпти. Чунки аҳоли ўртасида Хитойдан келтирилган вакцина зарар, деган тушунча пайдо бўлган. Аслида эмлаш зарарлими?
— Ўзбекистонда COVID-19га қарши эмлаш жараёни ўтган йилдан бошланган. Эмлашнинг ҳеч қандай зарари йўқ! — дейди бугун ОАВ вакиллари учун ўтказилган семинар тренингда Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари Вазира Муталова ва Насиба Тоировалар.
  Эмлаш ишлари 65 ёшдан 74 ёшгача бўлган қариялардан бошланади. Шундан сўнг  75 ёшдан 84 ёшгача бўлган кексалар, узоқ умр кўрувчилар 85 ёш ва ундан юқори ёшдагилар,  тиббиёт ходимлари, сурункали касалликлари бор аҳоли (18-65 ёш), мактаб ўқитувчилари,  мактабгача таълим ходимлари, Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари эмланади.
  Вакцина ва эмлаш жараёни ҳақида Юнисеф жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг бошлиғи Цици Сингизи ҳам гапириб ўтди.
  Шу пайтгача кўнгиллиларда эмлаш жараёни ўтказилди. Кейинчалик яна 9 мингта вакцина олиб келинди. 
  Хуллас, шу пайтгача эмлаш натижасида бирор кишида ножўя таъсир кузатилмаган. Аҳоли ўртасидаги миш-мишлар эса асоссиздир.

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист.