Ҳазрат Навоий нега уйланмаганлар?


Озод МЎМИН

Ҳазрат Навоий нега уйланмаганлар?

  Буюк бобокалонимиз Ҳазрат Амир Алишер Навоий таваллуди мунособати билан барча ватандошларимни муборакбод этаман! 
  Ҳазрат Навоийнинг уйламаганлик сабаблари тўғрисида турли тахминлар бор. Аммо, мен бунинг аниқ сабабини биламан. Бу ҳақда ўзимнинг "Алишер ва Ҳадичабегим" ҳикоямда фикримни келтирганман. 
  Қуйида, яқинда "Янги аср авлоди" нашриётида (Тошкент, Қатортол, 60) чоп этилган "Тарих денгизи" китобига киритилган ушбу ҳикоядан бир парчани диққатингизга ҳавола этаман. Айтишим керакки, Ҳазрат Навоий ўз ёшликларидаги умрларининг икки-уч йил қисмини тасаввуф тариқатини Хожа Аҳрор Валий қўлида ўрганишга сарф этганлар. 
  ... Ва залда ўтириб, гапларимни тинглаётган китобхонларга бир-бир қараб чиқдим. Шу пайт биринчи қаторда ўтирган, унчалик бўянмаган қиз қўлини кўтарди. Мен розилик билдириб, имо қилдим.   
  – Мен бир нарсани билишни истардим. Сиз жавоб бера оласизми, билмадим, аммо сўрайвераман. Навоий бобомиз нега уйланмаганлар?    
 – Менда аниқ маълумот йўқ. Лекин, мантиққа тўғри келадиган тахминим бор. Ёш Алишер йигитлик пайтида бир қизни жуда қаттиқ севган. Бироқ, билиб қўйингки, у кўп гапириладиган, драмаларда, киноларда тасвирланган афсонавий Гули эмас. Гули образини ХХ аср ёзувчилари Иззат Султон ва Уйғун ҳалқ орасида юрган мифологик ривоятлардан фойдаланиб, яратганлар, холос. Навоийнинг севган қизи – дўсти ва султони, темурийзода Ҳусайн Бойқаронинг жуфти ҳалоли бўлган. Буюк шоирнинг қалбидаги муҳаббат шунчалик кучли бўлганки, у севганининг васлига етолмагач, умуман уйланмасликка қарор қилган. 
 – Бундай қарор чиқаришга қандайдир асос бўлиши керак-ку! Назарингизда, у қандай мушоҳадаларга таяниб, шу фикрида то умрининг охиригача собит қолган? – сўради, савол берган қизнинг ёнидаги дугонаси.                           
  Мен жилмайдим. Бу саволга жавоб бериш учун Ҳазрат Навоийнинг вужудига кириб кўришим керак эди. Мен руҳимни тарих қаърига юбориб, Ҳазрат Навоий вужудига жўнатдим. У оний тезликда информация олиб қайтиб келди. Бу ишим, албатта, залда ўтирганларга кўринмади ва билинмади ҳам. Шошилмай гапира бошладим.   
  – Буюк шоир нафақат адабиёт оламида яшаган, шунингдек у тасаввуфни ҳам ўрганган. Қалб сифатларини, унинг Яратганимиз билан узвий боғлиқлигини билган. Биласизми, бу дунё шунақаки, ҳар бир балоғатга етган йигитга борлиқ унга энг мос қизни рўпара қилади. Буни – “А” режаси дейлик. Агар, ана шу йигит ва қиз қандайдир ташқи кучлар таъсирида бир-бирлари билан оила қуролмасалар, борлиқ яна бир вариантни таклиф қилади. Бу эса – “Б” режаси. Бу режаларнинг орасида жуда катта фарқ бор. “А” режаси бўйича турмуш қурганлар ўта бахтли, тинч-тотув, барча орзу-ҳавасларига эришиб яшайдилар. “Б” режаси бўйича оила қурганларнинг бахти ўртача бўлади. Улар ҳам орзу-ҳавасларига эришадилар, ниятларига етадилар, аммо, “А” режаси бўйичага нисбатан пастроқ поғонада турмуш кечирадилар.    
 – Айтингчи, – гапимни шартта бўлди учинчи қиз, у жуда бўяниб ва охирги расм бўйича кийиниб олганди, – Бу икки режа амалга ошмаган тақдирда, ёшлар бошқача вариантларда оила қурсалар, бўлаверадими?   
 – Албатта! – дедим мен. – Бу ахир ҳаётдаги вазифамиз-ку! Биз ўзимиздан зурёд қолдиришимиз керак. Аммо, оилавий турмушдаги бахт даражаси янада пастроқ бўлади. Биласизми, ҳар қандай йигит ҳозирги ҳаёт шароитида минглаб қизларни учратади ва аксинча қизлар ҳам қадамларида турли-туман йигитларни кўрадилар. Инсон қалби тоза бўлса, унинг ўзи маълумот беради. У ўзига идеал равишда мос келадиган кимсани кўрса, дилида фикр уйғонади: “Мана шу қизга уйлансанг, бахтли бўласан!” Ёки, “Шу йигитга ўзингни бағишласанг, катта бахтга эришасан!” Лекин, сиз бу фикрларни бошқа, шайтоний васваса билдирган маълумотлар билан адаштириб қўйишингиз керак эмас. Масалан, у айтиши мумкин: “Бу қизнинг отаси катта амалдор! Уйлансанг, еганинг олдингда, емаганинг орқангда бўлади!” Худди шундай васаваса қизларга ҳам хабар беради: “Бу йигит – топармон-тутармон. Сени турли кийим-кечакка, тилла тақинчоқларга тўлдириб ташлайди. Отаси – миллионер!”  Аммо, бу гаплар иблис пичирлашими ёки тоза қалб садосими, буни ажратиш ўзингизга ҳавола! 
 Залга сокинлик чўкди. Китобхонлар ҳаёлан нималарнидир таҳлил қилишарди. Орқароқдан бир йигит қўл кўтарди. 
   – Гапиринг! – дедим мен.   
   – Ахир, тўқ-фаровон яшаш бахт эмасми?      
  – Бу бахтнинг бўлакларидан бири, лекин асосийси эмас. Сиз, икки ё уч  қаватли хусусий уйида истаган овқатини олиб еётган, истаган кийимини кияётган, истаган машинасини ҳайдаётган одамлардан “Бахтлимисиз?, Соғмисиз?” деб сўранг. Тўқсон тўққиз фоизи дардини тўкиб солади, ҳаётидан нолийди.    
  Биринчи савол берган, унчалик бўянмаган қиз яна қўл кўтарди.  
 – Мен ўз саволимга қониқарли жавоб ололмадим. 
 – Ҳа, айтгандай! – хитоб қилдим мен. – Саволингизга жавоб бундай. Ҳазрат Навоий – буюк даҳо! Туркий ва форсийда шунча кўп пурмаъно асарлар битганки, бу асарларда шунча кўп сўзлар ишлатганки, сўз бойлиги бўйича жаҳон тарихида ўтган на ғарбдаги, на шарқдаги ижодкорларнинг ҳеч бири унинг олдига яқинлаша олмайди ҳам. Уларнинг энг зўрлари ҳам анча орқадалар. Бундай даҳо кимса ўз олдига шундай улкан вазифалар қўйганки, оилавий бахтсизлик ҳолатида бу ишларни қила олишига кўзи етмаган. Уни хаттоки, “Б” режаси ҳам қониқтирмаган. У аниқ билган – фақат “А” режасидагина ёнида улкан бахти ва ҳаммаслак ёрдамчиси бўлади. Агар, ёнида уни тўлиқ тушунмайдиган, унар-унмасга ғиш-ғиша қилаберадиган рафиқа турса, ёзувчи буюк ижод қила оладими? Нима деб ўйлайсиз?.. Тушунарлими?
 Залда қарсак янгради. Мен жилмайиб қарсаклар тинишини кутиб турдим.   Шу пайт иккинчи қиз ҳам қўл кўтарди.  
 – Қандай саволингиз бор? Айтинг! – дедим мен.    
 – Ўша, Навоий севиб қолган қизнинг исми қандай бўлган?     
 – Мен сизга айтардим-ку, лекин айрим тарихчиларингиз, адабиётшуносларингиз менга қарши қаттиқ ҳужумга ўтишлари, мени бўлар-бўлмас хатоларда айблашлари, мени дорга осишни талаб қилиб қолишлари мумкин.   
   Савол берган қиз шумгина экан. Дарҳол, ўйлаб ҳам ўтирмай, сўз қотди. 
– Сиз, хусусий фикрингизни айтинг. Биз ҳам уни мутлоқ тўғри жавоб деб қабул қилмаймиз! Бу – биринчидан. Иккинчидан эса, бизнинг даврда дорга осишмайди.   
   Жиддий ҳолда жавоб бердим. 
 – Мен буни мажозий маънода айтдим... Тарихни ўрганиб, турли мақола ва ҳужжатли асарларни ўқиб, шу фикрга келдимки, у қизнинг номи Хадичабегим бўлган. 
  Залдан беихтиёр хитоблар янгради. “Хадичабегимми? Наҳотки?!.. ”                    
   Мен гапимни давом этдирдим. 
 – Адабиётшунослар, тарихчилар ва ичингиздаги кўпчилик ҳам биладики, Алишер Ҳиротда туғилган. Отаси Ғиёсиддин Кичкинанинг боболари қатор йиллар мобайнида темурийларга амирлик қилиб келганлар. Шунинг учун, Навоий ҳам улғайгач, Ҳиротдаги темурийлар саройида хизмат қилган. Бу даврда султонлик Буюк Амир Темурнинг набираси Абу Сайид Мирзо қўлида бўлган.  Мутахассислар ҳануз бир воқеанинг сабаби тўғрисида баҳслашадилар. Яъни...
  Унчалик бўянмаган қиз гапимни бўлди.  
– Мен биламан. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ёзиб қолдирганки,  «Билмайман, не жарима ва сабаб билан султон Абу Сайид Мирзо сарой амири бўлмиш Навоийни Ҳиротдан жўнатди. У Самарқандга кетди».    
 – Сен жуда ўқимишли экансан! – жилмайдим мен.   
 – Жони дилим Навоийни ўрганиш! – хитоб қилди у. – Шунинг учун, саволлар бераяпман-да!       
 – Хуллас, ўша йилларда, аниқроғи 1465 йилда, борлиқ Алишер билан Хадичабегимни тўқнаштиради. Натижада, икки ёш бир-бирларини севиб қоладилар. Навоий севгилисига атаб шеърлар ёзади, унга уйланишни режалаштиради. Бироқ, ҳаётда фақат яхши инсонларгина эмас, балки одам шаклидаги шайтонлар ҳам мўл. Улар Алишерга ҳасад қилишарди: ҳам шеърлар, ғазаллар битиб, ном чиқармоқда, ҳам хон саройида буюк амирларнинг бири! Ўша инсоннусха иблислар дарҳол Навоийнинг севгисидан хабар топадилар. Ҳамда, вақтни беҳуда кетказмай, Хадичабегимнинг гўзаллиги ҳақидаги ғазалларни Абу Сайид Мирзо қўлига топширадилар. Ва унга уқтира бошлайдилар: “Онҳазрат! Бундай гўзал қиз фақат сизга муносиб! У бетовфиқ шоир ҳаддидан ошмоқда. Сизга лойиқ парини илиб кетмоқчи!” Натижа маълум: Султон Абу Сайид Мирзо гўзал Хадичабегимни ғунча сифатида ўз ҳарамига олдиради. Ва тушкунликка тушган шоир ва амирга Ҳиротни тарк этишни буюради. Навоий таскин излаб шоир Абдураҳмон Жомийга мурожаат қилади. Жомий эса уни Самарқандга, Хўжа Аҳрор Валий ҳузурига бориб, тариқат илмини ўрганиш ҳаракатига ундайди. Чунки, у ёшлигида, аниқроғи 1451-1456 йилларда нақшбандия муршидларидан бири Саъдиддин Қошғарийдан бу тариқат сирларини ўрганганди. Ўзи ҳам, Қошғарий вафот этгач, Хўжа Аҳрор Валий ҳузурига бориб, нақшбандияни кенгроқ ўрганишни мўлжаллаб юрганди. “Бу иш икки томонлама фойдали, – дейди у. – Бир томондан, севги азобинг камаяди, иккинчидан ҳаёт фалсафасини чуқур ўрганасан!” 
  Ўша, билимдонлик қилаётган, унча бўянмаган қиз яна луқма ташлади.   
 – Навоийда яна бир имконият бўлган-ку! Ҳусайн Бойқаро темурийлар тахти учун курашда ғолиб чиқиб, сарой ҳарамини ҳам ўзиникига қўшиб олаётганда, Амир Алишер дўстига айтиши мумкин эди-ку: “Шу аёлни мен севаман, уни менга бер!”, деб. Нега шундай демаган?        
 Бу саволга жавоб менда йўқ эди. Аёллар эркак дилини чуқур англай олармидилар? Лекин, мен ҳар қандай саволга жавоб бера оламан, деб ваъда қилганман. Шунинг учун, руҳимни яна тарих қаърига, Ҳазрат Навоийнинг вужудига жўнатдим-да, ундан информация олиб, жавоб бера бошладим.    
– Амир Алишер буюк инсон Хўжа Аҳрор Валийга мурид тутиниб, нақшбандия тариқати сирларини ўрганди ва юқорида айтилган “А” ва “Б” режалари тўғрисидаги хулосаларга келди. Сўнг, дўсти Ҳусайн Бойқаро билан елкама-елка туриб, тахт учун курашда ёрдам берди. Ниҳоят Хуросон тахти эгалланди. Ўшанда Навоий яна Хадичабегимни учратди. У билан суҳбатлашди. Ва бу ҳурилиқонинг умуман ўзгариб кетганлигини ҳис этди. Ҳарамда яшаш ушбу гўзалнинг қалбини жароҳатлаб улгурган экан. У аввалги тоза гул эмас эди. Умуман бошқа инсонга айланиб қолибди. Алишер ёшлигидаги севгилисининг кўнглида очкўзлик, юлғучлик ягона ҳукмрон бўлиб қолганлигини аниқ ҳис қилди. Хадичабегимнинг ягона орзуси қандайдир шоир Амир Алишер ёнига қайтиб, ҳаммаслак дўст ва севгили бўлиш эмас,  балки, ҳар ёққа қўл узатса етадиган султон Ҳусайн Бойқарога қонуний хотин бўлиб олиб, давру даврон суриш экан.  Шунинг учун, Ҳазрат Навоий ўз дўстига юрак сирларини баён этмаган.   
  – Мана, ниҳоят, энди ҳамма нарса тушунарли бўлди. Сизга катта раҳмат! – қувониб сўз қотди ўша қиз.   










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот