Касалликни пулга сотиб олмайлик!


     Ўспиринлик – нозик давр. Бу даврда ўсмирлар организмида психофизиологик ўзгаришлар, биокимёвий жараёнлар жадаллашган палла бўлади. Улғайиб бораётган ўғил-қизлар ўтиш даврида ўз организмида содир бўлаётган ўзгаришлар олдида бироз шошиб қолишади. Келажакларига таъсир қилувчи нотўғри қадам босиб қўйишади. Вояга етмаган йигит, ҳатто қизлар қўлида тамаки кўриб, ачинасан киши... Бунга ким сабабчи экан? 

     Биринчи ўринда инсоннинг ўзи сабабчи. Шу боис ёшларни ўтиш даврида қўллаб-қувватлашимиз, тўғри йўлни кўрсатишимиз лозим. Бу вазифа аввалло ота-оналар, устозлар, кейин маҳалла-кўй, атрофдаги одамларга боғлиқ. Ёш новданинг қўлидаги сигаретни кўриб туриб ҳам парво қилмайдиганлар кўп. Бир тарафдан улар бир нима дегани ҳам чўчишади. Чунки аксарият ёшларга танбеҳ берсангиз, юзингизга сапчийди...

Иккинчидан эса ёшларнинг бу ишга қўл ураётганига айрим “ишбилармон” сотувчилар ҳам айбдор.

     Ахир вояга етмаганлар тамаки маҳсулотини осмондан олишмайди-ку! Айрим дўкон, бозор ва автобус бекатларидан қўним топган “тадбиркорлар” пул ишлаш илинжида, тамаки харидорининг ёшига ҳам эътибор беришмайди. Пулини олишадию, “мол”ларини сотишади. Ахир “бировнинг боласи” деб, бефарқ бўлиш жиноят эмасми?

 

1.Бир йилда дунё бўйлаб тахминан 5 млн. аҳоли тамаки истеъмол қилиш оқибатида ҳаётдан эрта кўз юмади.

2.Бугунги кунда сайёрамизнинг 1,3 млрд. аҳолиси чекувчилар сафига киради.

3.Дунё бўйлаб чекувчилар ўртача 12-14 ёшда биринчи маротаба тамаки маҳсулотини татиб кўришади. Камдан-кам ҳолларда 9-10 ёшлилар ҳам учрайди.

4.Тамаки етиштириш плантациялари апельсин ёки банан етиштириш майдонларига бемалол тенг кела олади.

5.Ҳар бир актив чекувчи ўртача ҳисобда ўз умрини 10-18 йилга қисқартиради.

6.Ливан давлатидабошқа давлатларга қараганда чекувчилар кўпроқ.

7.Охиригача ўчирилмаган сигарет ҳар йили минглаб инсонлар соғлиғига зарар келтиради, ҳатто хаётининг зоминига айланади.

8.Ўзбекистон аҳолисининг ҳар бирига йилига 317 дона сигарет тўғри келади. Бу борада 121 давлат орасидан 96-ўринда турибмиз.

9.Ҳар куни дунё бўйлаб 3000 дона мактаб ўқувчиси сигаретниилк маротаба чекиб кўради.

 

 

Мавзу юзасидан ҳамюртларимиздан фикр олишга киришдик.

 

“Айбни яшириш учун сақич ва ифор”

Гўзал Мираипова, Тошкент архитектура-қурилиш коллежи 2-босқич ўқувчиси:

— Коллеж ва мактаб ўқувчилари орасида чекувчилар етарлича.  Ачинарлиси, уларнинг сафи фақатгина ўғил болалардан иборат эмас...Менинг фикримча уларбу йўлга қизиқувчанлик, иродасизлик ва атрофдагиларнинг таъсири боис қадам босишади. Баъзилари эса олифтагарчилик учун тамаки истеъмол қилишади, кейин эса буни одатга айлантиришади. Одатлардан воз кечиш эса, қийин иш.

Айримлар ота-оналар фарзандлари бу каби номаъқул ишга қўл ураётганларидан хабар топгандан сўнг уларни койийди ҳам, аммо улар яширинча сигарет чекишда давом этишади. Яна тамакининг “ҳушбўй” ҳиди кийимларида қолмаслиги учун эҳтиёт чораларини ҳам кўриб қўйишади: сақич чайнашади, атир сепишади.

 

“Кўкйўталми ёки “сил”?

Санжар Шодиев, актёр ва режиссёр:

     — Ўзи, сигаретни соғлиққа зарарлиги хамма ерда гапирилади, ҳатто тамаки маҳсулотининг қадоғида ҳам унинг организмимизга қанчалик зарарлиги айтиб ўтилган. Лекин кўпчилик учун бунинг аҳамияти йўқ. Менимча сигаретларни ўйлаб топилган ном билан эмас, улар келтириб чиқарадиган касалликлар номи билан аташ керак. Масалан “Вабо”, “Сил”, “Кўк йўтал” каби номлар (Кулади). Шунда ҳаридорлар дўконга кириб “Сигарет борми?” деб сўраганида, сотувчи “Ҳа, бор. Қайси биридан берай? “Кўк йўтал”ми, “Сил”ми?”, дейди. Менимча шу йўл билан ҳам сигарет чекувчилар сафини янада қисқартирса бўлади. Чунки ҳар сафар сигарет сотиб олганда кўз олдимизга ўша касал ва унинг аломатлари келади. Ўзингиз ҳам чириб қолган ўпкани бир тасаввур қилиб кўринг-а... Тўғриси, ёшлигимданмасу, бироқ ҳозирги кунда онда-сонда сигарет чекиб тураман. Айни дамда бу одатдан воз кечишга қарор қилганман, тез орада буни уддасидан чиқаман деган умиддаман.

“Ғирт бало экан!”

Матёқуб Матчонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

     Ҳозирги пайтда нафақат ёшларнинг балки катталарнинг чекишига ҳам муносабатим жуда ёмон. Чекиш ўта ёмон иллат экан. Очиғи ўзим ҳам чекаман. Биринчи бор 17 ёшимда пахтага борганимизда тамаки татиб кўрганман. Курсдошларим “чекиб кўр энди”, деб, таклиф қилишган, мен ҳам иродасизлик қилиб, уларга қўшилганман. Мана ўша-ўша ҳалигача сигарет чекаман. Бу одатни ташлашга кўп уриндим, аммо юқорида ҳам таъкидлаб ўтдим, бу экан, ҳалигача воз кеча олмадим. Ҳозирги ёшларга маслаҳатим, вақтинчалик олифтагарчиликни деб гулдек умрларини ҳазон қилишмасин. Авваллари ўсмирлар орасида чекувчилар камроқ эди, чунки бизнинг даврда ёшлар кўпроқ ўқиш билан банд бўлар эди. Ҳозирги кунда эса ёшларни чалғитадиган нарсалар, машғулотлар, жойлар кўп.

 

Чекувчилар “сотиб оладиган” касалликлар орасида кўпроқ учрайдиганлари:

  • Ўпка саратони
  • Ошқозон саратони
  • Ошқозон яраси (Язва)
  • Юрак томирлари касаллиги
  • Қорасон (Оёқ гангренаси)
  • Инфаркт
  • Сил
  • Атеросклероз
  • Аёллардаги наслсизлик ёки ҳомила тушиб қолиши
  • Кўриш қобилиятининг сусайиши, айрим ҳолларда бутунлай кўр бўлиб қолиш
  • Псориаз (Хавфли тери касаллиги)

     Ёдда тутинг: фарзандимиз қизиқиш учун чекиб кўришидан аввал унга эринмай бу нарсанинг зарари, хунук оқибатларини қайта-қайта тушунтиришимиз керак ва албатта, биринчи галда ўзимиз ўрнак бўлишимиз керак.

  

ГЎЗАЛ тайёрлади.