Болалардаги қўрқув: сабаб ва оқибатлар


«Ўғлим ҳамма нарсадан чўчийверади...»


— Икки фарзандим бор, катта ўғлим 9, кичкинаси эса 5 ёшда. Катта ўғлим ўзига нотаниш туйилган ҳамма нарсадан чўчийверади. Бу одати ёши катта бўлгач йўқоладими?

Назира, уй бекаси, Тошкент вилояти. 

Илҳом ҲОЖИБОЕВ, психолог:


— Бола ҳаётида учрайдиган барча қийинчиликларни вақт ўтиши билан босқичма-босқич мустақил равишда енгиб ўтиши мумкин. Лекин қўрқув борасида бундай хулоса чиқариб бўлмайди. Боланинг бирор нарсадан қаттиқ чўчиши натижасида келиб чиқадиган ҳис-туйғу унинг фантазияси, ижодий тасаввури шаклланиши билан бирга ривожланиб бориши мумкин. Масаланинг яна бир томони борки, боланинг ҳеч нарсадан чўчимаслиги ҳам ижобий ҳолат эмас. Чунки бу бола ҳаётига ёмон таъсир этувчи хавф-хатарлар ҳам келтириб чиқариши мумкин. Бундай болалар назоратсиз қолганда баланд деворларга чиқиб кетиши, чўмилиш мақсадида ўзини анҳорга ташлаши, ёввойи ҳайвонлар, судралиб юрувчиларга яқин боришлари ҳам ҳеч гап эмас. Бу эса кўнгилсизликларни келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам қўрқув, аниқроғи, эҳтиёткорлик боланинг хавфсизлигини таъминловчи ҳимоя механизми сифатида намоён бўлади.
   Боланинг кучли қўрқиши унинг руҳиятида эмоционал жароҳат қолдиради, ҳатто салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Натижада болада кўзини тез-тез пирпиратиш, дудуқланиш, бошқалар билан муносабатга киришишга қийналиши, ўзига нисбатан ишонч ҳиссининг йўқолиши, баъзан агрессия кузатилиши мумкин.
   Кўп ҳолларда ота-оналар болага таъсир ўтказиш, айтганларини бажартириш учун оқибатини ўйламай “энг осон” йўлини танлашади, яъни қўрқитишади. Агар бола ўзини муносиб тутмаса, масалан, ўйинчоқларини йиғиштирмаса, вақтида ухлашга ётмаса, ота-оналарнинг овозларини баландлатиб гапиришлари, бақиришлари, бирор нарсадан маҳрум бўлишдан, қоронғиликдан, ёлғизликдан қўрқиш ҳиссини келтириб чиқарувчи “Элдор келса, ҳамма ўйинчоғингни унга бериб юбораман”, “мультфильм кўришга рухсат бермайман”, “етрўлага қамаб қўяман”, “бир ўзингни ташлаб кетаман”, “гапларимга қулоқ солмасанг ўлиб қоламан” тарзида гапириши, жисмоний жазо беришлари унда қўрқув ҳосил бўлишининг асосий сабабларидан.  Бу уларни узоқ йиллар таъқиб этиши мумкин.
   Буюмлар ва ўйинчоқлар бола учун тирикдек бўлиб қолади. Катталар ёнида бўлганида, бола ўзини хавфсиз ҳис этади. Аммо катталар кетиши билан унда ишонч ҳисси йўқолади, мавжудлик ва ўйлаб топилган дунё орасидаги чегара жуда мустаҳкам бўлмайди, бола кўпинча тўқима образлар ва ҳақиқатни аралаштириб юборади. Ана шунда турли-туман қўрқувлар пайдо бўлади. 

«Уч фарзандимда уч хил қўрқув»

— Ҳамшира бўлиб ишлайман. Икки ўғил ва бир қизим бор. Катта ўғлим 14 ёшда, у қоронғиликдан қўрқади. Ўртанчам эса 11 ёшда,  у акасига нисбатан анча дадил, лекин 7 ёшида оёғидан ит тишлаб олгани учун, итлардан қўрқадиган бўлиб қолган. Бу қўрқув ёши катта бўлгани сари кучайиб бормоқда. Кенжатойим 5 ёшда, у сувдан жуда қўрқади. Туғилганида бундай қўрқув ҳисси йўқ эди, сўнгги икки йил ичида ўз-ўзидан пайдо бўлди. Нима қилсам, болаларим бу ҳиссиётдан халос бўлишади? 

Заҳро, Тошкент шаҳри.
 
Илҳом ҲОЖИБОЕВ, психолог:

— Бу оддий қўрқув деб аталса-да, аслида жиддий эътибор қаратиш керак бўлган нотабиийлик, яъни фобиядир. Фобиянинг турлари кўп: ёпиқ жой, баландлик, қоронғилик, ёлғизлик фобиялардир. Фобия — бола руҳиятининг меъёрдан ташқари патологик ҳолатидир.
   Агар бола қоронғиликдан қўрқса ва қоронғи хонага киришни рад этса, уни зўрламанг. У билан биргаликда хонага кириб, тинчлантиринг, бағрингизга босиб ҳеч нимадан қўрқмасликни тушунтиринг. Каравотига яқинроқ  жойга чироқ ўрнатинг. Бола кириши биланоқ чироқни ёқади ва бу билан қўрқувини енгиб ўтишни ўрганади.
   Итдан қўрқувчи болага юмшоқ кучукча ўйинчоқ ёки турли зотли кучукларнинг фотосуратли тўпламларини олиб бериш керак. Бу итга нисбатан қўрқув ҳисси йўқолишига ёрдам беради. Итлар ҳақида ижобий эртакларни сўзлаб бериш ҳам болада қўрқув йўқолишига сабаб бўлади.
 Сувдан қўрқиш нафақат болалар, балки катта ёшдагиларда ҳам учрайди. Болани чўмилтиришдан аввал, ваннага сув тўлдиринг ва ёрқин рангдаги турли резина ўйинчоқларни сувга ташлаб қўйинг. Ваннада сузиб юрган ранг-баранг ўйинчоқларни кўрган болада сувга нисбатан қўрқув ҳисси бир мунча пасаяди. Сўнг бироз вақт ўтгач сузиш спортига қатнаштиришингиз ҳам ижобий натижа бериши мумкин.

Қўрқувни бартараф этиш учун 6 қоида 

   Фарзанди  қўрқувини енгиб ўтишни истовчи ота-оналар қуйидаги  қоидалар билан танишишлари фойдадан холи бўлмайди. 

Оилавий низолардан йироқ тутинг

  Ҳамма оилада ҳам эр-хотин ўртасида тушунмовчиликлар бўлиб туриши сир эмас. Болалардаги қўрқиш ҳиссининг келиб чиқишининг асосий сабабларидан бири — оилавий низолар. Катталар ўртасидаги низоли вазиятлар, баланд овозда жанжаллашиш болага кучли психологик таъсир ўтказади. Ота-оналарнинг фарзанди олдида ҳиссиётларини жиловлашлари муҳим. 
 
Меҳр беринг

  Оилада кейинги фарзанд туғилгач, ҳамма эътибор унга қаратилади. Катта фарзанд эса кўпинча танқид остида қолиб кетиши, ҳамма “тарбиявий чоралар” унга қаратилиши мумкин. Бу унда ўзига нисбатан ишончсизлик уйғотади. Имкон қадар уни ҳам яхши кўришингизни айтиб, рағбатлантиринг, хатти-ҳаракатларингиздан беътибор эмаслигингизни ҳис этсин.
 
Кўмаклашинг ва тушунтиринг

  Агар бола ўзининг нимадандир қўрқаётганини айтса, демак, унга сизнинг кўмагингиз керак. Боланинг қўрқуви қанчалар беозор кўринмасин, унинг устидан кулманг.   Нималардан қўрқаётган бўлса ўша  ҳақида унга батафсил маълумот беришдан эринманг. Токи бу нарса қўрқишга арзимаслигини билсин. Ўзингиз болалигингизда нималардан қўрққанингиз ва буни қандай бартараф қилганингизни сўзлаб беринг. Барча одамлар нимадандир қўрқиши ва бу меъёрий ҳолат эканлигини тушунтиринг. 

Диққатини чалғитинг

  Агар бола қўрққан бўлса, уни бирон бир иш ёки ўйин билан чалғитинг. Кўтаринки кайфиятни таъминлашга ҳаракат қилинг. Боладан жуда кўп нарсани талаб қилманг. Сизнинг ҳаддан ортиқ талабчанлигингиз ёки тез-тез жазолашингиз боланинг руҳияти учун ортиқча юклама бўлади ва бу ҳам қўшимча қўрқувларни юзага келтириши мумкин.

Кўпроқ бирга бўлинг
     
   Инсон руҳиятини жунбушга келтирувчи телекўрсатувлар томоша қилиши ёки компьютер ўйинларини ўйнашини қатъий назорат остига олинг. Шунчаки чеклаш ўрнига буларнинг ўрнини босувчи бошқа оилавий машғултлар ҳақида бош қотиринг. Масалан, бола билан биргаликда расм чизиш ёки китоб ўқиш ҳам унда ижобий ҳис-туйғулар шакллантиришнинг муҳим омили ҳисобланади.  
 
Эртак айтиб беринг

  Охир-оқибатда  барча қийинчиликларни бартараф қилиб, ҳар қандай қийинчиликларни енга оладиган қаҳрамонлари бор эртаклар   айтиб беринг. Уларда  имкон борича ваҳимали жумлалар ишлатманг, салбий қаҳрамонларнинг қўрқинчлилик даражасини ошириб юборманг. 

 Ёдда тутинг: 

  Фарзандингиз Сиздан буни сўрамаса-да, ҳамиша  ёрдам беришингиз ва қўллаб-қувватлашингизга эҳтиёж сезади!  

ГУЛНОЗ тайёрлади.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот