Сойиб Хўжаев (1910 — 1982)


   Сойиб Хўжаев 1910 йил 5 Декабрь (айрим манбаларга кўра 5 Май) куни Андижон  вилоятидаги  Хонобод  қишлоғида, Худойназар ҳожи ака хонадонида таваллуд топган.  11 ёшида  отасидан етим қолиб, акаси Хўжаназарнинг қўлида  катта бўлган Сойибжоннинг болалиги осон кечмади. Аммо барча муаммоларни сабр-бардош билан  енгган бўлажак санъаткор болалигиданоқ ҳазил-мутойибага, томоша ва ҳангомаларга ўч бўлиб ўсди.
   1921 йили Юсуфжон қизиқнинг халқ анъанавий театри билан илк учрашуви  Сойибжонда катта таассурот қолдирди. Унинг ўзи ҳам аслида кўрган-билганларини биродарларига  ўзидан бир оз қўшиб, жонлантириб, қизиқарли тарзда айтиб бериш ва шу орқали  ҳаммани кулдириш қобилиятига эга эди. 1927 йили  Ҳамза раҳбарлигидаги Қўқон театри Ғулом Зафарийнинг  “Ҳалима” спектаклини  кўрсатадиган  пайтда соқов хизматкор  роли учун бир бола керак бўлиб қолади.  Ўша вақтлари театрда хизмат қилаётган  Миршоҳид  Мироқиловнинг нигоҳи кўзлари  ёниб турган йигитга тушди-да, уни ролга санаб кўриш учун имлайди. Сойибжон  ролни  маромида ўйнаб бергани учунми, спектаклдан  сўнг Ҳамзанинг ўзи  Миршоҳид  акага қараб: “Мана сизга ҳам муносиб шогирд топилди”, деган экан кулиб. Санъатнинг сирли ва машаққатли оламига шу тариқа кириб келган Сойиб Хўжаев    кейинчалик бор умри  ва меҳрини  мана шу  соҳага сарфлади. Тинимсиз меҳнат, кузатувчанлик  билан ҳаётни ўрганиш   ўз самарасини  бериб, у секин-аста театрнинг маҳоратли актёрлари сафидан муносиб ўрин эгаллади. 
   1928-1939 йилларда Андижон мусиқали драма театрида  ижод қилди. Актёр “Маликаи Турандот”да Труфальдино, “Ўртоқлар”да Соли домла, “Бой ила хизматчи”да Холмат каби кўпроқ комик ролларни зўр маҳорат билан ижро этиб мухлислар олқишига сазовар бўлди. 
   Сойиб Хўжаев 1939 йилдан бошлаб, ўзининг кейинги 43 йиллик фаолиятини Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида давом эттирди. 1943 йилда устози М.Мироқилов саҳнага қўйган “Майсаранинг иши” комедиясини Фатҳулла Умаров билан ҳамкорликда қайтадан саҳналаштирди. Дастлабки спектаклда ўйнаганидек, бу гал ҳам Мулладўст ролини ўзи ижро қилди.  Актёр театрда  саҳна  кулгиси, сатира ва юмор воситаларини  яхши ўзлаштирди. Унинг ижросида “Беш сўмлик келин”да Муҳсин кар (1942й), “Полтавали Наталька”да Микола (1943й), “Аршин мол олон” да Вали (1949й), “Нурхон”да Ҳузурхўжа (1952й), “Равшан ва Зулхумор”да Эрсак (1957й), “Ўн иккинчи кеча”да Сэр Тоби (1969й) сингари образлар бетакрор талқинини топди. Актёрни  халққа танитган  ва юксак  маҳорат  билан  ижро этган   роллари  орасида адиб Ҳамид Ғулом ва бастакор  Манас Левиевнинг “Тошболта ошиқ” асари алоҳида ўрин тутади (1961й).  Мазкур асарнинг  кўп йиллар давомида  саҳнадан  тушмаган. Театрда у 1500 марта ижро этилган. Актёр Тошболтани ҳар сафар янгича  бир талқин,  ўзгача  қирра билан  ижро этгани бор ҳақиқат. 
   Сойиб Хўжаев 1927-1979 йиллар давомида 30 га яқин  бадиий фильмларда суратга тушган. Актёр ўзининг 72 йиллик умри давомида барчага  баробар кулги, хурсандчилик улашиш орқали санъат шинавандалари  кўнглини забт этди.
    Сойиб Хўжаевга 1939 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони берилган. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот