Замонавий тиббиёт ва табобат олимаси


 

Бугунги кундаги муҳим ва долзарб муаммолардан бири - инсон соғлигини тиклаш ҳамда ҳимоя қилиш чора-тадбирларига қаратилган масалалар юзасидан замонавий медицинани ривожлантиришга ўзининг салмоқли улушини қўшиб келаётган  профессор, биолог, "Антик дунё" Халқаро илмий Академиясининг табиби Шоҳида Султонованинг ноанъанавий табобат йўналишида олиб бораётган ишлари билан танишамиз. 

     Ўзининг кўп йиллик изланиши ва  ҳаётий тажрибалари  асосида Ибн Сино таълимоти, шунингдек, Осиё мамлакатлари халқ табобати йўналишидаги  илмий ишларининг натижаси ва бу соҳага қўшган ҳиссаси кўпгина юртдошларимизнинг ўз дардларига шифо топиш имконини берди.

     Айниқса,  энг оғриқли масалалардан бири - саратон касаллигини даволаш ва унга керакли табиий гиёҳлар ҳамда табиий омиллар орқали таъсир ўтказиб, саратон тўқималарини ўлдириш ва унга қарши курашувчи бактерия ва хужайраларнинг  фаоллигини оширишдаги саъй-ҳаракатлари жуда юқори даражада ўз самарасини берди.

     Унинг илмий ишлари инсон иммунитетини кўтариш, шунингдек, кексайиб бораётган тўқима ва ҳужайралар фаоллигини қайта тиклаши натижасида инсон организмидаги турли касалликлардан фориғ бўлиш имконини яратди. 

      Ошқозон озиқланиши натижасида йиллар давомида тўпланган  тош ва туз ва бошқа ёт унсурларнинг танадан жарроҳлик амалиётисиз чиқариб ташлаш, танани табиий йўл билан тозалаб, шундан сўнггина даволашни йўлга қўйишни  тарғиб қилди.

     “Мен бу янгиликларни ўзим ихтиро қилганим йўқ. Йиллар давомидаги изланишларим натижасида халқимиз орасида йўқолиб бораётган ноаанънавий усулларни чуқур ўрганиб, уларни таҳлил қилиш,  қолаверса, Буюк олим ва табиб  Ибн Синонинг бошқа давлатларда сақланиб қолган қўлёзмаларининг қўчирмаларидан фойдаланиб, ўз тупроғимизда ўсаётган доривор гиёҳларнинг ҳусусиятларини ўрганиш оқибатида бирмунча ютуқларга эришдим. Қолаверса, табибларнинг авлодлари  орасида сақланиб келинаётган айрим муолажаларга илмий жиҳатдан ҳам ёндошишдим.

     Айниқса, тупроқ таркибидаги доривор ҳусусиятлар мени қизиқтириб қўйди. Бундан ташқари, бугунги кунда деярли унутилаёзган кўпгина анъаналарни чуқур ўрганишга астойдил бел боғладим. Буларнинг замирида қандайдир ҳақиқат борлиги мени ўзига жалб қилди. Қарангки, бу борада эшитган айрим одамларга кулгили ёки бидъатдек бўлиб туюлган бу анъаналар, аслида, илмий жиҳатдан ўрганилганда, аждодларимиз ҳақ бўлишгани ўз тасдиғини топди. Лекин илмий ишларимда кўрсатилган манбалар ва мисолларни ҳозирча номма-ном санаб ўта олмайман. Имкони бўлса, бу ҳақда кейинроқ батафсил айтиб бераман", - дея ваъда берди  профессор Шоҳида Султонова.

     Шоҳида Султонованинг ноанъанавий услубдаги муолажаларидан энг дастлабки ва асосийси, у беморларни даволашдан  олдин уч кун давомида очлик ёрдамида, соддароқ қилиб тушунтирганда, уларга олма шарбати ҳамда доривор гиёҳлар дамламаси истеъмол қилдириб, сўнг зайтун ёғи ҳамда лимон шарбати бериб, ични ортиқча ахлатлардан тозалаш услубида, яъни ички организмда тўпланган ёт унсурлардан тортиб, тош ва тузларни ҳам тушириб юбориб, кейин даволаш муолажаларини бошлар экан.

     Шоҳида опадан олма шарбати билан берилаётган гиёҳлар дамламаси нима учун кераклигини сўраганимизда, олима ички аъзоларда йиғилган тош ва тузлар қанчалик  катта–кичик бўлмасин, чиқарилаётганда  ортиқча хавф туғдирмаслик учун қўллашини, мазкур дамлама ўша унсурни эритиб, танани мўътадил ҳолатга келтирган ҳолда чиқарув йўллари орқали осон чиқиб кетишини  таъминлашини, бу усулни Ибн Синонинг қўлёзмасидаги кўчирмадан ўқиб ўрганганлигини таъкидлади.

- Беморларни даволашдан олдин бу усул нима учун қўлланилади? Бусиз даволашнинг иложи йўқми?

- Одам ўз ҳаёти давомида озиқланиши жарёнида ҳазм бўлмай қолган туз, тош ва бошқа унсурлар организмдаги қон айланиш тизими мўътадиллигини бузади. Пировардида, бошқа аъзолар фаолияти сусайтирибгина қолмай, турли без, шиш ва бошқа касалликлар ҳам келиб чиқиши мумкин. Буни сизга оддий мисол тариқасида тушунтириб берай. Агар эътибор берган бўлсангиз, ёшлигингизда ўзингиз кўрган дарё ёки ариқнинг ёнига бориб, айни даврда кузатсангиз, ўша сизга бир пайтлар таниш бўлган дарёнинг ҳажм жиҳатдан торайганлигини ёки ариқнинг бутунлай йўқ бўлиб кетганлигининг гувоҳи бўласиз. Йиллар давомида оқаётган сувдан келаётган  турли ахлат ҳамда бошқа  жисмлар қирғоққа ёпишиб, ўрнашиб қолиш сабабли,  ирғоқ торайиб бориши, ариқ эса умуман йўқ бўлиб кетиши эҳтимолдан холи эмас. Бурунги замонда дарёдан тўлиб оқаётган сув суғориш ерларига етарли бўлган бўлса, эндиликда ўзаннинг торайиши боис, сув танқислиги келиб чиқиши, ернинг ҳосилдорлиги камайиши кузатилишига шоҳид бўларсиз, эҳтимол. Ёки сувсизликдан мутлоқ қурғоқчиликка айланиб,  ўша ерларни шўр боса бошлайди. Одамнинг қон томирларини ҳам шунга таққослаш ўринлидир. Дарё - баайни шоҳ томири бўлса, ариқ юрак қон-томирлари демакдир. Демакки, инсон вужуди ҳам ер каби тирик, табиий манбадир. Модомики, биз танани тозаламасдан олдин даволаш жараёнини бошласак, натижа тўлиқ равишда ўз ифодасини топмаслиги аниқ.

     Яна бир бошқа мисол келтирсам. Билагингизга резина кийдиринг ёки боғланг. Қон айланиши қисилиб, бармоқлар  фаолияти сусаяди ва ўша жойда шиш ҳосил бўлади.

      Фараз қилинг, касаллигимиз сабабли шифокорга мурожаат қилдик ва таҳлилу ташхисга кўра, жигар, буйрак ёки ўт пуфагида тош ё тузлар борлиги аниқланди.  Энди шу унсурларни қўлингиздаги резина деб тасаввур қилсак, қисилиб, шишиб, ҳаракати сусаётган бармоқларни сизнинг ички аъзоларингизга қиёсласак бўлади. Ички аъзолар фаолияти бузилиши сабабли танадаги аъзолар касалланиши, чунончи, кўз хиралашиши, қулоқнинг оғирлашишидан тортиб, қон босими ошишигача сабабчи омил бўлади. Шунинг учун, дастлаб, ҳар бир  касалликни  чуқур ўрганиб чиқмасдан туриб, унга таъсир ўтказиб бўлмайди. Бугунги кунда саратон дея ваҳимали тус олаётган иллатнинг ҳам келиб чиқиш сабабларидан бири шунда. Шунингдек, инсон вужуди турли мижозларга бўлиниши, айнан мижозга қараб муолажа қилиш ҳам энг муҳим омилдир. Аммо шуни унутмаслигимиз керакки, инсон соғлигининг энг муҳим гарови - тўғри овқатланиш ва вақтида дам олишдир.

     Суҳбатимиз жараёнида, аслида оддийдек бўлиб кўринган, бироқ бунинг асоратларидан келиб чиқаётган оғир хасталикларни ҳам даволашда олима аёлнинг ўз иш услуби борлигига амин бўлдик. Опанинг олдига қўйган мақсади -  замонавий тиббиёт соҳасини табобат илмига уйғунлаштириб, Ўзбекистонда замонавий медицина мавқеини оширишга ўз ҳиссасини қўшиш ва юртдошларимиз даволангани чет элларга эмас, балки чет элликлар тарихдан маданияти ва илм ўчоғи буюк бўлган Ўзбекистонимизга келиб даволаниб кетишларига имкон яратишдир.

     Шунингдек, яқинда "Ассалом, Ўзбекистон" кўрсатуви орқали Шоҳида Султонованинг бошқа қирраларини ҳам билиб олдик.

- Сизнинг биолог табибликдан ташқари, рассом, дизайнер, шоира ва рассом, қолаверса, ЎзЛидеп партияси фаоли ва бошқа вазифангиз бўлатуриб, бу ишларга қандай улгурасиз? Ҳаммасини эплашда қийналиб қолмаяпсизми?

- Менинг асосий мақсадим, аввало, халқимизнинг фаровонлиги  ва истиқболи йўлида ўз ҳиссамни қўшиш. Инсонлар соғлигидан тортиб, юрт фаровонлиги йўлида  Президентимиз - Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг тинимсиз, шиддатли ҳаракатларини кўриб, юртимизнинг ҳар бир ватансевар фуқароси бу вазифаларга ўз ҳиссасини қўшишига имкон яратилди. Шундай экан, бу тинч юртимиз истиқболида кечаю –кундуз меҳнат қилсак арзийди.

     Мен албатта, ҳар бир вақтимни олдиндан режалаштириб оламан. Сиз айтган бошқа билимларим ҳаммаси уйғунлашиб, ҳар бир ишимни пухта бажаришга имкон беради. Атрофимдаги фидойи, ватанпарвар инсонларнинг ҳаракатларини кўриб, куч ва шижоатим янада ортади.

 

- Авлодингизда шифокор ё табиблар ўтганми? Тиббиётга қачондан бери қизиқа бошлагансиз?

- Ҳа бобом жуда кучли табиб бўлган экан. Энам раҳматли ҳам гиёҳлар билан муолажа қилар эди. Онамнинг миллати уйғур.  Она авлодимда шифокору табиблар кўп бўлганлиги сабабли, болалагимдан медицинага қизиққанман. Лекин афсуски, врач бўлолмадим. Аммо Андижон давлат Университетини биология факультетини тамомладим. 1990 йил катта қизим сариқ касал бўлиб қолганди ва касаллик оғир кечган. Ўшанда қизим бир табиб чолнинг дориси билан шифо топган эди. Шу сабабли табобатга қизиқишим ортди. Доривор гиёҳларни ўрганишга 1980 йилларда-ёқ, яъни мактабда ўқиб юрган вақтларимдан қизиққанман ва табобатга оид китобларни мутолаа қилганман.

- Профессор унвонини қайси илмий йўналиш бўйича ва нечанчи йили олгансиз?

- Бу илмий ишим 2006 йили "Доривор гиёҳлар ва уларнинг хусусиятлари" мавзусидаги диплом ишим сабабли бошланган. Бу соҳани чуқур ва мукаммал ўрганишга астойдил киришдим. Ўша йили Москва шаҳрига бориб, у ерда ҳам "Народная медицина", яъни халқ табобати йўналишларини ўргандим. У ерда кўпгина олим ва мутахассислар билан бирга ишладим.

     2013 йил Ўзбекистонга қайтиб келиб, мазкур соҳа бўйича илмий изланишларда бўлдим. 2016 йили "Антик дунё" Халқаро Илмий Академиясининг Профессор унвони ҳамда ордени билан тақдирландим. Шунингдек, Академиянинг табиблик фаолиятимни тасдиқловчи  гувоҳномаси ҳамда сертификатига эга бўлдим. Бугунги кунда "Қадимий ноананавий табобат сирларини қайта тиклаш ва ҳаётга татбиқ қилиш, тупроқ таркибидаги доривор ҳусусиятлар " мавзусидаги илмий ишимни бошлаб, Республика кимё олимлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз.

- Яқинда китобингиз тақдимоти бўлиб ўтган эди. Шу бугунгача нечта китобларингиз чиқди ва улар қайси мавзуларни ўз ичига қамраб олган?

- Илк китобим "Тафаккур қаноти" нашриётида чоп этилган "Меҳрим чашмаси" номли шеърий тўпламим.

     Иккинчи китобим ҳам шеърий тўплам бўлиб, "Мен ўзбек онаси" деб номланган.

     Яна илмий ишларим асосида "Қадимий ноанаънавий табобат сирлари" дея аталган китобим ҳам таҳлил ва таҳрир қилиниб, нашрга таёрланмоқда. Унда асосан, табобат сирлари ва йўқолиб бораётган анъанавий усулларни замонавий медицинада қўллаш ҳамда такомиллаштириш тўғрисида фикрларимни илмий асосда муфассал баён қилганман .

Москва шаҳрида илмий иш билан бир қаторда тадбиркорлик билан ҳам шуғулланиб, хусусий "Домашний уют" корхонасини очганман. У ерда ижобий ютуқларга эришиб, Халқаро кўргазмаларда ҳам иштирок этишга, Мақтов ёрлиқлари ҳамда мукофотлар олишга муваффақ бўлганман. Россия матбуотида ўзбек тадбиркор сифатида олиб борган ишларим ёритилган..

2013 йил Андижонда "Ҳамкор Стимул Сервис" МЧЖни ташкил қилиб, "Ташаббус" кўригининг энг яхши инновацион ғоя номинацияси учун танлов ғолиби бўлганман.

- Оилангиз ҳақида маълумот бериб ўтсангиз. Фарзандларингиздан бирортаси Сизнинг фаолиятингизни давом эттиришаяптими?

- Дадам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маориф аълочиси Рахимберди Султонов 1997 йил вафот этган. Онам Артикова Хайринисо нафақадаги собиқ шифокор. Турмуш ўртоғим 2000 йили вафот этган. Иккита қизим бор. Каттаси архитектор, оилали, уч нафар фарзанди бор. Кичик қизим банк соҳасида коллежни битириб, ҳозирда Москва шаҳридаги ишимни давом эттирмоқда. У ҳам турмушга чиққан, икки нафар фарзанди бор.

- Мароқли ва мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Илмий ишларингиз ва ижодингизга омад тилаб қоламиз. Веб сайтимиз мухлислари ва фойдаланувчиларига тилакларингиз?

-  Аввало, юртимиз доимо ҳозиргидек тинч бўлсин. Ҳамиша юксакларга интилиб яшайлик.  Бизнинг Ўзбек халқимиз азалдан ўз номи билан ўзи ўзига бек халқ бўлиб келган. Ҳаммамиз имкон қадар янгиликларга ва тараққиётга интилиб яшайлик . Барчага улкан зафарлар ва юксак марраларни тилайман!

 

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.