Гўштхўр болалар


 
-Кичкина ўғлим яқинда уч ёшга тўлади. Овқатидаги гўштни емай ажратиб ташлайди. Буни кўрган қайнонам болага чақалоғлигидан гўшт берганингизда шундай қилмас эди, деб танбеҳ берадилар. Шу тўғрими?

Гулбаҳор Ҳошимова, Бухоро вилояти.  

     Кўпинча ёш боласи бор оналар тиши йўқ одамчаларига фақат сут ёки шунга ўхшаш бўтқаларни тайёрлаб беришга одатланишган. Бу унчалик ҳам тўғри эмас. Гўдак организмида у ёки бу фойдали моддага танқислик бўлмаслиги учун уни хилма-хил овқатлантириш зарур. Бола рационига ўсимлик ва мол маҳсулотларини киритиш жуда муҳим. Баъзиларини ўзингиз тайёрлашингиз, бошқаларини эса пиширилмаган ҳолда беришингиз мумкин. Бундай бирикмалар туфайли махсус бойитилган маҳсулотларга бўлган зарурат йўқолади. 

Бир ёшдан сўнг балиқ маҳсулотлари
   Балиқ бола танасини йод моддаси билан таъминловчи ҳақиқатан ҳам жуда қимматбаҳо ва фойдали маҳсулот. Шунинг учун ҳафтада бир марта фарзандингиз балиқ истеъмол қилгани маъқул.Бола овқатидан ёғларни бутунлай чиқариб ташлаш ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Яхшиси колбаса, шоколад ва печеньеда "яшириниб” ётган ёғлардан қочган маъқул. Сариёғ ва ўсимлик мойи жуда фойдали, аммо уларни чекланган миқдорда истеъмол қилдириш керак. 

     Кичкиналигида гўштни умуман ёқтирмайдиган болалар ҳам бўлади. Бу вақтинчалик. Аммо шуни унутмаслик керакки, бир ёшгача гўдакда суяк ва мускуллар ривожланиш палласи бўлади. Пойдеворни мустаҳкам қилиш учун микроэлемент ва витаминларга бой бир парча эт жуда муҳим.      

Вазира ҲОШИМОВА тайёрлади.