ШИШИРИЛГАН ЛАБЛАР, ЧИЗИЛГАН ҚОШ ВА УЛАМА КИПРИКЛАРГА КЎНИКИБ ҚОЛАЯПМИЗ...


   Яқинда фейсбук ижтимоий тармоғида интернет фойдаланувчиларидан бири ўз саҳифасида қолдирган “Замона зайли билан чиройли қизларнинг ҳуснига ҳам ишониб бўлмай қолди...” деган фикрга кўзим тушди. Буни ҳазил тариқасида айтилган, аммо аччиқ ҳақиқат замирида ётган иқрор дейиш мумкин. Ўзбек хотин-қизлари нафақат ибо-ҳаёси, андишаси, балки табиий чиройи билан азалдан мақталиб, мадҳ этиб келинган. Афсуски, бугунги кунда табиий чирой билан кифояланиб қолаётганларга нисбатан замондан орқада қолган, деган ошкора нописанд қараш пайдо бўлган. Бу тушунча айниқса, шоу-бизнесда ижод қилаётган хотин-қизлар орасида кенг ёйилганидан ҳар қадамда уларнинг табиийликдан йироқ, ясама гўзаллиги акс этган суратларига дуч келадиган бўлиб қолдик. Энrг ёмони, бу тоифадаги юлдузлар кўпчиликни, айниқса ўсиб келаётган ёшларни сохталикка, сунъийликка ўргатиб, кўниктириб қўяётганидир. 
   Ахир мухлислар орасида уларга махлиё бўлиб, хусну жамолини мақтаб, олқишлаётганлар, хатто салкам гўзаллик маъбудасига айлантириб қўйяётганлар камми? Ха, машҳурларимизнинг очиқ-ойдин ғарб юлдузларига эргашаётгани сир эмас. Аммо бизникилар ўз тақлиди билан хорижлик ҳамкасбларини йўлда қолдириб кетаётганига нима дейсиз?
   Оддийгина мисол, айни пайтда барча телеканалларда намойиш этилаётган турк сериалларида роль ижро этган актрисалар билан ўзимизнинг киноюлдузларни бир таққослаб кўринг: шиширилган лаблар, сунъийлигини беш метр узоқда туриб ҳам сезиш мумкин бўлган улама киприклар ва чизилган қошлар кимда? Албатта ўзимизникиларда!
   Сиз ҳам эътибор берган бўлсангиз, турк актрисаларининг ҳатто айримлари татуаж у ёқда турсин, қошини термаган. Яна бир аччиқ савол туғилади: кийинишу муомала-муносабатда, яшаш тарзида европалашиб кетган турк хонимлари ўзининг табиий гўзаллиги билан дунёни маҳв эта олаётганда, нега бизнинг актрисалар сохта гўзалик таъсирига бу қадар берилиб кетишмоқда? 
Ситора Азизова - "Бекажон" газетаси ходимаси.
2017 йил.