ЭРИМНИ ПУЛГА АЛМАШТИРДИММИ?


   Умр йўлдошим билан Самарқандга борганимизда, шу ресторанга албатта кириб ўтамиз, чунки кавоблари жуда мазали. Бу сафар ҳам шу ердан ўтиб кетаётиб таомланмоқчи бўлдик. Ёнимиздаги столда ўтирган аёлларнинг бутун зални тўлдириб кулдириши эътиборимизни тортди. 

   Стол устида бири бўшай деб қолган икки шиша ароқ турибди. Аёллардан бири официантга буюртма бераётиб эркалик қиляпти. Юзлари мастликдан қизарган аёлларнинг гапларидан ҳайрон қолдим. "Укагинам, жоним мани, тезроқ қимирланг, бўлмаса севги изҳор қиламан-а?!”, дейди аёллардан бири. Даврадаги аёллар эса хандон отиб кулишади. Тушунаман, бу ҳазил, аммо эримнинг жаҳли чиқаяпти. Зимдан назар солдим, бир аёл кўзимга иссиқ кўринди. У ҳам менинг нигоҳимни сезиб тикилиб қолди. Бироздан сўнг ўрнидан туриб мен томон юра бошлади. 

   "Мени танидингми?” - Сенсирашидан менга яқин одам, лекин эслолмаяпман, деган хулосага келдим.

- Синфдошинг, Санобарман!

- Э... яхшимисан? Болаларинг яхшими?

   Узоқ сўрашишлардан сўнг бир-биримизга манзилларимизни бериб, эртасига унинг уйида кўришадиган бўлдик...

   Данғиллама, икки қаватли чиройли иморатга кирдим. Синфдошим жуда бойиб кетибди. Кечаги шаддод аёлларга мос тарзда эркаклардек жўшиб дастурхон безабди. Бирин-кетин қизлари чиқиб келишди, кўришдик. 

- Узатиладиган бўлиб қолишибди-ку? 

- Ҳа, совчи кўп. Биласан-ку, отаси Кореяда деб қўшнилар ҳам, эшитганлар ҳам келаверишади, ҳаммага ота-онаси чет элда ишлайдиган келин керак. Каттамни узатдим, шукр. 

- Турмуш ўртоғинг Кореядами?

- Ҳа.

- Қачондан бери? 

- Саккиз йилча бўлиб қолди...

- Келиб-кетадими ахир?

- Қанақа келиб-кетиш? Келса қайтиб бора олмайди. 

- Соғинмайсанми? - дедим кулиб.

- Соғинаман, нима қилай?.. Ҳаёт шунақа. Битта менинг бошимга тушмаган бу кўргулик. Кечаги дугоналаримнинг ҳаммасида шу аҳвол. Эрлари хорижда. Айримлари хиёнат ҳам қилади, менга ўхшаганлар эса чидаб яшайди. 

- Эрингни пулга алмаштирибсан-да!..

- Нима?

   Синфдошим мендан бундай гапни кутмаган шекилли, узоқ тикилиб қолди...

- Тўғри айтасан, пулга алмаштирибман эримни. Болаларимнинг тўйида қатнашолмаса, керакли пайтда ёнимда туролмаса, онам оламдан ўтдилар, у йўқ эди. Кечалари ёлғизмиз. У ҳам, мен ҳам...

- У ҳам деб ўзингни юпатяпсанми? Сени яхши кўрса бундай узоқ вақтга ташлаб кетмасди, қўй бекорчи гапларни. Демак, у ерда хотини бор. Қайси эркак саккиз йил хотинсиз яшайди? Ўйлаб гапиряпсанми?

Орага узоқ давом этган сукунат чўмди. 

- Иморатим бор, машинам ҳам бор, уч йилдан кейинўғлимни уйлантирамиз, ана ундан кейин эрим қайтади. Уч йил бир зумда ўтиб кетади. Ана ундан кейин мазза қилиб бирга яшаймиз.

- Қариганингдан кейинми? Умрингни, гўзал ёшлигингни шу ҳашамга, болаларингнинг тўйига хазон қилдингми? Хафа бўлма, лекин бу ҳаёт эмас!

- Ҳамма-ҳаммаси болаларимиз учун!

- Эй дугонажон болаларинг ота меҳрини кўрмай, дийдорига тўймай катта бўлишяпти. Отасиз улғайди ҳисоб. Бир марта келамиз дунёга! Наҳотки бирга яшашдек бахтдан кўра пул афзал бўлса? 

- Балки сен хақдирсан, пешонамга ёзилган қисмат бу. Мен бари-барига чидаб яшаяпман. Аёл киши эрсиз яшаши мумкин, бу фожиа эмас! Меҳр эса... телефонда, скайпда ширин сўзини эшитаман ва шу билан кейинги қўнғироқни орзиқиб кутиб яшайман. Айрим дугоналаримга ўхшаб ўйнаш орттирмадим. Эримнинг ҳалол пулини олиб ҳалол яшадим. Бунинг нимаси ёмон? Ўлса нима қилардим, худди шундай ёлғиз яшардим. Мен ҳаетимдан розиман. Еганим олдимда, емаганим ортимда, битта аёлга яна нима керак? Битта тўшакми, қўпол қилиб айтганда!

   Синфдошим билан хайрлашар эканман, бир қарашда нега кўрганимга атиги олти йил тўлган бўлса-да, танимаганлигимнинг сабабини билдим: у анча қарибди...

   Мен бундай ҳаёт тарзини тушунмайман. Балки мен худбиндирман? Лекин ҳаёт бир бор берилади, ундан лаззат топиб яшаш керак. Бир бурда нон есанг ҳам, бир хонали уйда фарзандларинг билан тиқилиб яшасанг ҳам, ёнингда суюкли ёринг бўлсин. Болаларим отасининг дийдорига тўйиб яшасин "Меҳр кўзда” дейдилар. 

   Бу борада ҳар кимнинг ўз фикри бўлса ажаб эмас. Лекин бир бор яшаймиз-ку, дийдор ғанимат эмасми?.. Танганинг иккинчи томони ҳам бор, оч қоринга эр сиғармиди, деган хаёл хам миямда чарх ура бошлади... 

Мадинабону ОДИЛЗОДА. 

   Психолог фикри: Отанинг оиладан узоқда яшаши болаларга ва аёлга салбий таъсир қилиши мумкинми?  

Психолог Лола Ҳакимова:  

-Келинг, баландпарвоз гапларни четга суриб ҳаётга реал қарайлик. Ўзбек уйим-жойим дейди, уй қуради. Қарз олиб бўлса ҳам тўй қилади, чиройли яшашни истайди. Боласининг қувончи учун ҳаракат қилади, айтайлик, соғлиги учун таоми сифатли бўлсин, дейди. Биз учун бу нарса жуда муҳим. 

   АҚШ психологи Абрахам Маслоу ўзининг эҳтиёж пирамидасини тузган. Унинг пирамидасида биринчи ўринда моддият туради.

1. Инсон учун биринчи ўринда физиологик эҳтиёж муҳим яъни соғлик, қорин тўқлиги, уйқу.

2. Иккинчи ўринда эса ҳимоя эҳтиёжидир. Хавфсизлик, барқарорлик. 

3. Муҳаббатга бўлган эҳтиёж учинчи ўринга тушиб қолган. 

4. Тўртинчи ўринда ҳаётда ижтимоий ўрин эгаллаш эҳтиёжи.

5. Бешинчи ўринга маънавий эҳтиёжни қўяди. 

   Демак, Маслоу пирамидасига асослансак, биринчи навбатда инсон маблағ топиб овқат, кийим-кечак, уй-жой эҳиёжини қондиради. Кейин эса "қорни тўйгач”, у юқори туйғулардан бири яъни муҳаббат ҳақида ўйлай бошлайди.

   Ҳар бир инсон ўзини ҳар қандай вазиятга мослаб яшаши мумкин. Аммо доимий "бири кам дунё” ибораси унинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади ва у ёлғизланиб қолади. Доимий ёлғизлик туйғуси эса соғлигимизга зарар етказади ва унинг асорати касалликларга сабаб бўлади. Оқибатда юрак хасталиклари, бош оғриқлари, уйқусизлик пайдо бўлади.

  Шуни унутмаслик керак-ки, ҳаётда ҳамма нарса инсоннинг ўзига боғлиқ, хамма нарса инсоннинг ўз қўлида. Агар эр ва хотин ўртасида кучли муҳаббат бўлса, улар албатта бирга бўлиш йўлларини излайдилар. 

   Фарзандлар масаласига келсак, улар учун улғайгани сайин меҳрибон ота пул бериб турадиган банк картасига айланиб қолади. Пул, албатта, қандайдир эҳтиежни қоплар, лекин фарзанд билан ота ўртасидаги руҳий ришта йўқолади. Ота фарзанд тарбиясида ва унинг ҳаётида иштирок эта олмайди, вақт ҳамда масофа орага совуқчилик туширади. Тўғри, қорин оч бўлса муҳаббатнинг нима кераги бор, дейдиганлар кўп. Бир нарсани унутмайлик: ҳаёт жуда қисқа, дийдор эса ғанимат.  

   Наманган шаҳри "Ғойибберди МАХДУМ” жомъе масжиди имом хатиби Иброҳим ҚОСИМХЎЖАЕВ "Эр ва хотин узоқ йиллар давомида бирга яшамаса, орага талоқ тушадими?” саволига қуйидагича жавоб берди:

- Эркакнинг энг асосий вазифаларидан бири - бу оилани боқиш. Оилани боқиш мақсадида азал-азалдан эркаклар узоқ сафарларга кетишган. Шундай экан, оилани ойлар ёки йиллар давомида ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Токи эр "Талоқ қилдим” иборасини айтмагунча, эр ва хотин орасига талоқ тушмайди. Саксон йил алоҳида туришса ҳам, шу аёл эркакнинг маҳрамидир, яъни хотини бўлиб қолаверади. 

Сўнгги пайтларда телефон, хат ёки телефонда смс тарзида талоқ бериш одати ҳам учраяпти. Агарда эр ҳақикатдан шу сўзни ёзган ёки айтган бўлса, эр- хотин орасига талоқ тушади.  

   Гинеколог Саодат ШАЙНАЗАРОВА "Аёл ва эркак ўртасида йиллар давомида жинсий алоқа бўлмаса соғлиғига зарар етиши мумкинми?” деган саволга жавоб берди:

-Бу борада биронта тиббий адабиётда маълумот берилмаган ёки олимлар томонидан ўтказилган тадқиқотлар ҳақида сўз юритилмаган. Шу туфайли шифокорлар бу саволга аниқ жавоб бера олишмайди. Орамизда кўп йиллардан буён ёлғиз яшаётган бева аёллар бор. Кўпчилик гинеколог-шифокорлар фикрича, бу менталитетга ва тарбияга боғлиқ. 49 ёшгача бўлган аёлларда гармон ишлаб чиқаргани боис жинсий алоқага майл яъни хоҳиш бўлиши эҳтимоли бор. Бу ёшдан кейин эса фақат темпераменти кучли аёллардагина эркак билан яқинлик қилишга рағбат бўлиши мумкин. Аёл ва эркак бир-биридан кўп йиллар мобайнида узоқда яшаса, аёлнинг жаҳли тез чиқиши мумкин, лекин бу ҳолат ҳаммага ҳам таъсир этавермайди.


Манба: "Сабо" газетаси. 2017 йил.