ТОНГ ҲАҚИДА ЁЗГАН ШЕЪРЛАРИМ


Умида АБДУАЗИМОВА

ТОНГ ҲАҚИДА ЁЗГАН ШЕЪРЛАРИМ

ТОНГ

Ассалом, тонг!
Бизларни
Чарақлатиб кўзларни,
Беталофот уйғотдинг,
Ҳаёт чўғига отдинг.
Қалбларимиз қўрлансин,
Қалб қалбдан ғурурлансин.
Куч-қувватин қилмай ҳайф,
Иймонланиш қандай кайф!
Дунё тинчлик шъуридан
Ҳидоятнинг нуридан,
Баҳра олсин ҳотиржам,
Бўлайлик бир тан, бир жон.
Ибодатга лиқ тўла,
Соғлик  кириб бир йўла,
Ҳонадонда барака,
Ҳисобли тўй, маърака.
Гўзал иймон, тоза қалб,
Хайрли умр тилаб,
Шукр ва зикрда тил,
Отавер тонг, муттасил!

ТОНГ ОТМОҚДА

Тонг отмоқда, тун эса
Кетмоқда ойи билан.
Қоп-қорайиб, безовта
Тўлғонган сойи билан.
Чирилдоқ чигирткалар,
Эртакчи еллар билан.
Хурков кўршапалаклар,
Қоронғу йўллар билан.
Тонг отмоқда, тиниққан
Жилваларин сочмоққа.
Минг бир ўйда униққан
Рангларимни очмоққа.
Мен орзулаб кутганим -
Тонг билан табриклайман.
Ёмонлик тиланса ким,
Уйқусизлик тилайман!

ТУНАШДИ

Бугун мени тунаб кетишди,
Катта-катта гуноҳларимни.
Чунки мени ғийбат этишди,
Тушунмасдан дил оҳларимни.
Завқланишди ортимдан кулиб,
Иғволари шилиб кетди дард.
Ҳеч ким улар сўзини бўлиб,
Айт ўзига, демади, бўл, мард.
Бу тунашдан қолдим  бехабар, 
Билсам, дердим раҳматларимни.
Билиб-билмай улар шом, саҳар,
Олиб кетди  заҳматларимни.

АССАЛОМУ АЛАЙКЎМ!

Аллоҳ зикри ва шукри
ила бошлайман тонгни.
Кўрай, кўр кўриб, букри
тикланган гўзал  онни!
Мен Уни эслаганда,
эслаганим билар У.
Қалб ечим излаганда,
ишим енгил қилар У.
Ёлғиз буюк паноҳдан,
мағфират сўрайдирман.
Тавба қилиб Аллоҳдан,
ўзгасин кўрмайдирман.
Ҳар бир нарса қўлингда,
дейман, ишим келсин ўнг.
Ҳаммага дей йўлимда:
Ассалому алайкўм!

ТОНГ ТИЛАГИ

Ўзлигини уйғонганлар
қилсин намоён.
Ғаниматдир гўзал онлар,
боқмангиз қаён.
Такрорланмас ҳар бир жонга
ким қандай ёқар?
Тўқсон ёшли онам  тонгга
жилмайиб боқар.
Ўзгаларнинг  ҳаётини
тафтиш қилманг, - дер,
Уларнинг куй, баётини
майли, билманг, дер.
Мўминликнинг аъмолидир
ширин сўзингиз,
Ҳасад – умр заволидир,
англанг ўзингиз.
Тизгинсиз ўй, ёмон хаёл
ёпишмасидан,
Ўзни қўлга олинг хиёл,
дер, ҳаммасидан!
Билиб бўлмас  бегоналар
дардин устидан,
Ҳабардорлар бўлиб олар
каму кўстидан.
Куч ва қувват бугунги кун
учун сарфлансин,
Майда даҳмазалар якун
топиб қулфлансин.
Ортда қолган қилмишларни
эсламанг ҳадеб,
Кимга кечган  турмушлари
завқ берар, «ма!», деб?
Яқинларнинг хатоларин
юзга солмоқ, бас!
«Баҳтиёрлик адолари»
учун вақт етмас.
Ўзгалардан нафратланманг 
умр қисқадир.
Ҳар инсонга қалб очмоқ ланг -
ноҳуш қиссадир .
Ўзга ғамин ер, ҳар ишга
эй, зўр, қодирлар,
Ўтганларни тинч қўйинг!, - деб,
имлаётирлар.
Қилмангиз гул ҳаётингиз
беҳуда таҳир...
Қутлуғ ёшга онам бежиз
кирмаган ахир!

ТОНГ ҚУВОНЧИ

Оғирликни тарк этиб бедор,
Ухлаганлар уйғонсин хуррам.
Фавқулодда соғайсин бемор,
Ҳусн олиб малакдан, ҳурдан.
Хотиржамлик қуршаган кўйи,
Тор кўнгиллар кенгайсин тонгдай.
Эгилмасин қоматлар қуйи,
Малҳам бўлсин жонларга жондай.
Ким хафалик устида ухлар,
Кутиб олсин хурсандчиликлар.
Ким нотинчлик билан оҳ-вохлар,
Бартараф бўлсин камчиликлар.
Ётоқчилар кетсинлар юриб,
Қанот қоқиб, қуш каби енгил.
Сабр-тоқат мевасин териб,
Ҳаловатдан кийишиб энгил.
Кўрмасга кўз, карга эшитиш,
Умидсизга бўлсин умид бахш.
Ақл қўшиб ўссин ақл тиш,
Ҳар инсонга фаҳму дониш нақш.
Ёшми, бошми, ҳамма онгланиб,
Забонига маъно юклансин.
Жисман йиқилганлар ўнгланиб,
Руҳан йиқилганлар тиклансин!

ИСТАК

Ҳар тонг саҳифасин турсам варақлаб,
Кўзларим чарақлаб, кўнгил ярақлаб,
Сурасин сурувчи тўтиё билсам,
Қуръони Каримни тиловат қилсам!
Момом розин олмоқ учун қилиб аҳд,
Бобомнинг руҳи шод бўлсин деб беҳад,
Оятин такрорлаб юрмоқни одат,
Қилсайдим, ичрайдим ҳифзу ҳимоят!
Қуръони Карим дил ёритгувчидир,
Шайтон васвасасин аритгувчидир.
Жаннат эшикларин очувчи китоб,
Раббим томонидан айтилган хитоб.
Ҳоҳлаган вақт топар, 
           Ҳоҳламаслар важ,
Узилмоқ осон куй пардасида авж.
Қарисам, қартайсам...деб ортга сурар,
Менимча, оёқмас, оғизда юрар...
Каломинг енгил қил тилларимга, Раб,
Юрмайин беҳуда, беҳис тентираб.
Юракни юмшатар илоҳий калом,
Кўнгилни бўшатар ҳайратга салом!
Шеъримни ўқиса кимдир соғиниб,
Кўкларда учдим мен кўнгил чоғ қилиб.
Аллоҳнинг каломи - Қуръони Карим,
Паноҳбон инъоми - Қуръони Карим!
Ўқимоқ мумкинмас уни шунчаки,
Мўъжиза китоб, у муқаддас, 
Чунки
Бир ҳарфи ўзгармай  келгандир ғолиб,
Қиёматга қадар мўлжални олиб...
Мен ҳалос бўлайин ҳардам хаёлдан,
Ажратиб ризқланай ҳаром, ҳалолдан.
Ҳар кўнгил бутундир гар бўлса ярим,
Шифодир, сафодир Қуръони Карим!

ТОНГ  БИЛАН!..

Тонгингиз муборак, дўст,
Кунингиз бекаму кўст.
Кайфиятингиз аъло,
Иш, ўқишга мубтало!
Кайфият зўр бўлса гар,
Қумларни ҳам қилар зар.
Иссиқ кўриниб кўзга,
Ҳамроҳсиз ширин сўзга.
Яшарсиз олқишланиб,
Нигоҳларга ташланиб.
Кулган кўзга кулгу эш,
Ҳамма ишларингиз «беш!»
Ҳаёт, хаёл сизники,
Кулар кўз бол сўзники.
Яхшилик қонингизда,
Яхшилар ёнингизда.
Таъма, таъна билмассиз,
Араз, ғараз қилмассиз.
Ҳўмрайганни кулиб сиз,
Енгасиз дўст бўлиб сиз.
Ёмон ҳотирлар унут,
Дориси - вақт ва сукут.
Сиз жуда ҳам кўркамсиз,
Чунки сиз шод, ҳуррамсиз!
Тонгингиз муборак, дўст,
Ухлаб-ухламай дуруст,
Уйғотти тонги жаранг,
Қаранг, олам ранг-баранг!
Иссиқ ранглар ичра сиз,
Камингиз ўчира сиз,
Енгиллатиб хотира,
Бойман!,-деб яшаш зўр-а?!
Бойсиз - бутун  оёқ,-қўл,
Кўраяпсиз ўнгу сўл,
Ҳис  қиляпсиз, билиб ҳид,
Ўсмоқда фаросат, дид.
Оғриқ йўқдир вужудда,
Орзу - ният мавжуд-да!
Ҳаракатдасиз доим,
Кўз тегмасин илойим!
Ҳеч нарса бизникимас,
Нафас ҳам қарзгадир...
Бас!
Кайфиятлари зўр - ку,
Ҳаммадан кераги - шу!
Тонгингиз муборак, дўст,
Турдингиз ҳурсанд, дуруст.
Қуллуқ бўлсин тонгингиз,
Шод ўтсин ҳар онингиз!

БИЛДИНГИЗМИ?

Тонг отди, билдингизми,
Ибодат қилдингизми?
Ҳайру-эҳсон дуода,
Унутсангиз мабодо!
Яратганнинг висоли,
Ва жаннатнинг жамоли,
Учун яшанг жилмайиб,
Ҳаммада бор деб айб.
Ёмонликни қўйишга;
Яхшиликни туйишга;
Порлаб турсин кўзингиз,
Чорлаб турсин кўзингиз.
Кўз - кўнгилнинг ойнаси,
Кўнгил кулсин, ўйнасин.
Тонгни кутганлар илҳақ,
Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ!
Мол-дунё, синов, сийлов,
Мазаҳ, масҳара, чийлов...
Абадиймас ақл, онг,
Деб уйғотса тонг не тонг?
Уйқуга тўйиб бедор,
Соғайиб турсин бемор.
Тўхтамасин ер бирров,
Тушиб қолмасин биров...

НИЯТ

Тонг ёришмай кўчада 
Кетар биринчи одам.
Қайтар қаро кечада,
Жаннати менинг отам!
Ишхона - ишқхонамас,
Ё болалар боғчаси.
Юз ҳотирни тан олмас,
Ҳалол унинг ақчаси!
Бўлар - бўлмас майда гап,
Обрўсини ютмайди.
Конфет, кофе - бости тафт...
Порахўрлик кетмайди!
Топганлари тўйимли,
Бергандир баракасин...
Ким отамдек суюмли,
Ўтказиб маъракасин?!
Дейман, Аллоҳ неъматин
Ризқлантириб ҳалолан,
Саодат таъмин тотиб,
Аллоҳимга ҳаволан!

ТУН ЧЕКИНИБ

Тун чекиниб, оппоқ тонг
Яна юзин очдими?
Кеча ухлаган ҳамма
Бугун кўзин очдими?
Улғайдими бир кунга,
Мунғайдими ёки шод,
Кўнглида нима унинг,
Ҳурсандчилик ёки дод?
Уйғонганлар қувонсин:
Осмон ости, ер усти,
Уни олар паноҳга, 
Ён-верида ёр-дўсти.
Давру давронинг сур дер 
Она уй, ота макон,
Кам-кўстини тузатиш
Учун яна бор имкон.
Ҳашорот, ҳайвонот ҳам
Курашар ҳаёт учун,
Одамзотга орзулар
Берилар қанот учун.
Қанотингни қоқ қани,
Қулочингни ёйиб кенг,
Торга тордир бу дунё, 
Кенгга эса жудааа кенг!

ТАЪМ

Тонг отишда янглишмас,
Кун ботишда янглишмас.
Ўзга юртнинг қуёши,
Ойида ошим пишмас.
Масаллиғи жойида,
Чўп, ўтини пойида, 
Шарқираб оқар суви
Қувурида, сойида. 
Ўзбекча тандир қуриб,
Ёпган ноним еб туриб,
Йиғлаб юборай дедим,
Телевизорин кўриб.
Таъми тузиданмкан?
Арқоқ, бўзиданмикан?
Телевизори айтмас
Ўзбек сўзиданмикан?
Ўзга маконда ўсган
Айби, буғдойиданми?
Хавоси йўлин тўсган
Манзили, жойиданми?
Нон-тузини тотиниб,
Лаш-лушини ёпиниб,
«Худойим!», - деб яшайман,
Ўз юртимга топиниб.
Ўзга юртда шох бўлмай,
Ўз юртингда гадо бўл.
Хавосида бўғилмай.
Ҳавасида адо бўл.
Майли, бузилса ҳам шеър,
Қофияси, туроғи.
Бағрига олса, ҳузур,
Она юртим тупроғи!
«ТОНГИНГИЗ  МУБОРАК!»

     Шундай десам, доим шоир Рауф Парфини эслайман. Охирати обод бўлсин, суюмли шоиримизнинг!
   ...Ўшанда газетада чиқаётган бир шеър тақдирини сўраб, саҳарда қўнғироқ қилдилар. Гўшакни турмуш ўртоғим кўтардилар. Дабдурустдан катта шоирнинг янгроқ овози эшитилди: 
-Ассалому алайкўм! Тонгингиз муборак!
-Сизга ҳам муборак!
Сўнг телефонни мен қулоғимга тутдим:
-Ассалому алайкўм, Рауф ака!
« -Салом! Салом! 
Ваалайкўм ассалом!
Тонгингиз муборак!
Тонгингиз муборак, азизлар!...»

ТОНГ МУБОРАК!

Нақадар бахтлимиз, оппоқ тонг отди,
Тун тоғлар ортига судралиб ботди.
Уйқудан уйғондик шукр, ҳотиржам,
Гарчанд бўлган эди кўп хатолар жам.
Фойдали бўлсин денг, ҳар бир онимиз,
Соғ - омон яйрасин тану жонимиз.
Уйғониш бизга бир имкониятдир,
Покланмоқ чоғидир, бу - офиятдир.
Жонимиз олмади уйқу чоғида, 
Куйдирай демади гуноҳ чўғида.
Кечаги қилган ҳар хатомиз кечиб,
Уйғотди яратган: нуримни ич, - деб.
Ҳис қилиб бу неъмат, имкон ёрлиғин,
Қучайлик тозариш, иймон борлиғин.
Ассалом, ҳуш келдинг, хуш хайрли тонг,
Имконият муборак, қадрли ҳар он!

ЭРТА ТОНГ

Эрта тонгни кутамиз,
Янги кунни бошлаш-чун.
Қора тундан ўтамиз,
Қораликни  ташлаш-чун!
Қора чодир судралиб,
Кўзимиздан йўқолса!
Оқ либосга ўралиб,
Олам кулиб боқолса!
Айтинг, барча одамлар
Ёқимлими бир-биров?
Аслида азиз дамлар,
Одамлар бахтга гаров.
Аламингни келтириб,
Қалбинг кемирувчилар.
Завқ бериб, бериб фириб,
Озиб, семирувчилар.
Уйқу, таом ёки сўз
Зарбасидан тўйганлар.
Таниш, нотаниш, ёв, дўст,
Ёмонлигин қўйганлар...
Қанча яшаймиз, айтинг,
Тепишиб, ачоқлашиб?
Кўришайлик тонг пайти
Ўпишиб, қучоқлашиб.
Уйғотган Аллоҳга ҳамд,
Сизни соғиндим жуда.
Юрагим меҳрга банд,
Ҳаяжоним авжида...

ҲАР ТОНГ

Ҳар тонг қараб кўзгуга,
Табассум қилиб қўйинг.
Эҳтимол бу ўзгага,
Кулгудир, билиб қўйинг.
Ўзингизга ишончни
Ўстиради табассум.
Тушкунликлар қийғочми?
Тўстиради табассум!
Энг асосийси - шукр,
Шу дам, шу кўринишга.
Ўйчи ўй суриб фикр.
Қилгунча, қани, ишга!
Ёқимли қилинг кунни,
Табассумингиз каби.
Ўзига ишонганнинг
Ишончли бўлар гапи.

УМИД

Аллоҳ чизиб қўйгандир,
Ўзингизга мос ҳаёт.
Кимга мол-мулк уйгандир,
Кимга куй - қўшиқ, баёт.
Ҳаётда ишонч билан,
Яшанг, Аллоҳ билгучи.
Ўтганини кўнгилдан,
Англаб, зимдан қилгувчи.
Бол талабга берар бол,
Заҳар истарга заҳар.
Кимни довул, ким шамол,
Учирар шому саҳар.
Бошингизга келганин
Орқага ташлаб ўйланг.
Кўнглингиз тилаганин,
Орзулаб, яшнаб ўйнанг.
Ўзингизни тайёрланг,
Келар қўшалоқ бахтга.
Эшиклари очиқ ланг
Иззатли юмшоқ тахтга.
Кўнглингиз ҳоҳлаганин
Қилмоқликдан тийилинг.
Аллоҳ бериб, олганин
Қалбан чамалаб билинг.
Маҳрум бўлганларингиз
Сабабин билар Аллоҳ.
Тавба қилганларингиз
Ажрини берар Аллоҳ!

ЭРТАЛАБ

Эрталаб уйғонганда
Оғримаса ҳеч жойинг;
Эркалансанг Ватанда,
Пичоқ устида мойинг;
Ҳавотирдан ҳолисан,
Учиб юрмас дайди ўқ.
Шукр қилмай нолисанг,
Бундан ортиқ даҳшат йўқ!
               
Болаларга
ТОНГ

Гарчанд мен кичкинаман,
Сўзлашишни билмайман.
Хаёлан қичқираман:
Мен бошқа ухламайман!
Онажоним эшитар,
Овозимни шу заҳот.
Уйқуларим пишитар
Бешикдан қилар озод.
Кўксимдаги қўлим дер,
Ассалому алайкўм!
Энди чир айланмас ер,
Энди демас, кўзинг юм!
Бешигига қамалган,
Болалар уйғонишсин.
Еб бўтқасин, кашасин,
Дейишсин: Тонг яшасин!

ЭРТА ТОНГ

Эрта тонгдан умидлар қилдик,
Ҳаммагамас оппоқ тонг, билдик!
Ассалому алайкум,  эй,  тонг,
Яхши ҳабарлар келтир ҳар он.
Бу тун балки бедор яшабмиз,
Насиб экан,  дийдорлашяпмиз.
Ўтиб кетди саф-саф алафлар,
Қолган кунга айтдик шарафлар.
Яхшиликни кўрайлик яхши, 
Тирик жонзод ҳаётнинг нақши. 
Синовларда сийлов қаҳатмас,
Инсоф, виждон ухламаса бас!
Инсон бўлмоқ бахтга йўлланма,
Савоб амалларга қўлланма.
Меҳнатсевар, меҳмондўст элим,
Саховат ва ҳиммат ҳам -  илм. 
Азизларим,  кўрманг уқубат, 
Берсин сабр-тоқат, куч-қувват.
Турибсизми оёқда адл, 
Ер,  осмонга юзланинг дадил!
Ин шаа  Аллоҳ  яхши бўлади,
Қалбимизга қувонч тўлади.
Аллоҳимга саломларимиз,
Ҳамду сано каломларимиз!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот