НАВРЎЗ
Салим АШУР
НАВРЎЗ
Дилимизда баҳору
Тилимизда гавҳар сўз:
Хуш келдинг яна Наврўз,
Хуш келдинг яна Наврўз!
Онамни соғингандай,
Отамни соғингандай,
Соғиндим сени, гул сўз,
Хуш келдинг яна Наврўз,
Хуш келдинг яна Наврўз!
Чирой очди бойчечак,
Даладаги ой чечак,
Жаранглаб ҳаёт сочди,
Қалблар тугунин ечсак,
Қир ёпинди яшил бўз,
Хуш келдинг яна Наврўз,
Хуш келдинг яна Наврўз!
Синди аёзнинг тиғи,
Майса тешган қалқон ҳам,
Тинч ҳаётнинг ошиғи.
Дунёни уйғотади,
Болаларнинг қўшиғи:
“Эй тулпор, шамолдан ўз...”
Тўлди дилда каму кўст:
Хуш келдинг яна Наврўз,
Хуш келдинг яна Наврўз!
Катта ўчоқ қазайлик,
Дошқозонни осайлик,
Тўқ буғдойдан босайлик,
Қиш, совуқни унутиб,
Сумалакдан татийлик.
Юракни илитади
Қуёш – кўкдан боққан кўз.
Хуш келдинг яна Наврўз,
Хуш келдинг яна Наврўз!
***
НАВРЎЗ БУГУН
Қуёш қиздирди ерни,
Юрак қиздирди шеърни,
Шоир қиздирди элни,
Наврўз бугун, Наврўз бугун.
Осмонда оқ ранг булут,
Чўққини кўзлар бургут,
Далаларга кирди қут,
Наврўз бугун, Наврўз бугун.
Қирлар турфа турланар,
Арқон чўзиб турналар
Сафни сафларга улар,
Наврўз бугун, Наврўз бугун.
Ўсма ичди киприклар,
Дилдан дилга кўприклар
Солди чину ўтриклар,
Наврўз бугун, Наврўз бугун.
Супрада ийланди мой,
Сўқмоқдай буралди сой,
Уфқда қизарди ой,
Наврўз бугун, Наврўз бугун.
Келин-куёв ўтовда,
Эту суяк буровда,
Икки жон юрар овда...
Наврўз бугун, Наврўз бугун
Тапиллайди кўр элак,
Ун бўлак, кепак бўлак,
Билакни истар билак...
Наврўз бугун, Наврўз бугун.
Бойчибордай от келди,
Кўпкаридан зот келди,
Янгича ҳаёт келди,
Наврўз бугун, Наврўз бугун.
Бўйин чўзди ёш бўғин,
Юлдуз ташлади чўғин,
Офтоб қадади туғин,
Наврўз бугун, Наврўз бугун...
***
Бунча чуқур кулгичларинг бор.
Бармоқларинг... ўзингникими,
Шу қиш, шу куз, шу ёз, шу баҳор...
Бари-бари кўзингникими?
Кимлар севги қилмаган изҳор,
Кечикдим мен бу машғулотга.
Менга қара, илтимосим бор,
Жуда чуқур боқма ҳаётга.
Менга оғир бўлиши мумкин
Тароғингга бахш этилган бахт.
Бунга навбат кутади – сокин
Қанча-қанча ўрмону дарахт.
Кўзларингдан томчи ранг олса,
Яралади яна юз олам.
Чарақлаб гар жилмайиб қолсанг,
Юзта эмас, мингта десам – кам.
Секин шошиш, шошган асталик,
Нозик келиш, нафис кетиш, ор,
Хаста соғлиқ, соғлом хасталик,
Мен ва сендан бошқа кимда бор?
Кимда бордир девона юрак,
Сенда эрк бор, менда – ихтиёр.
Ошиқларинг... кўп бўлса керак,
Менинг сендан бошқа кимим бор?