ЭНДИ БАХТЛИ БЎЛАЙ, БИРОЗ ҚЎЙИБ БЕР


Каролин ЛАУРЕНТ, турк шоираси

ЭНДИ БАХТЛИ БЎЛАЙ, БИРОЗ ҚЎЙИБ БЕР

ЖАРОҲАТ ИЗЛАРИ

Севгум ҳар узанган пайт
Танимга ёйилган оғир роҳатни –
Тарк этилмиш дарахт вужуди ичра
Булутлар руҳида сузган ёмғирлар
Қўлларининг кўзлардан узоқ
Муаллақ кабутар қанотига тегиб турмоғин
Энди бахтли бўлай, бироз қўйиб бер
Ва руҳимга топшир эркнинг тизгинин
Кўзгуларга боқмоқ энди нораво,
Ўчирай кечанинг қоқ ярмидаги
Ғусса чироғини шиддатим билан
Айт, қандай етишай мен ўз чўққимга
Ва қандай титратай муз босган қалбни
Бу йўлдан ўтганлар қуёш юзига
Тушган мағрур соямдир ахир
Ай, эрта қулашин ўйламоғимга
Изн бер, мунтазир деразалар ҳам
Кўрдим яраларнинг соғаймаганин
Ва кўрдим жароҳат жароҳатларин
Тушкун тушлар энди асло керакмас
Айт, солдингми сафархалтангга
Энг майда буюмлар улуғворлигин?..
Ҳовучларим энди бўлолмагай
Ёмғирга ошён
Кўксим титрар эди япроқсизликдан
О, қўлингни қўйиб кетдинг сесканиб –
Юрагим уришдан тўхтаган эди
Энди қўрқитмагай мени ўз соям
Дунёни кўзимда аксланганидек
Ва сўзнинг чинакам рақс этганидек
Завқлана бошладим бирдан, билдирмай
Қорага бўяйман хотираларни
Рангин оғриқлардан буткул воз кечиб
Чунки қалбим ҳамон ҳўлдир, шалаббо
Тирикликнинг аччиқ, нордон сувидан

ТУН ЗУЛМАТИ

Тунлар ўзин қандай қорайтиради
Худди тонг мангуга отмагай энди
Халтасин чангаллаб жим кутар зулмат
Худди ўзи йўқни севган ошиқдек
Соатларни оралаган етти новда ва
Япроқдан заминга тушиб келгувчи
Дўзахда ёйилган ўлим хабарин
Қулоқни тўлдирган қарғалар саси
Ва яна ким билгай унинг бенишон
Фарёдлари қайга бўлмишдир ғойиб
Табиат, ёрдаминг энди керакмас,
Боққа мусичадек ёлвормам ортиқ.
Энди қул эмасман мен ҳеч кимсага.
Изн бермам ғариб исмимнинг
Номаълум асрда қолиб кетмоқлигига
Ҳийлакор туманнинг ич-ичларига
Сингимоғи учун қуёш рангли тош
Шаҳарни тўлдирган бу мусофирлар
Илтифот изнида бир фоҳишадир
Осмон йўқ, ёмғир йўқ, ҳатто соҳил йўқ, 
Ҳатто қайтмоқликни истасанг ҳам сен
Қайтолмассан энди бу манозилга
Манбайи номаълум ҳаво кенглигин
 Ва туннинг олмосдек зулмати ичра
Бир йўқолган ёмғир
Ёмғир ёғар эди кераксиз ерга
Зотан, етар эди  бир пиёла сув
Қиёфам бошланган,
Оёқларим эса охир топган жой
Шалаббоман, осмон кетди илвираб
Мен тушдим осмоннинг зах ўрасига.
Мендан ғазабланма.
Биласан, нақадар севаман ахир
Юлдузларга яқин ҳарир кунларни
Қуёш туғилган куннинг ёруғ онига
Япроқ ташлаб ўтар ўтган кунларим.
Энди ҳис қилгайман,
Мангу коинотнинг қоқ ўртасига
Тўкилади узилган япроқ
Қўлларимда қолган асорат янглиғ
Қаерга учирсам, кетар сарсари
Ортимда қолади ёвуз ёлғизлик
Чиқарган беармон дод садолари
Ахир айтяпманку,
Кўникмоғим керак шовқин ичра кезган жимлик руҳига
Ва айт, бунда ким кимни тинглайди,
Ким кимни кўрар?
Ким кийим тўқийди бошқа бири-чун?
Теранликка ботмиш қирғоқларимиз,
Энди айт,
Биздан бошқа қолган одамлар кимдир?
* * *
Вақтга таслим бўлган буюмлар янглиғ
Шамол, қуёш ва Ой қояга тегди
Фақат қардош эдик бизлар сиз билан!..
Бизнинг шажара ҳам сўзга боғлиқдир,
Ҳар новдада ўсар бир шоир, ровий
Ҳа ўша, биринчи асрдан буён
Маънолар оғир энди, сўзлар ҳам етмас
Биз олган ҳар нафас тиндиради руҳ бўронини
Чиндан мумкинми бу?
Мавҳум савол ичра бир савол
Мушрикларнинг қанотига осилган умид.
Бу тил бир билмоқлик қадар тугатар мени
Сукунат ва таъмалар билан...
Оятларнинг афсунини англамоқ мушкул,
Зотан умид тўлдиргандир бизнинг бу йўлни
Эй замонни билимларга буркаган билим
Сеҳрланган бир аёлдан бошқа бирон кас
Келмадими ақлинг кенгликларига?
Дунё заиф,
Дунё ҳам занжирланмиш сарф ва наҳв қудуғида
ФЕРУЗАНИНГ ВУЖУДИ
Анжир япроғига ўрадилар Ферузанинг вужудин
Кўмадилар икки сой орасию алвон тупроқ остига
Қуёшнинг чиқмоғию ботмоғи масофасида
Арзонгаров бўлиб қолганди бу ерда ўлим
Чалажон қанот қоқарди сенсизлик қуши
Тоғлар орасида қамалмиш саҳро шамоли
Бош устимда бечора қуллар
Итоат ва исён қурбони эрур бу қуллар
Оғринмасдан бош эгмишлар
Ўлимнинг мурдор номига
Эҳтимол, керакдир бошқа бир Худо
Йиғисиз ҳар нени сезиб тургувчи, тупроққа танитган ҳар ранг уруғин
Яшнаган, яшнатган, қувғин қилинмаган янги бир Худо!
Осмонга тикилиб ичим ачишар
Фаслларнинг туйнугида ёлғизлик иси-ла
Кўздан йўқоларди сайёр турналар
Деворга осилган кўрпалардан
Тўкиларди томчи-томчи туш
Ўлим ҳандақидан пойлар эди бахт
Қўрқарди ташқари чиқмоқликдан у
Совуқдан ўламан деб ўйлар эди
Фикр белкураги-ла уришарди оғизларига
Тун ярмида шуълаларни ўчирмоққа келган қотиллар
Энди замонлар ҳам аломатлашди
Нилуфару лайлакларнинг оташида кўринарди оҳулар
Азаларда байрам қиларди шайтон
Зулматга уруш очган турналар
Чақмоқнинг қулоғин кар этган додлар
Ҳовончада нур туйган аёллар
Кулга дўнган дунё ёруғлик одамлари-ла
Хаёллар шаҳрини тарк этар эди
Ҳорғинлик ҳаммоллари ҳориганди келиб-кетмоқдан
Ва қиёфа солланарди ёлғизлик ичра
Ҳаёту мамот оралиғида умидсиз дуо
Ҳурмо оғочига илинган гунгнинг ғуссаси
Мавжудлик тажрибасин ўзида синаб
Охир ўтолмаган пажмурда оҳанг
Ва қиёфа шакллари...
Шаббода олиб кетди Ферузанинг ҳокин олисга...

Туркчадан ЭЛЗОД таржимаси.
Манба: "Китоб дунёси" газетаси.