Вақт ила жанг қилиб ўтмоқда умр


Биламан, ёзилган қазои қадар,
Аввал бу, кейин у дунёга сафар.
Лекин алам қилар дарёга томган
Томчидай из солмай йўқолиб кетсам.

Хатоларим кўпдир, савобим ҳам бор,
Гоҳи малҳам бўлдим, гоҳида озор.
Менга армон бўлар, гул япроғига
Қўнган бир гарддайин ювилиб кетсам.

Вақт ила жанг қилиб ўтмоқда умр,
Топса бол, йўқса талх тотмоқда умр.
Эй қисмат, сенга ҳам қилмасми алам,
Тўлмасдан тупроққа тўкилиб кетсам...

Тўлганда тупроққа қўшилиб кетсам...

Мунаввара Усмонова.