Қўлларидан ўпинг аёлингизни!


ҚЎЛЛАРИДАН ЎПИНГ АЁЛИНГИЗНИ

Қачондир ишқида ёнганингиз рост,
Қачондир забт этган ҳаёлингизни,
Керак бўлса кунда канда қилмай, дўст,
Қўлларини ўпинг аёлингизни!

Бору-йўғингизга кўнган муштипар,
Гоҳи йўлингизни кутган тонг қадар,
Жилла бўлмаганда майли бир сафар,
Қўлларини ўпинг аёлингизни!

Оқ ювиб, оқ тараб, толдим демаган,
Оши совиса ҳам сизсиз емаган,
Сизни ҳизматингиз малол келмаган,
Қўлларини ўпинг аёлингизни!

Уйингиз болага тўлгани учун,
Ичи қон йиғлаб ҳам кулгани учун,
Бир сизга вафодор бўлгани учун,
Қўлларини ўпинг аёлингизни!

Атрини сочади турфа ҳил "гуллар",
Жоним деб жон олар нафсига қуллар.
Бир тола сочига арзимас улар.
Қўлларини ўпинг аёлингизни!

Уйим деб, болам деб ўзин унутган,
Бутун ҳаётини сизга бахш этган,
"Жуфти ҳалолим", - деб бошида тутган,
Қўлларини ўпинг аёлингизни!

Рўзғор муштларидан оғриса жони,
Бошга кўтармаган йиғлаб дунёни,
Сизга  йўллаяпман шу илтижони,
Қўлларини ўпинг аёлингизни!
***
Яхши эрни пир дейдилар,
Ёмонини - ярим пир,
Бекларингиз бошга қўйинг,париларим, гулларим.
Йиқилсангиз қучоғи бор, суянсангиз тоғ ахир,
Сизга тегиб нима кўрдим,
Деманг жон сингилларим.

Овозингиз бир пардага кўтармоқни ор билинг,
Эр уйини кошона деб, ота уйни тор билинг,
Эрингиздек бир эркакка неча аёл зор, билинг.
Сизга тегиб нима кўрдим, деманг жон сингилларим.

Дуо қилиб, кўнглин олинг, узайтириб умрини,
Тилингизни чаққон қилиб синамангиз сабрини,
Ёмон хотин султонинг яқин қилар қабрини,
Сизга тегиб нима кўрдим, деманг жон сингилларим.

Бўйин қайга бурилса гар бош ҳам мажбур бурилгай,
Уйи тинч эр ҳар давраю, ҳар улфатта керилгай,
Эрни рози қилинг,сизга, жаннатжан уй қурилгай,
Сизга тегиб нима кўрдим, деманг жон сингилларим.

Ўғил берди сизга Оллоҳ, қизингиз бор ҳусни ой,
Бешик қучмоқ армонида нечаларнинг ҳоли вой.
Яна нима камингиз бор, яна ким бор сиздан бой,
Сизга тегиб нима кўрдим, деманг жон сингилларим.

Қайси шоху, қай жахонгир, кўрмуш бойлик вафосин,
Мушкул қилманг эр бошига дур-жавохир ғавғосин,
Зулмат эмас, қуёш бўлинг, ёритгали дунёсин,
Сизга тегиб нима кўрдим, деманг жон сингилларим.

Ҳавас қилманг, ёлғиз аёл бошидадир ит куни,
Рўзғор деган араванинг бир умрлик тутқини,
Эри билан бирга сўнган кўзлардаги ёлқини,
Сизга тегиб нима кўрдим, деманг жон сингилларим.

Топганида барака бор, ҳоҳ кўпию,озидир,
Эрни эъзоз қилган аёл, аёлларнинг созидир,
Ҳамидингиз рози бўлса, Оллоҳ сиздан розидир!
Сизга тегиб нима кўрдим, деманг жон сингилларим.
 ***
Иккига бўлинар битта юраги,
Жанжалнинг кимга бор кераги,
Тез-тез санчиб турар кураги,
ИККИ ТУРМУШИ БОР ЭРКАКНИНГ.
Икки уйда икки ўксик дил,
Кимдан қолмас ахир бу дунё савил,
Ютгани зардобдир, беҳазил,
ИККИ ТУРМУШИ БОР ЭРКАКНИНГ.
Қайси уйга кирса таъна, надомат,
Заҳарга айланар бир қошиқ овқат,
Эй, кўрган кунига минг лаънат,
ИККИ ТУРМУШИ БОР ЭРКАКНИНГ.
Ортидан одамлар ўқталар бигиз,
Мағрур юради-ю, йиғлайди унсиз,
Икки уйи бору, яшайди ёлғиз,
ИККИ ТУРМУШИ БОР ЭРКАКНИНГ.
Бири лаб буради, бири уяр қош,
Ҳатто шўрвасидан чиқиб турар тош,
Ўпгани сабру, қучгани бардош,
ИККИ ТУРМУШИ БОР ЭРКАКНИНГ.
Гул ҳидламоқ бўлса санчилар тикан,
Пешона дегани шунча шўрмикан,
Ҳолига маймунлар йиғлашар экан,
ИККИ ТУРМУШИ БОР ЭРКАКНИНГ.
Бирини юпатса, бирин бағрин қон,
Бири висол топса, бириси ҳижрон,
Жонига тўзим бер ўзинг Художон!
ИККИ ТУРМУШИ БОР ЭРКАКНИНГ!
***
Май бор давралардан ахтарманг мени,
Ғийбат бор даргоҳда мурдам ҳам бўлмас.
Қайда фисқу-фасод, кибр, ғирромлик,
У ердаги излар меники эмас.
Ишончни топтамоқ - энг олий гуноҳ.
Ёлғон бор ерларда гумон юрмоғим.
Мени ясаётган чоғида Оллоҳ,
Оёқлар остидан олган тупроғим.
Касб-у, корим сипо, ниятим холис.
Мудом рост сўзимдан егайман таёқ.
Шоҳнинг саройида бўлгандан товус,
Чангалзорда булбул бўлган яхшироқ.
***
Палагингни тоза тут, элим,
Сиртлон шерга қўшилмагандек,
Сенга қатъий бир сўзни дедим,
Ажнабийга ёр бўлма, синглим!
Бари одам, бари бир лойдан,
Куёв топма Дубайлик бойдан,
Бахт излама бегона жойдан,
Ажнабийга ёр бўлма синглим,
Темурийлар авлодидан сен,
Ўзбекларнинг ўз юрти ҳам кенг,
Тола сочинг минг тиллога тенг,
Ажнабийга ёр бўлма синглим,
Боланг кимга ўхшайди, ўйла,
Қайси тилда сўзлайди, ўйла,
Ўз миллатинг бўзлайди, ўйла,
Ажнабийга ёр бўлма синглим,
Онанг тўйда чиқолмас тўрга,
Отанг юзин қаратма ерга,
Ўзбегимга тегсанг тег эрга!
Ажнабийга ёр бўлма синглим.
Кейин аттанг бўлмас сенга кор,
Юртни қўмсаб жон чекса озор,
Сендан битта илтимосим бор,
Ажнабийга ёр бўлма синглим!
Ўзга юртнинг шоҳи бўлгунча,
Ўз юртингни гадоси бўлгин!
Ўзбек бўлиб ўла-ўлгунча,
Ўлсанг, она Ватанда ўлгин!
***
Битта сўз кам унга иккитаси кўп,
Аёл бу гўдакдир, улғайган гўдак.
Аёл доимо ҳақ, баҳслаша кўрманг,
Аёл ранжиганда қучоқлаш керак.
Жанжалми, кетдими уйдан ҳаловот?
Тақ этиб қўйилса пиёла, чойнак.
Совиган чойда ҳеч эримас новвот,
Аёл ранжиганда қучоқлаш керак.
Гумонлар ўт ёқса ўчоғингизда,
Қўзғолон кўтарар ошиқ у юрак.
Муз ҳам эримасми қучоғингизда,
Аёл ранжиганда қучоқлаш керак.
Битта ўпич билан яна ҳоқонсиз,
Қулга айланади малика бешак,
Қолмайин десангиз илож, имконсиз,
Аёл ранжиганда қучоқлаш керак.
-Сиздан яхшиси йўқ,- деса бўлади.
-Фақат сизни дея уради юрак!
Шу заҳот зилзила, бўрон тинади.
Аёл ранжиганда қучоқлаш керак.
Минглаб ваъдаларга ишонмас ҳаргиз,
У қатра меҳрни муштоқ кутади.
Осмондан ой олиб беролмасангиз,
Маҳкам бағрингизга босинг, етади!

АЁЛ

Бир оғиз ширин сўз қанотдир унга,
Қушдек учиб кета олади аёл.
Битта томчи бўлса меҳрингиз агар,
Унга чўкиб кета олади аёл!

Сизга келар бўлса ногоҳ бир озор,
Кўксин қалқон эта олади аёл.
Нолимай, жимгина, меҳрингизга зор,
Минг йил бўлса кута олади аёл.

Бу дунё ўткинчи, умр ўткинчи,
Қарашлардан мадор теради аёл.
Ёлғондан бир жонин сўраб кўрингчи,
Қирқ битта жонини беради аёл.

Илҳақ нигоҳида қанча ўтинч бор,
Бир кулинг, ой каби тўлади аёл.
Аёлнинг ажалдан ўлмоғи бекор,
Меҳрга зорликдан ўлади аёл!
***
Эри бор аёлга тегмайди бало,
Меҳр деган малҳам ҳар дардга даво,
Одам Атосини суйгандек Ҳаво,
Эрларни эҳтиёт қилинг, аёллар. 
Ишонманг забардаст билакларига,
Оғриқлар киритманг юракларига,
Айланинг ҳаммадан керакларига,
Эрларни эҳтиёт қилинг, аёллар. 
Уйим деб, болам деб ўтар ҳар они
Биздек қирқта эмас шўрликни жони,
Ундан аввал қўйиб ёлғиз Худони
Эрларни эҳтиёт қилинг, аёллар! 
Қизғанманг ҳар недан арзон меҳрни!
Ўрганинг сўнгги зар бўлган сабрни,
Ҳеч ердан топмасин сиздек қадрни,
Эрларни эҳтиёт қилинг, аёллар! 
Султоним, Бегим деб эркаланг кунда,
Шай туринг аскардек кундаю-тунда!
Сиздан бахтли аёл бўлмагай шунда,
Эрларни эҳтиёт қилинг, аёллар! 
Сизни суягидан яратган Эгам,
У ризо бўлмаса босманг бир қадам,
Кўнглига йўл топинг нима бўлса ҳам,
Эрларни эҳтиёт қилинг, аёллар! 
Омади кетганда юзига солманг!
Минг бора айланиб, ўргилиб толманг,
Дод солиб бир куни айрилиб қолманг,
Эрларни эҳтиёт қилинг, аёллар!

ТЎҒРИ СЎЗНИНГ ТЎҚМОҒИ 

Тўғри сўзинг бошинга бало,
Аччиқлари кетар тимдалаб.
Чуғурлашиб кўтарар ғавғо,
Ҳар доно-ю, ҳар шуҳратталаб.
Асли шундай, жим юрган маъқул,
Чарм қоплаб олиб бетинга.
Ҳар кибру, манманликка қул,
Сув қуйишни бошлар кетинга.
Хатоларни айтма, юм кўзинг,
Қўл сингунча чалавер қарсак.
Нодон дўстим, сенинг рост сўзинг,
Ёлғон дунда, айт, кимга керак?!
Пора узат, битади ишинг,
Пахта қўйсанг, талтайса тантиқ.
Акс ҳолда оғзингда тишинг,
Сув ичсанг ҳам синиши аниқ.
Ноҳақликка кўр қил кўзингни,
Ҳақоратга қулоғингни кар.
Ер бил дўстим, ер бил ўзингни
Ва ҳар касни бошинга кўтар.
Мен эса ЙЎҚ!
Жонимдан тўйиб,
Ёмонга тош отавераман,
Кундасига бошимни қўйиб,
Рост сўзимни айтавераман.
Тортаверсин "арслонлар" наъра,
Солаверсин танамга титроқ.
Ёлғонга тиз чўккандан кўра,
Мағрур туриб ўлган яхшироқ!
***
Гавжум кўчаларни кезар бир аёл,
Изидан эргашиб келаверар куз.
Қизиқ, нималарни суради хаёл,
Бекатда автобус кутаётган қиз.
Бу ерда осмонга қарамас ҳеч ким,
Яшайди соатга қарайдиганлар.
Бу ерда шунчаки кўчалар гавжум,
Тириклик корига ярайдиганлар!
Баҳору-кузларга кўнилар осон,
Қалбаки қуёшлар туради ёниқ.
Кутганинг келмоғи юз фоиз гумон,
Фақат автобуснинг келиши аниқ.
Тушуниш қийинроқ шахарликларни,
Мудом бекатларда сурарлар хаёл.
Ахир уйғотади ҳар тонг уларни,
Сут бор, қатиқ бор деб бақирган аёл.
Ҳар куни битта йўл, битта йўналиш,
Фақат ўй-ҳаёллар кезар беқарор.
Ахир автобуслар тўхтамайдиган,
Кўнгил деб аталмиш бекатлар ҳам бор.
***
Улкан аравасин ғилдиратганча,
Шаҳарни кезади минглаб армонлар,
Оқ-қора тушларда яшар тонггача,
Бир-бирин соғинмай қўйган одамлар!

Кичкина телефонга жойланган олам,
Кўнгиллар карахтлар, туйғулар мавҳум.
Улар ҳаётида ҳаммасидан ҳам,
Автобус кечикмай келиши муҳим.

Минглаб катакларда турфа қисматлар,
Бир девор нарини исмин билмас, ёт.
Ҳаёт тугаяпди дейиш нотўғри,
Уларни тугатиб бормоқда ҳаёт!

Сен шаҳарга келма,
Қўй шу шаҳарни,
Бўйинбоғ боғлашинг керак бўғилиб,
Кўрмайсанми мендек телба шоирни,
Адашиб шаҳарда қолган туғилиб.

Бу вайсақи шаҳар бездирди, рости,
Ҳусни-жамоли ҳам кўзимни ўйган.
Негаки шу бетон деворлар сабаб,
Одамлар бир-бирин соғинмай қўйган!
***
Кечир!
Сени демоқ асли жиноят!
Гуноҳ тунлардаги сирли хаёлинг!
Биламан, севасан уни бағоят,
Сени ҳам жон қадар суяр аёлинг!
Кечир!
Ношудгина бахти қарони!
Ачинма, ачинсанг янчиламан чин.
Ишонсанг, ўртага қўйдим Худони,
Тирикман дунёда борлигинг учун!
Кечир!
Ва амин бўл,
Умидлар бежон,
Қачонлар қисматла тузганмиз битим!
Фақат бермаяпсан ўлишга имкон,
Борсанки тугамай борар ҳаётим!
Кечир!
Тиламайман сенга зарра ғам,
Соям тўкилмайди умр йўлингга.
Нетайки, юрагим ясаган Эгам,
Мендан ижозатсиз берган қўлингга!
Кечир,
бир гадони, кунда тиланган!
Эшигинг зулфига шўрлик ишқибоз.
Жилла сабр қилсанг, бари ўлчанган,
Оз қолди азизим, ишон, жуда оз!

***
Севаман деб туринг севганингизга,
Ишқнинг ўчоғига ташлаб туринг чўғ.
Мол-дунё ошиғи бўлмас бордиру,
Меҳрга мунтазир бўлмас кимса йўқ!

Севаман деб туринг ҳар-ҳар замонда,
Кўзин қоралари кетсин ярақлаб.
Гар оғир бўлмаса, малол бўлмаса,
Савоб олиб туринг ҳолин сўроқлаб!

Севаман деб туринг гоҳи-гоҳида,
Юрак тубиданми, тил учиданми!
Нетайлик, лойимиз қорганда Худо,
Ширин сўз гадоси қилган одамни!

Севаман деб туринг, тонгда,тундами,
Майли ёдингизга тушган маҳали.
Қанча меҳр берса аниқ ҳеч кимнинг,
Давлати камайиб қолмаган ҳали!

Севаман деб туринг, қачон, фарқи йўқ,
Бу билан мансабдан қолмайсиз тушиб.
Кимнинг ҳаққи кетган сўзлар сўзига,
Юборса бир томчи асалдан қўшиб!

Севаман деб туринг, ёлғизингизнинг,
Юзида Қуёшлар порлашин кўринг!
Сени менга Худо бергани учун,
Сени Оллоҳ учун севдим деб туринг!     
Малика Тавфиқ (Салимова) 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот