Онам бор эди!


Эрка эдим эллик ёшимда,
Кимдир бедор ҳаста бошимда,
Тунлар алла айтиб қошимда,
Унда ҳали онам бор эди!

Йўқлагучим кунда бир албат,
Йўқ эди-я мендек бадавлат.
Ҳаммадан ҳам гўзал, ҳушсурат,
Унда ҳали онам бор эди!

Юрар эдим хотиржам, кулиб,
Завққа тўлиб, шодликка тўлиб,
Тиргак бўлиб, суянчиқ бўлиб,
Унда ҳали онам бор эди!

Куйсам адо бўлган бир зумда,
Дардим англаб олган кўзимдан,
Дуоларин йўллаб изимдан,
Унда ҳали онам бор эди!

Ёмонларнинг кўзи тегмасди,
Туҳматлари бошим эгмасди.
Ёв келса ҳам мени енгмасди,
Унда ҳали онам бор эди!

Бир сония ўйлаб ўтирмай,
Жоним учун жон беришга шай,
Мендан ўзга ташвишни билмай,
Унда ҳали онам бор эди!

Мен ўзидан ортмаган нодон,
Ҳар замонда топиб бир имкон,
Қайда энди шундай меҳрибон,
Унда ҳали онам бор эди!

Раҳми бисёр, меҳри беминнат,
Ширин забон, дилбар, ҳушсуҳбат,
Мен билмаган ўта омонат,
Унда ҳали онам бор эди!

Ё етдимми, етмай қадрига,
Тополмадим чора дардига,
Болам дея босган бағрига,
Унда ҳали онам бор эди!

Малика Салимова.