ҚИЗИҚЧИ БЎЛИБ ТУҒИЛИШ КЕРАК


АБРОР ШОВВОЗОВ: “ҚИЗИҚЧИ БЎЛИБ ТУҒИЛИШ КЕРАК”

  Бугунги суҳбатдошимиз истеъдодли сўз усталаридан бири Аброр Шаввозов бўлди.
- 1. Аброр, нега қизиқчилик касбини танлагансиз? Бу ёшликдаги орзу эдими ёки оилангиздан кимдир шу касбга сизни йўналтирганми?
- Қизиқчилик касби камдан-кам ҳолларда танланади. Устозларимиз қизиқчи бўлиб туғилиш керак, деган гапни кўп айтишарди. Масалан, инсонни тарбиялаб, овозини созлаб қўшиқчи қилиш мумкин. Лекин қизиқчи қилиб бўлмайди. Қизиқчилик инсоннинг табиатида бўлиши керак. Мен ёшлигимда бошқа соҳаларни эгаллашга ҳам ҳаракат қилиб кўрганман. Аммо барибир қизиқчилик  мени кўпроқ ўзига кўпроқ жалб этган. Тўғрисини айтсам, оиламиздан ҳеч ким менинг санъат йўлини танлашимга рози бўлмаганди. Ҳаммаси қарши бўлишган. Аслида, ҳамма акаларим ва раҳматли отам ҳам табиатан қизиқчи эди. Отам ўқитувчи бўлса-да, ҳазил-мутойибага бой инсон бўлган. Давраларда битта гап билан ҳаммани кулдириб ўтирарди.
- Биламизки, сиз машҳур сўз устаси Ортиқ Султоновнинг шогирдларидан бирисиз. Айни пайтда устоз-шогирдлик анъаналари қандай кечяпти? У кишини жуда қаттиққўл устоз, деб эшитганмиз. Ҳалиям сизга қаттиқўллик қиладими ёки хатоларингизини ётиқлик билан тушунтирадими?
- Нафақат Ортиқ Султонов, балки мендан ординроқ саҳнага чиққан ҳар бир қизиқчини устоз, деб биламан. Ҳар доим уларнинг фаолиятини кузатиб бораман. Институтни битрганимда, Аваз Охун иккимизни устоз Мирзабек Холмедов Мирзо театрига таклиф қилганди. Бир пайтнинг ўзида Ортиқ Султоновдан ҳам шундай таклиф тушганди. Ўша пайти экранларда намойиш этиладиган “Кулгу” деган кўрсатув бўларди. Мен “Кулгу”га  келдим, Аваз Охун Мирзо театрига кетди. Шу тарзда устозлар билан бир-икки йил  бирга фаолият юритдик. Кейин Зокир Очилдиев билан ҳамкорлик қила бошладим ва “Халқлар дўстлиги” санъат саройида биргаликда концерт намойиш этдик. Қаттиққўллик борасида устозимиз Зокир Очилдиев “Ўғил бола шогирдларга қаттиқўл бўлиш керак”, дейди доим. Шунинг учун бизни назорат қилиб, танбеҳ бериб туради. Лекин қаттиққўлликдан кўра меҳрибончиликлари кўп.
- Ҳозирги пайтда анча танилиб улгурдингиз, машҳурлик юки қийин эмас эканми? Бу борада нималар сизни қувонтиради ёки хафа қилади?
- Ҳали жуда унчалик машҳурман, деб ўйламайман. Лекин озми-кўпми танилдик Аллоҳга шукур. Албатта, таниқли инсон бўлиш яхши. Лекин шундай пайтлар бўладики, баъзи бир одамлар атайлаб дилингизни оғритишга ҳаракат қилишади. Шундай пайтлари танимагани яхшироқ эди, деган фикрга ҳам бораман. Айниқса, оммавий жойларда иложи бўлса танимагани маъқул. Чунки ҳар хил вазиятларда бўлишингиз мумкин.
- Айни пайтда қаерда фаолият юритяпсиз?
- Мен ҳозирда Тошкент ҳарбий округидаги Мудофаа вазирлигига қарашли ансамбльда 4 йилдан буён фаолият юритиб келаман. Бу ерда асосан ҳарбийларимизга ва уларнинг оила аъзоларига концертлар ташкил қилиш билан шуғулланамиз. 
- Сизга ҳам кино ва сериалларда роль ўйнашга таклифлар бўляптими? Агар бўлаётган бўлса, асосан қайси жанрдаги фильмларда рол ижро этяпсиз?
- Ҳозирча кинога жудаям кучли таклиф бўлгани йўқ. Лекин ўтган йили карантин бошланишидан сал олдин режиссёр Дилшода Қосимованинг “Яхшиевлар оиласи” номли комедия йўналишидаги сериалида бош рольни ижро этдим. Менимча, ёмон бўлмади. Яна таклифлар бўлса, албатта, йўқ демайман. Чунки актёрликдан ҳам хабарим бор. Институтни актёрлик йўналишини тугатганман. 

“ОДАМЛАРНИ КУЛДИРИШДАН КЎРА ЙИҒЛАТИШ  ОСОН”

- Шу соҳа вакилларининг айтишича, ролга кириб, одамларни йиғлатишдан ҳам кўра кулдириш жуда қийин экан. Ана шу қийинчиликни қандай пайтларда яққол ҳис қиласиз. Фаолиятингиз давомида томошабинларни кулдиролмаган пайтларингиз ҳам бўлганми?
- Ҳа, бу ҳамма қизиқчида бўлиб турадиган ҳолат. Шунинг учун ҳар доим Аллоҳдан файз бергин, шарманда қилма, деб сўраймиз. Менда ҳам бўлган. Одамларни кулдиришдан ҳам кўра уларни йиғлатиш осонроқ. Инсонда йиғлашга мойиллик кучли бўлади. Кулдириш эса қийин. Буни ўз тажрибамдан ҳам келиб чиққан ҳолда айтяпман. Ҳозир интернет ривожланган замонда бу янаям қийинлашди. Бирор янги латифа айтсангиз, бирпасда эскиради. Шунинг учун биз гапирмоқчи бўлган гапни кўпинча томошабин олдиндан билиб туради. Сабаби интернет тармоқлари орқали аллақачон хабардор бўлган. Лекин қийин бўлса-да, қизиқчи кулдиришга астойдил ҳаракат қилавериши керак. Масалан, жамиятимиздаги камчиликлар устидан кулиш эскирмайдиган мавзу. 

ҲАРБИЙЛАРНИ КУЛДИРИШ ҚИЙИНМИ?

- Ҳар бир қизиқчи қайсидир образни жуда маромига етказиб ижро этади. Сизнинг ҳам Шоввоз ота обрзидаги чиқишларингиз кўпчиликка маъқул бўлганди. Шу йўналишдаги туркум ҳажвий кўрастувлар қилиш ниятингиз йўқми?
 - Албатта, ҳар бир қизиқчининг ўз образи, яъни ниқоби бўлади. Чол образини эса ҳамма  қизиқчи ҳам ўйнаб кўради. Сабаби, отахонлардан кўпроқ кулгули характерлар топиш мумкин. Ушбу образим кўпчиликка маъқул келганидан  хурсандман. Келажакда яна давом эттириш ниятим бор. Бу отахон ҳеч қачон ўлмайди. Ижтимоий тармоқларда Шоввоз ота образида кулгули чиқишлар қилиш ҳаракатидаман.
- Ҳарбий округ ансамблида ишлар экансиз. Ҳарбийларни жуда жиддий инсонлар, деб биламиз. Уларнинг юморга бўлган қизиқишлари қандай,  кулдириш қийин эмасми?
- Энг зўр томошабин бу ҳарбийларимиз бўлса керак. Умуман кулдиролмайдиган қизиқчи ҳам ҳарбийларга концерт қўйса мазза қилади. Чунки ҳарбийларда юморга мойиллик кучли бўлади. Аммо бу улар бўлар-бўлмас гапга ҳам кулаверади, дегани эмас. Ҳарбийлар асл юморни яхши тушунишади. Хизмат пайти жуда жиддий, лекин концертларда анча хушчақчақ  бўлишади. 

“АЙТАДИГАН ГАПИМ ЭСИМДАН ЧИҚИБ ҚОЛГАН”

- Иш фаолиятингиз давомида қизиқарли воқеалар жуда кўп бўлса керак. Агар иложи бўлса шундай воқеларадан айтиб берсангиз.
- Адашмасам, бу ҳодиса Бухорода бўлганди. Марказий стадионлардан бирида Ички ишлар ансамбли билан билан биргаликда концерт ўтказаётгандик. Учқун Тиллаев, Ўткир Муҳаммадхўжаев ва Зокир Очилдиев ҳам бор эди. Мен адашиб кетмаслик учун саҳнада айтадиган гапларимни ёзиб олгандим. “У нимадир боши бору кети йўқ, шоир бўлсанг шундан хабар бер” деган шеърий саҳна кўринишимиз бор эди. Буни мен устозга айтардим, у киши жавоб берарди. Шунда Ўткир ака менга “Аброр, тўрт қатор гапни ҳам ёдлаб ололмайсанми? Шуни ҳам қоғозга қараб атяпсан, уят. Четдан қараганда жуда хунук кўриняпти”, - деди. Мен ҳам "хўп", - дедиму, меҳмонхонага боргач, яхшилаб ёдлаб олдим. Ёпиқ залда айтганимда адашмасдан айтдим. Аммо барибир эсимдан чиқиб қолмасин, деб телефонимга ҳам катта-катта қилиб ёзиб олдим. Стадионга чиққанимизда, негадир эсимдан чиқди. Одам кўп, қуёш ҳам аямай  куйдиряпти. Шеърнинг биринчи қаторини айтиму, қани энди  иккинчиси эсимга келса. Телефонимдан қарамоқчи бўлдим. Аммо қуёш тушиб тургани учун, ҳеч бало кўринмади. Нима қилишни билмай, секин телефонимни костюмим ичига тиқиб, қоронғуда ўқиб олиб кейин айтганман. Роса кулгу бўлган. Меҳмонхонага боргач, Ўткир ака: “Аброр, майли, анави варағингга қараб айтавер”, - деганди. 
- Тўй ва тадбирларга ҳам таклифлар кўп бўлаётгандир. Ҳозирги кунда тўйларимизга сўз усталарини таклиф қилиш анча урфга кирган.
- Албатта, тўй ва тадбирларга таклиф қилишади. Илоҳим, урфга айлансин бу. Сўз усталари бор жойда файз бўлади. Ҳозир тўйларда одамлар биринчи таомни еяр-емас туриб кетишяпти. Сабаби: ҳамманинг вақти зиқ. Эрта тонгдан ишга бориши керак. Шундай кезларда тўй эгалари менга “Фалончини тўйида одамлар биринчи овқатни ейиши билан туриб кетганди. Сиз даврада борлигингиз учун бизнинг тўйда охиригача ўтиришди”,  - деб раҳмат айтган кезлари ҳам бўлган.
- Кўпинча, қизиқчиларнинг бир-бирининг репертуаридан фойдаланиш ҳолатлари кузатилади. Сизнингча, бу тўрғими? Демоқчи бўлганим, шундай кезларда одамларнинг "фалончининики айтяптию", деган норозилигига дуч келганмиз.
– Дарҳақиқат, агар рухсат сўраб айтса бўлади. Лекин рухсат сўрамасдан ҳам айтадиганлар бор-да. Китоб ва интернет тармоқларидан олинган латифаларни ҳамма айтиши мумкин. Бироқ қизиқчи томонидан тўқилган латифаларни сўраб айтиш керак. 

“БАЧКАНА КУЛГУЛАР КЎПАЙДИ” 

- Кўпчилик қизиқчилар анча йиллар олдин айтган латифаларини ҳам такрор-такрор айтишаверади. Бу ҳолатга сизнинг фикрингиз қандай?
- Оғриқли мавзуни айтдингиз. Бу ҳолат қизиқчининг изланишдан ва ижод қилишдан тўхтаганини билдиради, деб ўйлайман. Афсуски, кўпчилик китоб ўқимай қўйди. Оқибатда, бачкана кулгулар кўпайди. Қизиқчилик соҳасида фаолият юритадиган дўстларимизга кўпроқ китоб ўқишни тавсия қилган бўлардим. Гоҳида “фалончини репертуарини айтяпти-ку”, деган гапларни ҳам эшитиб қоламиз. Бу яхши ҳолат эмас. Ҳақиқатдан ҳам, баъзи бир қизиқчиларимизга саҳна доим тайёр. Хоҳлаган пайти чиқиб, латифа айтиши мумкин. Шундай пайтда у сизнинг репертуарингиздан айтса, кейинчалик бу меники эди, десангиз ҳам биров ишонмайди.
- Маҳоратли қизиқчи, ҳатто ўзининг устидан ҳам кула олади, деган гап бор. Аммо баъзи қизиқчилар танасидаги  камчиликларни айтиб, қизиқчилик қилмоқчи бўлади. Масалан, тўлачадан келган қизиқчи қизлар саҳнага чиқиб, ўзининг семизлигини гапириши ёки бошқа қизиқчи эркак саҳнада унга шу камчилигини айтиши жудаям хунук кўринади. Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?
- Тўғри, бу жуда хунук эшитилади. Лекин баъзи қизиқчилар шуни кулдириш, деб қабул қиляпти-да. Семизлик ёки озғинлик ҳам инсоннинг камчилиги, аслида. Буни ҳамма кўриб турибди, қизиқчи яна оммага ошкор қилиши уятли ҳол. Устозларимиз, инсоннинг жузъий камчиликларидан гапириш мумкин эмас, деб жуда қаттиқ тайинлашган. Бировнинг камчилиги устидан кулиш қизиқчига обрў олиб келмайди.
- Оддий халқ орасида шундай инсонлар ҳам бўладики, сўз устаси бўлмаса-да латифаларни жуда маҳорат билан ўзи тўқий олади. Фаолиятингиз давомида шундай инсонларга дуч келганмисиз ва улар билан ҳамкорликда ишлаш фикри туғилмаганми?
- Оддий халқ орасида жуда кўп талантли инсонлар бор. Масалан, ўзим туғилиб ўсган Самарқанд вилояти, Иштихон туманидаги Хина қишлоғида ҳам сўзга чечан инсонлар жуда кўп. Уларнинг ҳар бир сўзида юмор бор. Ҳамқишлоқларим билан гаплашсангиз, кулавериб ичагингиз буралиб қолади. Шундай кезларда нега шулар қизиқчи бўлмаган, деб ўйлаб қоламан. Менинг қизиқчи бўлишимга ҳам қишлоғимиздаги ана шундай инсонлар сабабчи бўлган, десам хато бўлмайди. Улар билан қизиқ-қизиқ гаплардан гаплашганимизда: “Сен ўқишинг керак”, - деб кўп айтишарди. Ана шу турткилар туфайли “Демак, менда қобилият бор экан”, - деган фикрга келганман ва 2002 йил Маннон Уйғур номидаги театр ва рассомчилик институтининг қўғирчоқ театри актёрлиги факультетига ўқишга кирганман. Йўналишим қўғирчоқ театри акётрлиги бўлса-да, қизиқчилик соҳасига бўлган қизиқишим туфайли, шу йўналишдан кетдим. Масалан, сўз устаси Аваз Охун ҳам қўғироқ театри режиссёрлигини битирган. Искандар Ҳамроқулов эса мусиқали драма театр факультетида, Самандар Ҳамроқулов драма театри йўналиши бўйича ўқиган. Лекин у қўшиқчилик йўналишини танлади. Демак, инсоннинг ички қобилияти нимага ундаса, шуни танлар экан-да инсон.

ТОҒУ-ТОШЛАРДА ЮРАДИГАН ЧЎПОНЛАРГА ҲАВАСИМ  КЕЛАДИ

- Агар қизиқчи бўлмасангиз, қайси соҳа вакили бўлардингиз? Қайси соҳа вакилларига меҳрингиз баланд?
 - Агар қизиқчи бўлмасам, билмадим ким бўлардим. Тўғрисини айтсам, тоғу тошларда юрадиган чўпонларга жуда ҳавасим келади. Телефонсиз, телевизиор ёки бошқа чалғитувчи воситаларсиз ҳақиқий ҳаёт гаштини суришади улар. Албатта, телефон ва замонавий техникаларнинг бўлгани яхши. Лекин инсоннинг табиат билан уйғун ҳолатда яшашига нима етсин. Бу билан чўпон бўлардим, демоқчи эмасман. Аммо қайси соҳага ҳавас қиласиз,  деб сўрашса чўпонлар ҳаёти кўз ўнгимда гавдаланади. Отам раҳматли мени диний йўлда фаолият юритишмни қаттиқ хоҳлаган. Ҳаттоки, ўзимздаги Полвон ота мадрасасига ҳам ўқишга қўйган. Мактабда ўқиб юрган кезларим уч ойлик таътилда шу мадрасада таҳсил олганман.  Қўлимдан келганча ўрганганман диний таълимни ҳам.  Бироқ барибир санъат соҳаси кучлилик қилди. Уйдагилар қарши бўлса-да, шу соҳани танладим. Агар қизиқчи бўлмаганимда, диний соҳа вакили бўлармидим, балки. 
- Оилангиз, фарзандларингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Умр йўлдошим, учта ўғлим бор. Фарзандларимизни кўпроқ тил ўрганишга қизиқтиряпмиз. Иккинчи ўғлимнинг спортга ҳаваси баланд. Ҳозир Пахтакор футбол клубида фаолият юритяпти. Худо хоҳласа, келажакда яхши спортчи бўлса, хурсанд бўлардим. Катта ўғлим тил ўрганиш билан машғул. Кенжатойимиз ҳали кичкина, энди уч ёшга кирди. Худо хоҳласа, уни ҳам ўзи қизиққан соҳага йўналтирамиз. 
- Айни пайтда нималар билан машғулсиз ва келажакдаги орзуларингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Айни пайтда ижод билан машғулман. Қўлдан келганча янги репуртуарлар ёзиш жараёнидамиз. “Навқирон” гуруҳида фаолият юритадиган яхши укаларим бор. Шаҳриёрбек Остонбеков, Шаҳзод Маъруфов, Темур Тўраев, деган истеъдодли йигитлар билан бирга ишлаймиз округда. Қолаверса, ҳарбийларимиз ҳақида ҳазиллар қилмоқчимиз. Шундай кўрсатув қилиш ҳаракатидамиз. Бу борада “Севимли” телеканали билан ҳам маслаҳатлашдик. Уларга ҳам маъқул келди ғоямиз. Эрта-индин ана шу кўрсатувни тасвирга олиш жараёнини бошлаш арафасидамиз. Худо хоҳласа, октябр ойида янги репертуарлар билан “Халқлар дўстлиги” санъат саройида яккахон концерт қўйиш ниятим ҳам бор.
- Суҳбатингиз учун ташаккур.

Суҳбатдош - Гулруҳ ЁРМАТОВА.
Манба: "Бекажон" газетаси. 2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот