МУҲАББАТНИНГ РАНГИН КУЙЛАРИ


   Шахсий кутубхонамда дилбар шоира ГУЛАНДОМ ТОҒАЕВАнинг биргина – “Чақмоқ хўрсиниқлари” китоби бор экан. “Ўзбекистон-Ёзувчи” нашриётида 1994 йилда нашр этилган китобга таниқли шоира Фароғат КАМОЛ булбулнинг қулоғидек мухтасар сўзбоши ёзган экан.    
   Мана, ўша сўзбоши:
Бир дарё бор. Шеърият,
Шу дарёда оқсанг.
Туйғулар шиддати кўнглингни беҳуд этса,
Дардлар сен билан тиллашса.
Сен буюк муҳаббатга эгалик қилсанг.
Мўъжизага айлансанг... 
– Гуландом Тоғаеванинг шеърларида шундай эҳтиросли умидлар пинҳон. Бу орзу самимий, ўтли изҳорларда ифода этилади. “Мен офтоб нуридек тарам ва тарам, хаёл тирқишига кириб кетган дам, Мендек мўъжизангга ястаниб, ярам, ярадор эт барча жонзотларни ҳам”, -деб хитоб қилади у. Ёш шоиранинг даъватига ишонмоқ, уни қутламоқ лозим. Гуландомнинг овози ўзбек шеъриятида ўз ўрнини топишига, янги изланишлар, демакки, янги, ўзига хос қўшиқлар бўлиб жаранглашига ишонаман.

ФАРОҒАТ КАМОЛ”.

   Мен нима ҳам дердим: Гуландомнинг шеърлари кўнгилга оҳанрабодек чиппа ёпишади. Байтлардаги маҳзунлик ва масъумлик баҳор найсонларидек ёқимли. Бу шеърларни таҳлил қилгандан кўра, ўқимоқ, баҳра олмоқ, дил дафтарига кўчирмоқ лозим. Қолаверса, китобга Абдували Қутбиддиндек гўзал шоиримиз муҳаррирлик қилган экан. Гуландомнинг битикларида устози билан дилдошлик ҳам сезилиб туради.

Муҳаммадали Аҳмадий.

“ЧАҚМОҚ ХЎРСИНИҚЛАРИ”дан шеърлар

***
Шишиб сурнай бўлди булбулнинг лунжи,
Қурчоқ йиғар экан қучоқлар қўнжи,
Бизни асролмади вужуднинг ганжи,
Ўзинг асра бизни, туморим...

Момақаймоқ бошин эгиб Маккага,
Қисир соғинчларин айтса ҳаккага,
Моматалоқ ойни якка-яккада
Севиб булоқ бўлдик, ичди андалиб.

Настарин баргида терлаб ситора,
Эй, жон, ётоғингга кет, деб қистар-а,
Дийдор бутоғига суртиб устара,
Каъбани соғиниб кетдик, биродар...

ИЗҲОР

Кечир, сени яна соғиндим,
Лабларингдан қидирдим паноҳ.
Мен соғиниб қилмасман афсус,
Соғинтириб қилмайсан гуноҳ.

Мен ўпаман. Ой – менинг бўсам,
Мен ўпаман. Кун – менинг бўсам.
Ҳар тонг соқий ул қуяётган
Май ҳам менинг, сун – менинг бўсам.

Йил ҳам ўтар. Биз кўришмаймиз,
Ой кўришар сен билан, жоним!
Кун кўришар сен билан, жоним!
Ҳар тонг соқий сенга қуядир,
Май кўришар сен билан, жоним!

Йил ҳам ўтар. Қабримни безар
Севилмаган битта қизғалдоқ.
Аммо у ҳам севилган Гулнинг
Лабларидан топади паноҳ.

Мен севилмай туриб севиндим,
Мен соғинган лабларинг паноҳ.
Мен ҳам севиб қилмайман афсус,
Сен севилиб қилмассан гуноҳ...

***
Равзаингни доғида
Артди рухсор ёшини,
Нолаким, ёш чоғида
Олар эмиш ёшиниб.

Байтул-аҳзон этгани,
Келса қиёмат-қоим.
Кўзларимга суртгани
Асра уни, Худойим!..

***
Мен сизни соғинсам, соғинсам,
Соғинсам тўкилур шабнамлар.
Бир сокин шу Вақтдан оғринсам
Ёндиргим келади шан шамлар.
Агар бир шу дийдор, шу дийдор
Қўлида бўлсайди тоғларнинг.
Агар бир шу дийдор, шу дийдор
Йўлида бўлсайди боғларнинг
Қушлари бўлардим тоғларга,
Тушлари бўлардим боғларга.
Агар шу нигоҳдан айрилсам,
Айрилсам дунёни ғам босар,
Шу нигоҳ мен томон қайрилса,
Дунёни мен ёққан шам босар...

Гуландом ТОҒАЕВА.