ОДАМ ЭСЛАНАДИ...


АТО ўғиллари,
ҲАВВО қизлари,
Бутун умри аччиқ кўз ёшга ғарқлар.
Худонинг қарғиши теккан Ватанлар,
Азоб чекаётган беҳисоб халқлар.
Юракдан қаритган оғриқ, яралар,
Миш-мишлар,
хафақон алам, фарёдлар.
Ичидан қон кечган бўм-бўш саройлар,
Даволаб бўлмас ҳеч касал авлодлар.
Эй, ўзидан хурсанд ўзгармаслар-ей,
Эгилмас даҳолар,
тинмас урушлар.
Тушуниб бўлмас йўқ,
енгилмас дардлар,
Ҳеч не қилолмаган бекор курашлар.
Эй, юраги тоза,
қайноқ ишқ билан
Иситмалаб ётган қондаги ўтлар.
Қайсидир бир ёққан амали учун
Аллоҳ сақлаб турган имони бутлар!
Мен нима ҳам дердим,
ғижим қоғозлар,
Шеърлар орасида тирик қолмайман.
Мен сизни севганман Аллоҳ йўлида,
Шу севгим ҳаққи
мен ғазабланмайман.
Жуда ғалатисиз,
ранжий олмайман,
Қўл тегса ачишар қаеримизга.
Қуруқ ўтгандаймиз бу тўсиқлардан
Фақат зулм қилиб бир-биримизга.
Эй, ўзин ғамига ўралиб қолган
Қуёшга кулги ер,
ерга кулги кўк.
Ҳожат йўқ ҳеч қандай ақллиликка,
Олқишга,
мақтовга,
сиёҳга бешак.
Даҳолар,
урушлар,
жанглар,
ғалаба,
Мағлубият, оғриқ эсланмас бир дам.
Одам эсланади -- Нур ўғил, қизи,
Жаннат,
жаҳаннамда,
қиёматда ҳам!

Адиба УМИРОВА.