НАВРЎЗ
Ғайрат МАЖИД
СЕНИ СОҒИНДИМ БАҲОР
Бир хуш назар ташлар мўйсафид тоғлар,
Гуруллаб, гуркираб бормоқда боғлар,
Муаттар ифордан сармаст димоғлар,
Мен сени жудаям соғиндим баҳор.
Болалар тилида бойчечак – алёр,
Турналар парида баҳордан хат бор,
Қалдирғоч чуғурлар – қаламқош нигор,
Мен сени жудаям соғиндим баҳор.
Бинафшани кўзга сурган момолар,
Гуллардан ифорли эзгу дуолар,
Жонга жон бағишлар намхуш ҳаволар,
Мен сени жудаям соғиндим баҳор.
Қуёшни ўйнатиб шарқироқ сойлар,
Ажиб туйғуларни кўнгилга жойлар,
Ўзгача кўринар юлдузлар,ойлар,
Мен сени жудаям соғиндим баҳор.
Кўкда жимирлаган капалаклар хуш,
Қизлар сочпопуги толбаргаклар хуш,
Шу дамда изғирин ё эртак, ё туш,
Мен сени жудаям соғиндим баҳор.
НАВРЎЗ
Уйимга келди олам,
Куйимга келди олам,
Тўйимга келди олам,
Шу менинг кўнглиммикан?!
Абрлар тўкилдилар,
Жабрлар тўкилдилар,
Сабрлар тўкилдилар,
Шу менинг кўнглиммикан?!
Сўзларим гуллайдилар,
Бўзларим гуллайдилар,
Рўзларим гуллайдилар,
Шу менинг кўнглиммикан?!
Гулимни ўпгум энди,
Дилимни ўпгум энди,
Ўлимни ўпгум энди,
Шу менинг кўнглиммикан?!
НАВРЎЗ ЎЛАНИ
Тоғлар чиқай той билан,
Оҳ-оҳ, оҳ жон,
Оққуш тутай ёй билан,
Оҳ-оҳ, оҳ жон.
Бўйу ҳуснинг талашар,
Оҳ-оҳ, оҳ жон,
Сарв билан, ой билан,
Оҳ-оҳ, оҳ жон.
Ҳисор ости ойбулоқ,
Оҳ-оҳ, оҳ жон,
Гажагида не сўроқ,
Оҳ-оҳ, оҳ жон.
Қамишларни най қилиб,
Оҳ-оҳ, оҳ жон,
Куйлай сени гул ёноқ,
Оҳ-оҳ, оҳ жон.
Ошиқ бўлдим, кенг бўлдим,
Оҳ-оҳ, оҳ жон,
Ёқа бўлдинг, енг бўлдим,
Оҳ-оҳ, оҳ жон.
Орим асраб дилимда,
Оҳ-оҳ, оҳ жон,
Тоғлар билан тенг бўлдим,
Оҳ-оҳ, оҳ жон.
ДАЪВАТ
Ишон, одам, баҳорга ишон.
Шавкат Раҳмон.
Бошлаб келдим баҳорни, мана,
Қиэғалдоқлар кўксимда нишон.
Гул қалбида нозик тантана,
Ишон, фақат баҳорга ишон.
Кел, оламни нурларга ўра,
Қирларнинг оқ кўйлаги оқшом.
Ялпизгинам, бинафша жўра,
Ишон, фақат баҳорга ишон.
Дил бормокда дунёни енга,
Унга керак на шуҳрат, на шон.
Йўқ, ишониб бўлмайди менга,
Ишон, фақат баҳорга ишон.
Учди-кетди қуёшга тикка,
Жоним, қушим, муборак хуш он.
Иймон бордир кўнгилда якка,
Ишон, фақат баҳорга ишон.