Осмондан тушган бахт


 Феруза ОРИПОВА
Осмондан тушган бахт
Ҳикоя

     Кўча томондан машинанинг сигнали эшитилди. Азимжон “Ойи, мен кетдим”, дея дастрўмолга ўралган бир дона нонни қўлтиғига қисганча ховлиқиб кўча томон шошилди. 
     Машина оғир силкиниб, катта асфальт йўлга қараб илгарилаб кетди. Шаҳарга бир-икки сўм пул топиш, рўзғорини камини тўлдириш, қорин тўйғазиш илинжида бўлган қишлоқнинг турли ёшдаги беш нафар эркаклари машинада жам бўлишганди. Улар шаҳарга етиб келишганида, осмон пештоқига терилган юлдузлар сўниб, заминга ёруғлик туша бошлаганди. “Ишқилиб, бугун тузукроқ иш бўлсин-да, икки кундан буён зах бетон устида куним бекор ўтиб кетяпти”, хаёлидан ўтказди Азимжон. Келинойиси бетоб, акаси ногирон, укалари ҳали ёш. Оиладаги саккиз жон ойисининг нафақаси-ю, Азимжоннинг кунда-кун ора топиб бораётган арзимас тирикчилигига амаллаб кун ўтказишяпти. Бу йил, аксига олиб, деҳончилик ҳам яхши бўлмади. Қиш келса, оиланинг ҳоли нима кечаркин? 
     Елкасида оғир юк тургандай эзилган Азимжон яхши кунларга умид боғлаб, оғир хўрсиниб қўйди... 
     Бир пайт уларнинг ёнгинасига қора парда тортилган хориж русумидаги машина келиб тўхтади ва икки барзанги йигит тушиб келишди. Уларнинг атрофини ўраган, тирикчилик умидида “мардикор бозори”га чиққан турли ёшдаги эркаклар “Сувоқчи керакми?”, “Бўёқчи керак эмасми?”, “Қўли гул дурадгорман, иним, арзон-гаровга ишлайман”, “Мендан зўри йўқ бу ерда”, “Мен иш танламайман!” каби турли хил таклифларни ёғдира бошладилар. Ҳалиги йигитлар эса ҳеч кимга қулоқ солмай, кимнидир изларди.
Туртила-туртила одамлар орасига кирган Азимжон “Қум ташишми, ғишт юклашми, зовур қазишми, барибир, менга иш бўлса бўлди!” деди дадиллик билан. У бугун ҳам уйга қуруқ қўл билан қайтишни истамасди.
— Неча ёшдасан? — сўрашди йигитлар ундан.
— Йигирма бешда, — жавоб берди Азимжон.
— Уйланганмисан?
— Йўқ ҳали...
— Ундай бўлса, сенга яхши иш бор, чиқ машинага! 
— Фақат бир кунликми?
— Ҳа, нимайди?
— Ҳамқишлоқларимга айтиб юборишим керак-да, онам хавотир оладилар.
— Бугун қоласан, эртага шу ерга олиб келиб қўямиз.     
     Ҳамрохлари бу шубҳали шахсларга бошқача қарай бошлади. Азимжонга ҳатто бормай қўя қолишни маслаҳат ҳам беришди. У эса “Нима бўлса бўлар, таваккал!” дея, буюртмачиларга қўшилди. Ҳайдовчи машина ойнасидан Азимжонни кузатаркан, унинг исмини сўради. Жавобини эшитгач, гап бошлади:
— Яхши, дўстим, сенга бир таклиф бор, бу сен ўйлаган иш эмас. Ишни аввал ҳаммом қилишу, сартарошга киришдан бошлайлик. Кейин бозорга бориб, сенга кийим-кечак харид қиламиз. Бугун ресторанда тўй бўлади, ўша ерга борамиз. У ерда сен вақтинча куёвбола ролини бажарасан.
— Бу нима деганингиз, тушунмадим?..
— Индаллосини айтгунча жим турсанг-чи, ўша тўйда куёвбола йўқолиб қолди. Келин тайёр. Меҳмонлар кела бошлаган, фақат куёв йўқ. Келин жуда обрўли одамнинг қизи. Сенга беш юз минг сўм пул бераман. Бировга чурқ этмайсан. Эртага эрталаб янги кийимлар ва пулни олиб, ҳеч нарса бўлмагандек кетаверасан, уқдингми?
     Азимжоннинг шу топда тили айланмас, бошига биров гурзи билан ургандек қотиб қолганди, энди нима қилади? Куёв бўлиш, гўшангага кириш… ўзи ҳали уйланмаган бўлса... Онаси нима деркин? Аммо кўз олдига 500.000 сўм пул келди-ю… Йўқ, ҳартугул, оиласини бир оз оёққа турғазиб олишга ёрдам бўлади. Эҳ, камбағаллик қурсин, иложсизликдан тақдирнинг мана шундай тахқирига, қалтис ўйинига рози бўлиб турибди-я...
— Майли, — деди Азимжон овози қалтираб. 
     Бу орада улар биринчи вазифаларни уддалаб, бозорга етиб келишди. Қарийиб бир соат давомида Азимжон бош-оёқ сарполик бўлди. У замонавий қилиб калталанган сочига, эгнидаги тушида ҳам кўрмаган либосларига қараб, ҳайратланар, ўзига-ўзи “Шуларнинг ҳаммаси мен учунми?” дея тили айланмасди.
   Улар келинни олгани ҳашаматли уйга келдилар. Остонада кутиб олган йигит ўзини Шерзод деб таништирди ва унга “куёвжўра” бўлишини айтди. Серҳашам ҳовлига кириб борган Азимжоннинг ҳайрати янада ортди, вужудини титроқ босди. Ёш болаларнинг “Куёв келди!” деган ҳайқириғи тўйхонани тутди.
Ҳовли тўридаги нақшинкор айвонда ўтирган аёллар аста қўзғалиб, “Вой, бўйларингга қоқиндиқ, истараликкина экан, умрингни бергур”, дея бирин-кетин “куёв”ни оғзидан бол томиб мақтай кетишди. Шу орада Шерзод унинг жонига оро кирди: “Юринг, келинни олиб чиқамиз…”
     Азимжоннинг юраги безовта ура бошлади. Гўё бари тушида бўлаётгандек эди. Қизлар қийқириғи билан тўла уй тўрисида оқ либосли малаксиймо унга таъзим қилиб салом берди. Атрофни ўраганлар “Кўп яшанг, бахтли бўлинг, қўша қаринг, бир-бирингизга узукка кўз қўйгандай муносибсиз!” дея, ҳавас билан гапира кетишди. Йигит қўлидаги гулни келинга тутқазаркан, унинг чиройли, кишини ўзига беихтиёр мафтун қиладиган, аммо негадир ёш милтиллаган кўзларига кўзи тушганда, юраги алланечук бўлиб кетди...
     Келин-куёв етиб келганларида, ресторан аллақачон меҳмонлар билан тўлиб бўлган эди. Ёр-ёр садолари остида тўрга ўтдилар. Ҳамма уларга ҳавас билан қарар, энг яхши тилаклар улар учун айтиларди. Азимжон келиннинг исми Ширин эканлиги, ўзи ҳали институт талабаси-ю, келажакда шифокор бўлишини изҳор этилаётган тилаклардан билди. Шу тобда ўзи ҳам шифокор қизга уйланишни орзу қилганини эслаб, унга зимдан назар солди: барча гўзал фазилатлари юзида акс этиб турган бу малакнинг нега кўзлари ғамга тўла? Ахир у ҳам чинакам бахтга, муҳаббатга, меҳрга лойиқ қиз экан-ку?
     Ширин ҳам Азимжоннинг нигоҳларини сезди шекилли, харир рўмоли остидан аста унга қаради. “Куёв”нинг юзи негадир қизаринди, у нигоҳини бошқа томонга олиб қочди-ю, энди хаёлидан бу қарашларни қувиб юбора олиши қийинлигини ҳис этди.
    Шундай қилиб тўй ҳам ўтди. Келин-куёв ясатилган машинада шаҳар марказидаги кўп қаватли уйларнинг бирига йўл олишди. Уларни ёши элликлардан ошган онахон ва ўттиз беш ёшлар атрофидаги аёл қарши олдилар. Афтидан, уйда шулардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Азимжон нима қилишини билмай карахт, бир айланиб куёв бўлиб ўтирганидан лол эди. Хаёлида эса онасининг “Болам, тенгинг қолмаяпти, синфдошларинг иккитадан болалик бўлди-ю, қўлимиз калталиги қурсин, қорнимиздан ошиниб, тўй ҳам қилолмаяпмиз” деган нолишлари гавдаланди. Агар мана шу дабдабали тўй ҳақиқатда ўзиники бўлганида, кимнингдир ўрнига роль ўйнамаганида ва айнан мана шу жозибали кўзлар соҳибаси ростдан суйгани, танлагани, бир умрга йўлдош қайлиғи бўлганида, қандай яхши бўларди… Нега тақдир бу қадар бешафқат бўлмаса? Бугун унинг устидан кулдими ёки раҳми келдими? 
     Атлас кўйлакда ял-ял ёниб, фаришта мисол кириб келган хушқомат Шириннинг “Чой ичасизми?” деган қўнғироқдай овози юмшоқ курсининг бир четида омонатгина ўтирган Азимжоннинг хаёлини бўлди. Йигитнинг юраги қинидан чиқиб кетгудай хапқирди, айни шу дамда унинг тили айланмас, гўё қотиб қолганди. У бошини аранг қимирлатиб “ҳа” ишорасини қилди. Ширин эса тавозе билан хонадан чиқиб кетди.
     Азимжон уни ортидан кузатаркан, шундай гўзал қизнинг тақдири нима учун ёлғондан бошлангани, нега бу ҳақда ҳеч ким чурқ этмагани ва энди ўзи нима қилиши кераклиги ҳақида ўйлади. Ширин дастурхонга ноз-неъматлар, нон-чой олиб кирди, сўнг Азимжонни ҳам таклиф қилди. Кўзлар тўқнашди, иккисининг қалбида кечаётган ғалаённи ўзларидан бўлак ҳеч ким билмайди… ўртадаги оғир сукунат гўё иккисини ютиб юборгандай. 
     Ниҳоят Азимжон тилга кирди: 
— Исмингиз нима?
— Бугун бу исм минг марта айтилди, чоғи… 
— К-кечирасиз, унутибман, Ширин… Ҳа, дўхтирмидингиз?
— Нимайди?
— Бошим оғрияпти, сизда дори топиладими?
— Афсус, йўқ, чунки бу уйга мен ҳам сиз сингари меҳмонман. Яхшиси, мана бу кўк чойдан ичинг, оғриқни қолдиради.
— Хўп… — итоаткорона сўз қотган Азимжон энди қайси мавзуда гап бошлашни билмай, гаранг эди. Ниҳоят у яна тилга кирди. — Талабамисиз?
— Ҳа, тиббиёт институтида ўқийман.
— ўқиш қийин бўлса керак-а?
— Йўқ, унчалик қийинмас.
— Мен журналист бўлишни орзу қилгандим.
— Нега бўлмадингиз?
— ўқиш учун пулим йўқ эди-да, шунга тирикчилик йўлини танладим.
— Тирикчиликнинг айби йўқ, у энг ҳалол иш.
— Ҳа, тўғри айтасиз, мактабда адабиёт фанини яхши кўрардим, тўғрироғи, ўша ўқитувчимизнинг сариқ сочли қизини ёқтириб қолганим учун шу фанга қизиққан бўлсам керак. У эса шаҳарлик бир олифтани севиб, турмушга чиқиб кетди...
— Ҳалиям севасизми ўша ўқитувчингизнинг қизини?
— Йўқ… у мени эмас, бойликни севди. Шу сабабли бир бой қариндошига турмушга чиқди. Мен дуторимни чалиб қолавердим.
— Муҳаббатга ишонасизми?
— Ҳа, ишонардим, бу ҳақда шеърлар ҳам ёзганман, кейин ишонмай қўйганман. Истасангиз, ўқиб бераман.
— Майли, — Шириннинг овози қалтирабгина чиқди.
— Унда эшитинг, — Азимжон шеър ўқий бошлади:
Муҳаббат даштида товоним куйди,
Телба бўлди кўнгил ишқ саҳросида,
Ҳижронлар бошимдан ёмғирин қуйди,
Висол ардоқланди кўз қаросида...
Вафога айтилди охирги тилак,
Энг сўнгги каломлар “алвидо” бўлди.
Тақдир ўйинида жон берган юрак,
Ишонч қўлларида хазондай сўлди... 
     Орага яна жимлик чўкди. Узоқ сукутдан сўнг Азимжон базўр “Нега бундай бўлди?” дея, савол назари билан Ширинга қаради-ю, қизнинг сўзсиз йиғлаётганини кўрди… Шу дамда Азимжон мана шу маъсумгина қизни қандай дард эзаётгани, нега кўзлари ёшга тўлгани, юрагини кемираётган ғам нелигини билгиси келарди.
— Ширин, сизни хафа қилмоқчи эмасдим, мени кечиринг. Агар қўлимдан келса, сизга ёрдам берсам, дегандим. Фақат йиғламанг, илтимос!..
— Сиз номуси поймол этилган, алданган, бахтиқаро қизни одамлар орасида бадном бўлишдан, иккинчи бир бахтсизликдан асраб қолдингиз...  
     Азимжоннинг кўнглидан ўтказган шубҳалари ҳақиқатга айланган эди. У Ширинни нима деб овутишни билмас, қизнинг кўнглини кўтаргиси келар, унга табассум билан боқишни жуда-жуда истарди. Аммо Ширин, гўё тубсиз жар ёқасидаги чорасиз одамдек, хавотирда эди. У учун номуссизликдан кўра ўлим осонроқ эди. Унга ҳатто шуни ҳам раво кўришмади. Бугунги тўй саҳнаси эса унга ҳаммасидан ошиб тушди. Бадном бўлгани бир азоби бўлса, бу каби ёлғон никоҳ, ёлғон тўй чексиз қайғу эди.
— Ким, ўша аблаҳ?
— Қўйинг, уни эслатманг... Барибир эркаклардан нафратланаман. Бири мени шундай аҳволга солиб кетди, дадам ўз шаънини ўйлаб, тўйни тўхтатмади, акам бўлса, мана шу сохта тўйни ташкил қилди. Мен ҳақимда эса ҳеч ким ўйламади.  
— Ўша номард ким ўзи? Илтимос айтинг, бир оз енгил тортасиз-ку?
— Сизга қизиғи йўқ буни.
— Йўқ, ундай деманг, менинг ҳам сиз каби синглим бор. Аёл кишининг шаъни — эрнинг номуси. 
     Ширин қаршисида ўтирган йигитнинг бу гапларини эшитгач, қалбида унга нисбатан илиқлик сезгандек бўлди. Нега бундай бўляпти? — ўйлади.  Ахир  тонг ёришиши билан кетади-ку. Ёки унинг самимийлиги, соддалиги, ғурури асир этяптими мени? Унга бор ҳақиқатни айтсамми ёки…”
— Сарварнинг отаси дадамнинг энг яқин дўсти эди, — гап бошлади Ширин хўрсиниб. — Сарвар билан болаликдан бирга ўсганмиз. Дадам ва унинг дадаси бирга ҳамкорлик қилишарди. Фақат кейинги пайтда икки дўст келишолмай қолди. Фирмадаги камомадни дадам амакимнинг бўйнига қўйган, чунки Асад амакининг қалбаки ҳужжатлар асосида четга товар жўнатаётгани, фирма ишига хиёнат қилгани ва аҳлоқсизлик кўчасига кирганини билиб қолган. Дўстига, яхшиси, ишдан кетишини, акс ҳолда, судга беришини айтганда, “Қараб тургин ҳали, сени пушаймон едирмасамми…” дея, қасд қилган экан.
     Бир йил ўтиб, амаким орадаги гина-қудрат унутилишини, аввалги дўстлик тикланиши учун фарзандлар бирга бўлишини хоҳлаётганини айтиб, яна дадамнинг ишончига кирди ва уйимизга ўғли учун совчи бўлиб келди. Собиқ дўстлар яна бирлашишди, биз унаштирилдик. Тўйга яқин қолганда, бир куни Сарвар мени тўй либоси танлаб келиш баҳонасида уйдан олиб кетди. Либос танлаб бўлгач, бир дўстиникига олиб борди. Ўша куни у жуда жирканч ва қабиҳ ишга қўл урди, мени бокиралигимдан маҳрум этди. Кейин албата тўй қилишимизни, бахтли бўлишимни айтиб, мени алдади. Тўй белгиланди ва айнан тўй куни улар сўзидан қайтишди, биздан қасос олганларини билдиришди.
     Номардликка, номусга чидай олмаган дадамни асраш учун акам шу чорани танлади. Чунки тўйга таклифномалар тарқатилган, узоқ-яқиндан дўстлар келиб бўлган, сарф-харажатлар қилинган эди. Хуллас, тўйни қолдириб бўлмайдиган ҳолат юзага келди. Воқеани эса оиламиздагилардан бошқа ҳеч ким билмади. Мана, энди бор ҳақиқатдан сиз ҳам хабардорсиз. Агар тўйга розилик бермаганингизда, курсдошларим, дугоналарим, қариндошлар, маҳалла-кўй ва яқинлар олдида шарманда бўлардим. Бундай шармандаликдан кўра, ўзимни ўлдирганим яхшироқ эди. Менга ҳаётнинг қизиғи қолмади, тўғриси ўлгим келяпти, яшашни истамайман. Мен ота-оналарнинг хатолари билан бахтсизлик ўпқонига тушдим. Бешафқатлик, виждонсизлик, хиёнат, қасос қурбони бўлдим.
— Уни ўлдираман!.. Сиз ўзгалар хатоси учун жавоб бермаслигингиз керак!
— Афсус, шундай бўляпти. Тонг ёришяпти, сиз ҳам кетасиз. Аччиқ қисматимга кўниб, алам ўтида қовурилиб ота-онамни виждон азобига солиб, ўзимдан нафратланиб яшашдан бошқа чорам йўқ энди. Мен учун ҳаёт тугади.
— Ундай деманг, ҳаёт ҳали олдинда, — далда берди Азимжон, сўнг бир зум ўйланиб, бирдан дадилланди. — Ширин, бу воқеаларда сизнинг заррача айбингиз йўқ. Бошқаларнинг хатоси учун қурбонсиз, холос. Истасангиз…. сизни мен бахтли қилай… Сизни биринчи кўрганимдаёқ юрагим “жиз” этди. Қани энди мана шу ҳурилиқо ҳақиқий ёрим бўлса, деб орзу қилдим...
— Йўқ! Ундай қилолмайман, мен… сизга муносиб эмасман.
— Бу сир иккимизнинг орамизда қолади, — деди Азимжон янада қатъийроқ равишда. — Тўғри, камбағал оиланинг боласиман, отасиз ўсдим, лекин ўзимга яраша ғурурим бор. Мен кутган қиз бўлмаганингизда, ҳеч қачон бу гапларни айтмаган, келишилган вазифани бажариб, эрталаб ҳеч нарса бўлмагандай кетган бўлардим. Энди ундай қилолмайман. Биламан, виждон азобида қийналяпсиз, лекин… ишонинг, сизни севиб қолдим!
— Иккинчи марта хато қилишга ҳаққим йўқ. Бу йўл мен учун кечириб бўлмайдиган хато бўлади. Сиз ҳали ҳақиқий гўшанганинг бахтини кўриб, бокира қизга уйланасиз. Бир кун келиб, таъна-дашномлар ичида қолишни истамайман…
— Эҳтимол, оиламизни ўзингизникига тенг кўрмаётгандирсиз. Тўкин яшамаймиз, аммо мен ҳаётимда ҳамма нарсага ҳалол меҳнат қилиб эришаяпман. Мени бойлигингиз қизиқтирмайди, ўтмишингиз ҳам…
     Азимжон тақдирнинг қаттиқ зарбасига учраган шу қизни бахтли қилса, ўзининг ҳам кўнгли ёришишини ўйлади ва бўлиб ўтган воқеаларни унутишга, ҳеч қачон эсламасликка сўз бераркан, аста қизнинг қўлларидан тутди... 
     Эртаси куни Азимжон уйга бориб, оиласидагиларга  тўйга тайёргарлик кўриш ҳақидаги хушхабарни етказди. Акаси ҳайрат билан “Хазина топиб олган кишидай ҳовлиқмасанг-чи”, деганида, “Ака, лотереямга ютуқ чиқди, — жилмайди Азимжон. — Кейин… бир қизни севиб қолдим…” 
     Шириннинг акаси берган 5 000.000 сўм пул тўйнинг бошланишига етарли эди. Икки кун ўтиб қишлоқда катта тўй бўлди. Шириннинг дадаси севимли қизининг қисмати бошқа томонга бурилиб кетганидан — оддий қишлоқ йигитига турмушга чиқишга рози бўлгани, ўша ерда яшашга кўнганидан, айниқса, Азимжоннинг аҳдига вафодор йигитлигидан хурсанд, уларнинг соддадил оиласи-ю, самимий қишлоқ одамларидан кўнгли хотиржам бўлди.
     Бўлиб ўтган воқеалар ҳақида қишлоқ одамлари тугул, ҳатто Азимжоннинг оиласидагилар ҳам билмадилар. Ҳозир бу оилада камолга етаётган Азиза ва Жавоҳир Ширин билан Азимжоннинг қувончи. Азимжон ўзи орзу қилганидек, ўқишга кирди. Икки болали талаба ўқиш ва изланиш билан машғул. Келгусида ўз касбининг етук мутахассиси бўлиш умидида. Ширин эса институтни тамомлаб, қишлоқ шифохонасида аёллар шифокори бўлиб ишлаяпти. Уни бутун қишлоқ дуо қилади. 
      Ҳаёт ўз оқимида давом этяпти. Уларнинг бахтли оиласига эса кўплар ҳавас билан қарашади. Соддадил қишлоқ одамлари баъзан “Лотерея ўйнасанг-у,  Азимжонга ўхшаб, бахт қўш-қўш келса”, деб орзу қилиб қўядилар.  










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот