​​ОНА ТИЛИГА ҚАСИДА


ОНА ТИЛИГА ҚАСИДА

Ҳали башарият мурғак уйқуда
Билмаганда қалам, ҳарфу имлони.
У тоғлар кўксига гул қилиб чизди,
Гул дея англатди ёруғ дунёни.
Одамлар қулонлар ортидан қувиб
Жонлиғ келтирганда омоч-молага.
У булоқ сувини узатди қуйиб,
Гул баргини битиб лой пиёлага.
Балки ўша тасвир, балки ўша сир
Ҳаввонинг Атога бўлган дилидир?
Биламан, қайси сўз бўлмасин ўша,
У менинг юрагим – Ўзбек тилидир!
Боболар тили бу, эй Она тилим,
Сендан келар олис дала-дашт иси.
 Учар арғумоқлар қанотида сен
Қолдирган изларда курашлар изи.
Сен демайсан: “Ўлдир, ёндир, қасос, қон!”
Сен дегайсан: “Бағрим, севаман, ишон!”
Миллион йиллик очиқ дастурхонингда
Буғдой сўзу буғдой юрагингдир нон!
Само узра сочиб лавҳ хаттоти
Ҳикматлар китобин этганда тамом.
Бир сўз-ла жам қилди аждодлар ёдин
“Қутадғу билик”ка Хос Ҳожиб бобом!
Кимдир бузиб ўтар, ким эса тузиб,
Бахт на Мақдун, Чингиз олган тахтдадир!
Қилич соясида жаннатдир, ва лек
“Куч бирликда, қудрат Адолатдадир!”
Ўйлаганми тарих минг йиллар нари
Кўрайин деб дунё ўзбекларини.
Соҳибқирон тутган туғ билан ғолиб
Тузганида “Темур тузукларини!”
Олис юлдузларга чўзиб қўлини
Замин излаганда йиллар қаъридан,
Ёрқин тафаккурнинг ёруғ йўлини
Топди Улуғбекнинг жадвалларидан!
Сен – осмон илмини битгувчи китоб,
Сенда гиёҳларнинг рангин тушлари.
Сенда очилади ахир бобма-боб
Миллиард юлдузларнинг нуртовушлари...
Сен – майсалар тили, булбул кўз ёши,
Сен – шеърнинг қаноти, руҳдир мукаммал.
Беш достон беш қитъа бўлиб порлади
Навоий ҳайратдан шеър айтган маҳал!
“Осон эмас бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасиға панжа урмоқ!”
Шеър аҳли юз йиллаб тузган дунёни
Бир шер панжаси-ла олди у бироқ!..
Ҳазрат Навоийдан қолган қутлуғ сўз,
Илоҳий илҳомдан яралган тилим.
Бобурни йиғлатган, етти иқлимга
“Бобурнома” бўлиб таралган тилим. 
Сени унутмадим истибдод чоғи
Ҳар лаҳза қонимда қиличдек ўсдинг!
Чирмаб келганида зулмат қучоғи
Қалбимни қучоқлаб нур бўлиб тўсдинг!
Қадим оҳанглардан мен сени топдим
Изладим тафаккур осмонларидан.
Бир буюк халқ бўлиб чиқиб келдинг сен,
“Гўрўғли”, “Алпомиш” достонларидан.
Ким сени танимас, тан олмайди ким,
Камтар камолингни мақташ шарт эмас!
Футбол майдонида энг одил ҳакам,
Шахмат қиролининг юришидай бас!
Олимп саҳнасида ўзбек кураши,
Бугун дунё билар “ёнбош”, “чала”ни.
Ҳалоллик йўлини ўргатдинг жангда
Ўргатдинг меҳрнинг сири – аллани!
Ҳатто дўпписнинг четида бир шеър,
Каштали кўйлагин ёқаси – ғазал.
Жаннат эшигини очгувчи бир сир –
О балки, ўзбекий каломдир азал!
Сен – тилим тагида турган аччиқ тош,
Сенсиз мен ҳеч кимман, йўқдирман, билдим!
Сен – тирик хазина, сен – тирик афсун,
Сени англадим-у, дунёга келдим!
Қисиниб-қимтиниб юрмайман четда,
Кибр ё манманлик эмас фалсафам.
Ўзбек каломида Иймон, Номус, Ор
Ва икки дунёнинг саодати жам!
Сен – мухаббат тили ҳамда эрк тили,
Сен борки, Ҳақ билан сирлашамиз биз!
Сен жасорат тили ва мардлик тили, 
Сен борки, халқ бўлиб бирлашамиз биз!

    Зебо МИРЗО - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Маданият ва маърифат" телеканали муҳаррири, шоира, тележурналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот