Ёзувчи Назар Эшонқул билан суҳбат


Ёзувчи Назар Эшонқул билан суҳбат

– Адабиётнинг бош вазифаси, адабий виждон ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдик...
– Адабиёт бевосита ҳам, билвосита ҳам инсонни тарбиялайди. Унинг дидини, дунёқарашини, савиясини, инсонга, миллатга, дунёга, эзгулик ва ёвузликка бўлган муносабатини тарбиялайди. Мен Кафкани ўқисам, демак, унинг қарашлари менга бевосита «юқади», унинг жамият ва инсон ҳақидаги хулосалари менинг савиямга, дидимга таъсир қилади, эҳтимол, шакллантирар ҳам. Кафканинг ўрнига ҳақиқий истеъдод эгаси бўлган хоҳлаган ёзувчини қўйиб, шундай дейишимиз мумкин. Эртак болага қандай таъсир қилади? Нега эртак айтамиз болаларга? Алла қандай таъсир қилади? Алла ёки эртакнинг вазифаси нимадан иборат? Адабиётнинг вазифаси ҳам шундай. Кимнинг асарини ўқиманг, асарнинг вазифаси, агар у ҳақиқий адабиёт намунаси бўлса, шундай. Навоий ғазалларини ёд билган ва хиргойи қилиб юрган одамнинг таъби нозик бўлади, дейишади адабиётшунослар. Навоий фақат таъбга эмас, инсон руҳиятига ҳам, тарбиясига ҳам, дунёқарашига ҳам таъсир қилади. ХIХ аср рус прозаси ХХ аср рус ақлини, рус тафаккурини, рус зиёлисини тарбиялаб берган. Бу инкор этиб бўлмас факт. Шундай экан, адабиётнинг вазифасини торайтириб, у фақат адабиёт учун хизмат қилади, адабий виждон соф адабий тушунчадир дейишларига мен унчалик қўшилмайман. Бироқ масала шундаки, адабиётга вазифа юклаб, шуни қиласан деб буюришнинг ўзиёқ бу вазифани сохталаштиради, сунъийлаштиради, адабиётнинг вазифасини йўқ қилади. Шўро адабиёт вазифасини сунъийлаштиргани учун ҳам у даврдаги адабиёт сунъийлашди. Адабиётга олдиндан вазифа бериш ҳамиша шўро тузуми тажрибасини ёдга солади. Адабиётга вазифа тайинлаб бўлмайди, у пайдо бўлган куниёқ ўз вазифасини ўзи танлаб бўлган. У истеъдодлар орқали қарашларни, тафаккурни, туйғуларни, муносабатларни янгилайди, яъни дидни ва савияни тарбиялашда давом этаверади. Унинг олий вазифасидан ким чекинтирмоқчи бўлса, бошига шўро куни тушаверади. Бугунги баъзи «билимдонлар» адабиётнинг вазифаси йўқ» деган қарашни тинимсиз сингдирмоқда. Гўё шу билан адабиётни ижтимоий ҳаётдан узиб олиб, уни ўз ҳолича ривож топадиган, ўз ҳолича яшайдиган бир соҳа деб таъкидлашади. Мен бу қарашларга қўшилмайман. Бугун Навоийни тушунадиган одамнинг камлиги ёки уни ўқийдиган, завқланадиган ўқувчи озлиги – бу ҳали адабиётнинг ижтимоий ҳаётдан узилиб қолганини кўрсатмайди, аксинча, бизнинг адабиётдан узилиб қолганимизни кўрсатади. Бугунги техник асрда адабиёт ўрнини маълум маънода техника ютуқлари, ахборот технологиялари (ТВ, интернет) қоплаётгандай, адабиётга ўрин йўқдек таассурот пайдо бўлди. Аммо булар бари ўткинчи. Бу технологияларнинг ҳеч бири адабиёт ва санъат ўрнини босолмайди. Булар бугуннинг ахборот ва тарғибот воситалари, холос. Адабиётнинг вазифаси ҳақида гап кетганда, Борхеснинг бир гапи эсимга тушади. «Проза миллат тафаккурини тарбиялайди, шеърият туйғусини».
– Оддий ва жўн, аммо инкор этиб бўлмас изоҳ. Фақат бу ерга бугунги ўзини адабиёт деб атаётган беллитиристикадан келиб чиқиб, «тижорат прозаси ва таъма шеърияти эмас», деб қўшиб қўйиш керакка ўхшайди....
– Адабиёт миллат кўнглидир. У ана шу катта кўнгилда содир бўлаётган ўзгаришларни билиши, англаши, оғриши, завқланиши, куйиниши, талвасага тушиши шарт. Шуни айтиш керакки, адабиётни англаш хос ҳолатга, хос тушунчага айланиб бормоқда. Оммавий маданият ва оммавий тафаккур тарзи адабиётни туб вазифалардан, туб моҳиятдан чалғитишга уринаяпти. Бу ҳолат бутун дунёга хос. Ҳақиқий санъат ўрнини шоу-бизнес тафаккур тарзи эгаллаб олмоқда. Енгил-елпиликка асосланган, савиясиз оломонга мўлжалланган, тижоратдан бошқа ҳеч қандай нияти бўлмаган бу «маданият» шу пайтгача шаклланган, аждодларимиз зеб берган дидимизни хатар остига қўяётгани ҳам рост. Навоийни ўқиш бугун ноёб фазилатга айланиб бораётган экан, оммавийбозлик бизнинг ичимизга ҳам кириб улгургани бу. Бугун болаларимиз Навоийнинг битта тўртлигини билмаса ҳам аммо қаёқдаги тутуриқсиз бир репни бошдан-оёқ ёд билиши ҳам бу бизнинг фожиамиз. Савияси кўча гапига тенг бўлган қўшиқлар ва кинолар, сериаллар, сариқ-матбуотдаги кўнгилни айнитадиган, эрмак учун ёзилган «роману ҳикоялар» ана шу хатарнинг яққол белгиларидир. Яқинда бир газетачи ношир бир ёзувчи билан гаплашаётганини устидан чиқдим. Ношир ёзувчидан ур-йиқит, қон тўкишдан иборат ўткир сюжетли дитектив ёки ишқий можаралар очиқ ифодаланган асар буюртма бераётган эди. Шунда газетанинг нусхаси кўтарилар экан, эвазига эса ёзувчига катта қалам ҳақи тўланар экан. Бу хил шартномалар ҳар бир нусхаси катта газеталарда ҳар куни тузилиб турибди. У хил ноширлар бизнес нуқтаи-назардан миллат дидини Навоийдан ва Қодирийдан совутиб, олди-қочдига бураётгани, шу билан ўзларини тадбиркор деб билаётгани ҳам бугун сир эмас. Аммо ноширларни ҳам айблаб бўлмайди. Улар бизнес одамлари. Бозорда нима ўтса, ўшани сотишади. Ҳамма айб дидда! Оилавий дидда, оилавий тарбияда. Агар менинг дидим ўша нашрдаги роман ва ҳикояларни, олди-қочдини ҳазм қиладиган даражада пастлашган ва тубанлашган экан, бунинг учун ноширни, замонни айблаб ўтириш гуноҳ. Айб ўзимда. Мен дидимни шу даражада тубанлаштириб қўйганим учун айб ўзимда. Агар менинг ва ҳамманинг диди бу «олди-қочдилар»га йўл бермаганда бунақа асарлар ҳам пайдо бўлмасди. Бозор дидга мослашади. Бошқа томондан олганда, одамлар, ҳар қалай, қандай бўлса ҳам мутолаа қилаяпти. Шунинг ўзи қувонтиради. Аммо барибир булар ҳали адабиёт дегани эмас. Булар адабиётнинг кўпиклари, лойқалари. Ночора, шу бугунги дидимиз шу лойқа сувни ичишга маҳкум экан, унда ичаверамиз. Лойқа тагида тиниқ ва мусаффо сув борлигини билмагинимизча ичаверамиз. Шу туфайли ҳам ўзини ҳурмат қилган, адабиётни муқаддас деб билган ижодкор ўзини четга олади, бу талотумга қўшилгиси келмайди. Улар шунинг учун сокинликка, сукунатга чўмгандай туюлаяпти. Умуман олганда, азалий тажрибалар, азалий эврилишлар шуни кўрсатганки, адабиётнинг ўрнини олди-қочдилар, таъмагирлар, мадҳиябозлар, сохта туйғулар, сохта муносабатлар, тижорат эгаллаганда, токи шу ҳолат ўзини фош этиб, авра-астари чиқмагунча ҳақиқий адабий туйғулар четга чиқиб, жараённи кузатиб турган. У фош бўлгандан кейин яна ўз ўрнига қайтган.
– Шунга қарамасдан, адабиёт инсон дарди ва орзуси билан яшаши керак. Унинг бош қаҳрамони қайғураётган, орзу қилаётган, алам чекаётган, кулаётган, ўйланаётган, изланаётган, изтироб чекаётган, йўл ахтараётган ИНСОНдир. Ёзувчи ўша инсонни замон талатўплари ичидан топа олаяптими?
– Замон қаҳрамони ҳам ўша ИНСОН! Биз у инсонни топдикми? Менимча, йўқ. Агар топганимизда адабиёт бозори жилови сариқ матбуот қўлида эмас, адиблар қўлида бўларди. Бугунги одам бизнинг асарларда ўзини кўролмаётгани учун ҳам эҳтимол олди-қочдига қараб оғиб кетгандир? Яна ким билади... Адaбиёт инсон қалби ҳақидаги энг улкан билим, энг улкан тадқиқот. Ҳар қандай жамиятни, ҳар қандай тузумни адабиётга бўлган муносабатидан билиб олса бўлади. Адабиёти хор бўлган ҳар қандай жамият ўзини қанчалик гуманист қилиб кўрсатмасин, барибир бир куни таназзулга юз тутади. Буни биз инсоният тарихида кўплаб марта, айниқса, шўро тузуми мисолида яққол кўрдик. Инсонни ҳеч қайси фан адабиётчалик акс эттиролмайди, ҳеч қайси санъат тури адабиётчалик чуқур ва кенг тасвирлай олмайди, ҳеч қайси восита инсон руҳи ва хаёлига адабиётчалик эрк беромайди. Демак, ҳеч бир восита адабиётчалик эзгуликни ҳимоя қилолмайди. Адабий виждон ана шу буюк туйғуга хиёнат қилмасликдир. Адабиёт, аввало, бизнинг ичкаримизга боқишига ўз қалбингиз, хаёлингиз, эркингиз эгаси бўлишга ўргатади: ичкарингизда ҳали ўзингизники бўлмаган жуда кўп нарса бор. Китоб ўқилган сайин ичкарингиз коинотдан ҳам кенгроқ ва бепоёнроқ эканига амин бўласиз. Сиз, аввало, ичкарингиздаги жаҳолатни ўлдирмай туриб, ташқи жаҳолатни ўлдира олмайсиз. Маданиятсиз, адабиётсиз кишигина ёвузлик ва зулм қила олади. Ёвузлик адабиётгача бўлган манзилдир. Адабиётдан сўнг руҳият, руҳ сари ва руҳ билан бирга сафар бошланади.
– Адабиёт Эзгулик ва ёвузлик, Раҳмон ва Шайтон ўртасидаги кураш саҳнаси бўлиб келган. Лекин бугун, ўқувчи таассуроти билан айтганда, адабиётда “ёмонлар” ва яхшилар”нинг қиёфаси кўринмай қолди. Шу жиҳатдан, унинг ҳам вазифаси хиралашди. Шу пайтгача, адабиёт инсоннинг эзгулик ва ёвузлик тасаввурларини тарбиялаш билан шуғулланиб келган.
– Адабиётдаги образларнинг “яхшилар” ва “ёмонлар”га бўлиниши, ўқувчида фақат шу таассуортлар уйғотиши бугун ибтидойи вазифа бўлиб қолди. Чунки бугун Раҳмон ва Шайтон ўртасидаги кураш одамзотнинг ичига кўчди. Адабиёт ҳам энди кураш саҳнасини воқеаларга эмас, замон каби ўта мураккаблашган одамнининг ичига кўчирди: у ўзи ҳақидаги тасаввурлари ва қарашлари мураккаблашган, хиралашган одамни таҳлил қилишга, одамнинг ўзига одамнинг ўзи ҳақида “билим” беришга мажбур бўлаяпти. Жаннатдан қувилган одам бугунги кунда ўзи билан ўзи бесамар курашишга, шу кураш орқали ё ўзини тиклаб юксакликка кўтарилишга ёки таназзулга ботишга маҳкум этилган. Мабодаки, муқаддас китобларда битилгандек, наботат, ҳайвонот, жами табиат инсон учун яратилган экан, демак, “табиат”, “олам” деган тушунча инсоннинг ўзидир. Ундан ўзга нарса эмас. Биз табиатнинг бир бўлаги, унинг маркази, онгли қисмимиз. Биз нимани танласак, эртанги дунё бизга ўша томондан юз очади. Қачон инсон ташқаридаги олам ўзиники ва унинг ўзи эканини англаб етгандан сўнггина ўша азалий курашда мақсад пайдо бўлиши мумкин. Адабиёт одамзотга ана шу мақсадни англатиш учун яралган. Биринчи онгли инсон билан бугунги инсоннинг қалбида, кўнглида, ниятида деярли ўзгариш йўқ. Фақат тараққиёт, ҳаракат, шакллар, қиёфалар, усуллар ўзгарди. Мақсад ва моҳият эса ўша ҳолича турибди. Инсон қалби ҳали ҳам ўша илк дафъа ҳис этилган ва “забт этиш” бошланган эзгулик ва ёвузликнинг кураш майдони бўлиб турибди. Шунинг учун адабиётнинг вазифаси ҳам заррача бўлса-да, ўзгаргани йўқ. Мен ҳақиқий адабиётни ўткинчи мафкуралардан баланд қўяман. Унинг бош мафкураси – инсон қалбидаги ўша эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашни, фарқни кўрсатиб бериш, инсоннинг руҳини бу курашда матонатли қилишдир. Мен шу пайтгача адабиётдан бир нарсани ўргандим: гуманизимдан холи ҳар қандай асар адабиёт эмас, инсон қалбини гўзалликдан маҳрум қиладиган, унинг дағаллашишига хизмат қиладиган ҳар қандай асар адабиёт эмас. Адабиёт гўзаллик дегани, гўзаллик билан дунёни қутқариш, унга давъат қилиш дегани.
– Кейинги пайтда яхши асар билан ёмон асарнинг фарқига бормайдиганкитобхонлар кўпайиб боряпти. Булар таъбир жоиз бўлса, олдига нимани қўйсангиз шуни тановул қилиб кетувчидидсиз хўрандаларга ўхшайди...
– Олдига нимани қўйса, фарқига бормай еяверадиган “хўранда” ё узоқ вақтўрмонда ё саҳрода ёввойи тарзда кун кечирган, ё унинг таъм, ҳид билиш инстинктлари ўлган, яъни мияси касалланган. Эҳтимол, у ҳозир ўзининг касаллигини билмас, бироқ, барибир иситма касалликни ошкор қилади. Ғарб дунёсидаги маънавий ўпирилшилар, оила, меҳру-оқибат таназзули ана шу касалликнинг иситмасидир. Оломоннинг истак ва майлларини “демократия” деб талқин қилганларнинг ўзи бугун боши берк кўчага кириб қолди. Инсон табиатида барибир ёввойи майллар яшайди. Бу майллар инсонни ҳайвоний нафс ва ҳирслар билан боғлаб туради. Фақат имон тарафида турган адабиёт ва санъатгина бу майлларнинг инсон руҳида ҳукмронлик қилишин чеклаб, ҳовурини пасайтириб туради. Шу сабабли санъатсиз дунё ёввойиликка олиб келади. Гап чинакам санъат ҳақида бораяпти. Ғарб маънавиятида анъаналар, қадриятлар ўз моҳиятини йўқотиши билан уларнинг ўрнини инсоннинг биологик майллари эгаллаб олди –бу жиддий касаллик эди. Бу хил касалликнинг бир кўриниши оломон маданияти деб аталади. Оломон маданияти тез тарқалувчи, тез ва осон юқувчи ўта хавфли “касаллик”. У ҳали тасаввурлари шаклланмаганларни осонгина ўзига мафтун қилиб олади. Удидни, савияни ўлдиради, одамни илдизидан узади, секин-аста манқуртга айлантириб қўяди. Аслида унинг орқасида турганларнинг мақсади ҳам шу. Уларнинг мақсади олдин алоҳида инсонни, кейин бутун миллатни ўз қиёфасидан, фазилат ва суянчларидан, анъана ва қадриятлардан айро қилишдир. Қиёфасидан, суянчидан, сув ичиб турган сарчашмаларидан айрилган инсоннингҳам, миллатнинг ҳам қулдан фарқи қолмайди. Шундай экан, бу ҳолатга фақат “зиёли ўқувчидан ажралиб қолиш”гина деб қараб бўлмайди. Бу ерда асл адабиёт фақат ўзи ўқувчисини йўқотмайди, балки бадиият шакллантирган дид, маданият, гўзаллик, завқ, теранлик, тафаккур, энг даҳшати инсоният эришган улуғ маданият – гуманизм хавф остида қолади.Бу ҳолат миллатга, унинг дидига, инсонга ва унинг моҳиятига хатар туғдиради. “Пайғамбарлар китоби”(“Книга Илая”) фильмини эслайсизми? Келажак ҳақидаги антиутопия. Коинот миқёсидаги ҳалокатдан сўнг одамзотнинг бир қисми зўрға жон сақлаб қолади. Бу пайтда тамаддунлар эришган барча нарса одамзотнинг хотирасидан чиқиб кетган. Одамзот деярли ҳайвон тусини олган, бугунги инсоний фазилатлар қолмаган, ваҳший, яшаш учун курашадиган тўдага айланган. Ана шу ёввойи одамзотни фақат китобгина маданий йўлга бошлайди, китоб билан одамзотни тиклаш бошланади. Аянчли, лекин аччиқ, сабоқ чиқарадиган хулоса. Кинодаги одам қиёфасидаги тўдасига айланмаслик учун биргаликда, онгли ва режали тарзда курашиш керак. Асл адабиётнинг ўзи ўқувчисини бой беришига фақат адабиётнинг фожеаси деб қараш нотўғри. Бу ижтимоий, оламий фожеа. “Пайғамбарлар китоби” фильми одамзотни китобнинг, китобхонликнинг, табиийки, адабиётнинг бой берилиши хатари кутиб турганидан огоҳлантираяпти. Масалага ана шундай қараш керак.
– «Маймун етаклаган одам» ҳикоянгиз адабиётимизда катта шов-шув бўлганди. Ундан кейин ёзилган кўплаб қисса ва ҳикояларингиз ҳам китобхонлар меҳрини қозонди.“Гўрўғли” романингиз чоп этилди. Лекин бу асарга жуда кам муносабат билдирилди. Сабаби нимада?!
– Бу ҳолатни адабиётшунослардан сўраш керак. “Гўрўғли” романи сўзбошида ёзганимдек, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида, нақ йигирма беш-йигирма олти йил олдин ёзилган. Мен уни бир неча марта қайт ишлашга уриндим. Лекин қандай туғилган бўлса шу ҳолатда қолди, ўзгартиролмадим. Эълон қилишдан олдин беш-ўнта ўзим ҳурмат қиладиган адиблар, адабиётшунослар ўқиди. Уларнинг ундови билан нашр қилишга рози бўлдим. Журналда романнинг тахминан учдан бир қисми эълон қилинди. Китоб ҳолида эълон қилишга ўзимда ҳали ҳафсала сезганим йўқ. Журнал вариант тугал хулоса қилишга халақит беради. Ўзини ҳурмат қиладиган танқидчими, адибми, асарни тўла ҳолда ўқимай фикр билдирмайди. Фикр билдирган тақдирда ҳам у бирламчи тасаввур бўлади, холос. Сабаби шу бўлса керак...
– Йўлдош Солижонов “Гўрўғли” романини Кафкага тақлид қилиб ёзилган деса, Умарали Норматов бу фикрга қўшилмади....
– Умарали Норматов мен юқорида айтган, романни тўла ҳолда ўқиган беш-ўнта кишининг биттаси эди. Йўлдош Солижонов домла эса журнал вариантида келиб чиқиб, фикр айтган бўлса керак. Мен у кишига қўлёзма тақдим қилганим йўқ. Мен домланинг адабий фаоллиги учун жуда ҳурмат қиламан. Тўғриси, йигирма беш йил аввалги Назар Эшонқул улуғ Кафкага қандай тақлид қилгани менинг учун ҳам қизиқ туюлади.
– Ўзингиз бу роман ҳақида қандай фикрдасиз?! Ўзингизнинг кўнглингиз тўлганми? Бу роман орқали нима демоқчисиз ўзи? Нега Гўрўғли? Ваҳоланки, достон ҳақида ҳеч қандай гап йўқ асарда.
– Сизнинг бу саволингизга жавоб топганимда йигирма беш йил аввал эълон қилган бўлардим. Ҳалигача роман ҳақида тугал хулосам йўқ. Мен уни ўша пайтдаги таассуротларим ва қарашларим билан ёздим. Кейин ўзгартиришга қурбим етмади. Бор гап шу. Тўғри, асарда “Гўрўғли” достони ҳақида гап йўқ. Лекин достондаги моҳият бор: Гўрўғли гўрда туғилади, Н. эса ўзининг тириклигини, мавжудлигини, ўзининг “мен”и борлигини исбот қилиб беролмаган лаҳадга ўхшаш жамиятда яшайди. Мен иккита ҳолатни таҳлил қилишга уриндим: биринчиси, исми марҳумлар рўйхатига тушиб қолган одамнинг ўзининг тирик эканлигини исбот қилиб беролмагани, иккинчиси жамиятнинг қаҳрамонга муносабати. Бу муносабат бошлиқ ёрдамчисининг қаҳрамонга “Сиз ҳам барча ҳарфлар каби бир ҳарфсиз, шу чалкашликка хафа бўласизми” деган гапи. Н. эса “менҳарф эмасман, сўзман” дейди. Барча фожеа ана шу икки тўқнашувдан туғилади. Ҳарфда маъно йўқ. Сўзда эса маъно, яъни, “мен” бор. Гўрўғлининг қудрати унинг гўрда туғилганида, Н.ннинг фожеаси ўзининг тириклигини исботламоқчи бўлганида. Гўрўғли турли ўлкаларга сафар қилиб, улуғ қаҳрамонликлар кўрсатади, Н. эса бутун роман давомида ўзининг бор-йўғи тирик эканлигини исботлаб беролмайди, жамият қонун ва тартиблари бунга йўл бермайди. Охир оқибат унга марҳумлар каби яшашдан бошқа имконият қолмайди. У лаҳадга қайтишга мажбур бўлади. Н.нинг қаҳрамонлиги шу.Булар шунчаки ясалган кечинмалар эмас. 90 йиллар бошида ҳар бир зиёли худди шундай кечинмаларни ҳис этарди. Кечаги куннинг таҳлили биз шундай яшаганимизни кўрсатади... Лекин барибир роман ҳақида адабиётшунослар гапиргани маъқул.

Суҳбатдош - Адиба УМИРОВА - “Халқ сўзи” мухбири.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот