Омина Фаёзова таваллуд топган кун (1917 - 1993)


   Омина Фаёзова - 1917 йилнинг 5 январь куни Бухорода туғилган. Ўзбекистон халқ артисти (1973). Москва Давлат консерваторияси қошидаги Ўзбек опера студиясида ўқиган (1934-35). 1961 йилда Тошкент  театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. Бухоро театрида (1932-34), Ёш томошабинлар театрида (1935-39), 1939 йилдан Муқимий театрида ишлаган. “Ҳалима” (Ғ.Зафарий) спектаклидаги ўғил бола роли унинг саҳнадаги илк образидир. Кейинчалик “Ҳалима”да  Ҳалима, “Аршин мол олон” (У. Ҳожибеков)да Гулчеҳра, “Паранжи сирлари” (Ҳамза)да Гулжон, “Тоҳир ва Зуҳра” (С. Абдулла)да Юлдуз, “Равшан ва Зулҳумор” (К. Яшин ва Т. Жалилов)да Оққиз, “Момо ер” (Ч. Айтматов)да Тўлғаной, “Тоғ гўзали” (С. Саидмуродов ва А. Муҳаммедов)да Идимоҳ, “Қайнона” (М. Шамхалов)да Қайнона, “Онасининг қизи” (Шуҳрат)да Ҳожар, “Майсаранинг иши” (Ҳамза)да Ойхон, Майсара, “Фарҳод ва Ширин” (Ҳуршид)да ёсуман каби образларни яратди. Пластик ифодавийлик, сўзларни дона-дона ишлатиш, айниқса, ўткир ҳажв ва юмор воситаларидан фойдаланиш, ўткир ижтимоий характерлар яратиш Фаёзова ижодига хос хусусиятлардир. “Нурхон” (К. Яшин ва Т. Жалилов)даги Халча образи актриса ижодида алоҳида ўрин тутади. “Қайнона” телевизион спектаклидаги Қайнона роли унга катта шуҳрат келтирди.Фаёзова фильмлар (“Чинор остидаги дуэл” ва бошқа)да ҳам суратга тушган. “Табассум” радиожурнали ва телевизион миниатюралар театрининг фаол иштирокчиси бўлган. “Ер қимирлаганда”, “Қайнона билан келин”, “Эрка кампир” каби кичик ҳикоялар муаллифи. У 1947 йилдан дубляж санъати билан шуғулланиб, кўп кинофильмларда овоз берган. 
  Омина Фаёзова 1993 йил 12 ноябрда Тошкентда вафот этган.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси.Т.,2005 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот