ЙЎЛЛАРИНГ КЎЗИМГА СУРТАЙ САМАРҚАНД


18 Октябрь - Самарқанд кунига бағишланади.

ЙЎЛЛАРИНГ КЎЗИМГА СУРТАЙ САМАРҚАНД

Дунёни таъвофга чорлаб турурсан,
 Инсонни инсофга чорлаб турурсан,
 Ҳазрати Ҳизрга бошлаб борурсан,
 Йўлларинг кўзимга суртай Самарқанд.

 Юлдузларни ушлаб ном топганингда,
 Жонларингни бериб шон топганингда,
 Қўлларинг куймасму нон ёпганингда?,
 Қўлларинг кўзимга суртай Самарқанд.

 Азал афсонасан минг турфа бўлган,
 Очилдастурхону, нон сурпа бўлган,
 Миллат Отасига оқ кўрпа бўлган,
 Гулларинг кўзимга суртай Самарқанд.

 Сароймулкхонимсан бардошни ютган,
 Келинлари хонлар, султонлар туққан,
 Китоб карвонига елкасин тутган,
 Чўлларинг кўзимга суртай Самарқанд.

 То адолат мангу, саодат мангу,
 Имону, эътиқод, диёнат мангу,
 Барокат эшиги аталган ўнгу,
 Сўлларинг кўзимга суртай Самарқанд.

 Шоҳи Зиндам менинг шунда тирилган,
 Неча бор қирилган, шунча тириган,
 Тунда ўлдирилган, тонгда тирилган,
 Борлиғинг кўзимга суртай Самарқанд.

 Ер юзин талъати-дия, аталган,
 Шафқат салтанати-дия, аталган,
 Бу дунё жаннати-дия, аталган,
 Ёрлиғинг кўзимга суртай Самарқанд.

 Нон каби ушалиб ном топганингда, 
 Ботирларинг бериб шон топганингда,
 Қўлларинг куймасму нон ёпганингда?
 Қўлларинг кўзимга суртай Самарқанд.


             САМАРҚАНДДА

            Кўзим Боғидилкушода
                Хаёлим Боғибаландда
                Юрагим Боғшамолда 
                Самарқандда, Самарқандда. 

                Бол томар анжирли боғлар,
                Нон ҳиди таралар чоғлар,
                Бўй гўзар кўксимда тоғлар
                Самарқандда, Самарқандда. 

                Оддий онам, олтин онам,
                Ўғлонлари султон онам, 
                Йўлларга термулган онам,
                Самарқандда, Самарқандда.

                Навоийнинг ёнар сўзи, 
                Улуғбекнинг ой, юлдузи,
                Беҳ ишту, жаннатнинг ўзи
                Самарқандда, Самарқандда.

                Темур бобом кўзга сурган, 
                Ал-Бухорий дуо берган, 
                Бир уйлар бор Ҳизр кирган,
                Самарқандда, Самарқандда.

                Кўзларимнинг иссиғи у,
                Сўзларимнинг тансиғи у
                Зулфиянинг бор-йўғи у
                Самарқандда, Самарқандда.    
                                    
                САМАРҚАНДЖОНИМ

       Саодат шаҳрисан, сен гул шаҳрисан,
       Сен юрак шаҳрисан, сен дил шаҳрисан,
       Шоирлар шаҳрисан, кўнгил шаҳрисан,
       Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним,
       Мукаррам, муаззам, шариф шаҳарсан,
       Неки гўзаллик бор таъриф шаҳарсан,
       Олимлар шаҳрисан, ориф шаҳарсан,
       Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним.
       Сени бир кўришга зорлар қанчадир,
       Тупроғинг ўполмай хорлар қанчадир,
       Васлу – фироқингнингда абгорлар қанчадир,
       Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним,
       Соҳибқирон ётган нурли шаҳарсан
       Илоҳий шаҳарсан, пирли шаҳарсан,
       Мўьжиза шаҳарсан, сирли шаҳарсан,
       Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним,
       Томиримга туташ қишлоқларингму?,
       Нақшу – нигорларинг пештоқларингму?,
       Парилар сув ичган булоқларингму?,
       Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним.
       Самарқанд деганда титрайди жоним,
       Дунёга рисқ берган буғдойим, доним,
       Ушоғи ҳаётбахш Самарқанд ноним.
       Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним.
       Буюк давлатдирмиз сенингдирмиз биз,
       Улуғ миллатдирмиз, сенингдирмиз биз,
       У дунё, бу дунё, сенингдирмиз биз,
       Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним,     
       Оламни уйғотган бедор шаҳарсан,  
       Мангу бахт шаҳрисан, баҳор шаҳарсан,
                                                    То дунё бор экан, сен бор шаҳарсан.                                                    Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним,
                                                       
***

Ҳаволари жонга малҳам,
Оқар суви асал қанддир
Ер юзида жаннат бордир,
Бу шубҳасиз Самарқанддир.
Регистоним, Куксаройим,
Шердорим, Тиллакоримсан.
Сен ўзинг олий тариқат,
Саждага сазаворимсан,
Бу маърифат, бу салтанат
Эзгуликга банду-банддир,
Ер юзида жаннат бордир
Бу шубҳасиз Самарқанддир.
Тўфонлардан омон чиққан
Хазон урмас баҳоримсан.
Оловларда тирилганим
Яшилим, сабзаворимсан.
Ақлу, адлу, доноликда
Донишмандликка пайванддир,
Ер юзида жаннат бордир
Бу шубҳасиз Самарқанддир.
Комилу комроним ўзинг,
Зичи кўрагоним ўзинг.
Юлдузли осмоним ўзинг,
Улуғбек султоним ўзинг.
Ҳамон бекзод, шаҳзодаларим
Илму урфон билан банддур.
Ер юзида жаннат бордур 
Бу шубҳасиз Самарқанддур.
Мени ундан жудо этма 
Меҳри онамга монантдир.
Мени ундан айро этма
Жони-жонимга пайванддур.
Қадри осмондан баланддир,
Не баланд ондан баланддир,
Ер юзида жаннат бордир,
Бу шубҳасиз Самарқанддир.

Зулфия Мўминова.