БИЗНИНГ ОРАМИЗДА МИНГ ЙИЛЛИК ЙЎЛ БОР


Расмия СОБИР,
Озарбойжон
   Расмия Собир (Ашрапова Расмия Собир қизи) 1973 йили Озарбойжонда туғилган. Ҳозирда Озарбойжон Миллий фанлар академиясининг Иқтисодиёт университетида илмий ходим, Озарбойжон Коорпарация университетининг “Иқтисодий назария” кафедраси­да ўқитувчи сифатида фаолият юритади. Расмия Собир Озарбойжон Ёзувчилар бирлиги аъзоси. “Қамалган сукунат”, “Рангсиз кўз ёшлар”, “Унутдинг мени”, “Соҳилсиз одам” номли шеърий китоблар муаллифи.
   Дунё Ёш Турк Ёзувчилар уюшмасининг асосчиларидан ва фаҳрий аъзоси ҳисобланади. 2018 йилда “Мулла Поноҳ Воқиф” медали билан тақдирланган.
* * *
Бизнинг орамизда минг йиллик йўл бор,
Ўзимга яқинсан мандан, Худойим.
Ҳам дарду азобли дунё бердинг сан,
Руҳим гўзал қилдинг тандан, Худойим!
Ғам яқин дўстимдир, азоб – севгилим,
Сўз-ла тўғраламан, оҳ, тилим-тилим,
Ердан оёқларим узилиб, қўлим
Осилгум самога сандан, Худойим!
Йўлимни кўклардан ерга дўндирдим,
Ҳар айтган сўзингни дурга дўндирдим,
Мен сени милёндан бирга дўндирдим,
Сен мени айирдинг мингдан, Худойим!
Бироз кеч англадим, бироз эртадан,
Ҳаттоки сабримдан юрагим улкан,
Сенга то кўксимдан йўллар бор экан,
Кўприк нега лозим диндан, Худойим?!

ИЛОҲИЙ СЕВГИ

Мен сўлган чечакларнинг,
Ғамгин капалакларнинг,
Ўлими-чун йиғладим.
Онажоним, сен эса
менинг кўзёшларим деб...
Мен қақраган кўлларнинг,
Ярим қолган дилларнинг,
Ўлими-чун йиғладим.
Онажоним, сен эса
менинг кўзёшларим деб...
Азоб туққан онларнинг,
Кимсасиз оқшомларнинг,
Ўлими-чун йиғладим.
Онажоним, сен эса
менинг кўзёшларим деб...
Мен сувсиз саҳроларнинг,
Эриётган қорларнинг,
Ўлими-чун йиғладим.
Онажоним, сен эса
менинг кўзёшларим деб...
Йиғладим...
Онажон, йиғладим...
Ёмғирнинг кўз ёши-ла,
Ғам ели бебоши-ла,
Чақмоқ ғазаб тоши-ла,
Йиғладим...
Юрагим ҳайқириғи билан!
Сен эса, фақат сен, кўзёшларим дея йиғладинг, Онам!

МЕН ЙИҒЛАЙМАН, БУЛУТ ЙИҒЛАР

Миллатим Турк, тарих гули,
Ҳақ йўлидир Туркнинг йўли,
Ғурбатда қолган Мосулу,
Мен йиғлайман, булут йиғлар...
Ҳар тошингда ўтмиш изи,
Айрилиқ чарчатди бизни,
Бокудан то, ҳув Табризи,
Мен йиғлайман, булут йиғлар...
Ҳеч битмади тупроқ заҳрим,
Ёниб, кулга дўнди бағрим,
Йўлим кутар Қорабоғим,
Мен йиғлайман, булут йиғлар...
Юрагимда Турон куйи,
Ҳасратида куйсин уйим,
Ўтлар ичинда Каркуйи,
Мен йиғлайман, булут йиғлар...
Туркнинг юрти Боқчасарой,
Байроғимда юлдузли ой,
Турон дея чекдим оҳ-вой,
Мен йиғлайман, булут йиғлар...
Ҳеч сўрама Ҳон Аразни,
Азобимда қора ёзув,
Оҳим ёндиражак созни,
Мен йиғлайман, булут йиғлар...
Эй, гардуни-дун сен кет деб,
Биздан олдинг кўп йигит деб,
Тупроқдаги ҳар шаҳид деб,
Мен йиғлайман, булут йиғлар...

БОЛА НИГОҲИДАГИ АЗОБ

Ҳар нарса янгидир,
Нигоҳингда ғам,
Яшаш ташвишларинг қилади талқин,
Дунёнинг турфа ҳил ранглари билан.
Термулган заҳотинг,
Изтиробнинг оташларида,
киприк қоқмай қарарсан кўкка.
Сўнгра бор севинчинг,
Ҳайратинг ҳам оташлар мисол,
Бир зумда ер билан бир бўлар, тамом.
Ғунчалар кулгусин йўқотар шунда,
Дарахтлар йиғлашни бошлайди бирдан,
Кўзёшлари
хазон каби тўкилажакдир...
Шамоллар дунёни тўлдириб
Эсажакдирлар...
Сен-чи...
Сониялар ичра ғолибдай
Ўзингни излашга тушдингми, болам?
Бу аввалнинг поёни демак...

Озар тилидан Раҳмат БОБОЖОН ўгирди. 
Манба "Китоб дунёси" газетаси.