ФОЗИЛ ЭЛ ТАРАФДАМАН


ФОЗИЛ ЭЛ ТАРАФДАМАН
Қайдасан, деб сўрмагин,
Мен кўнгил тарафдаман,
Сен менинг жонимдасан, деган
Ширин тил тарафдаман.
Қирмизи қабокдаман,
Қизил гул тарафдаман,
Баргида дурри шабаррўз
Атиргул тарафдаман.
Чучмомалар чироқ ёққан
Нурли йўл тарафдаман.
Ўзбекистон, деб куйлаган
Шод булбул тарафдаман.
Ойдин оқшом ғазал айтган,
Ойдин дил тарафдаман.
Фаришталар олма отган
Ойнакўл тарафдаман.
Девонаи далли эмас,
Соф ақл тарафдаман,
Навоийда, Яссавийда,
Мен Бедил тарафдаман.
Байрамдаман, хуррамдаман,
Тўй, сайил тарафдаман.
Юртни ғафлатдан уйғотган
Фозил эл тарафдаман.
Қайдасан, деб сўрмагин,
Мен кўнгил тарафдаман,
Сен менинг жонимдасан, деган
Ширин тил тарафдаман.
Қирмизи қабоқдаман,
Қизил гул тарафдаман,
Баргида дурри шабаррўз
Атиргул тарафдаман.

АЁЛГА БАХТ БЕРИНГ
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Деманг, юрибди-ку кулиб, жилмайиб.
Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,
Дунёни олиши мумкин жилмайиб.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Гар кўзлари кулиб турса-да,
Бўғзининг остида неча минг ҳасрат,
Ой юзлари кулиб турса-да,
Кўнглини кўтaринг ҳеч бўлмаганда,
Қўлини силашга шарофат топинг.
Йиғлаб турганида ҳеч бўлмаганда,
Ёшини артишга мурувват топинг.
Ногоҳ ерга тушса оппоқ рўмоли,
Босиб ўтмасликка шафоат топинг,
Чақалоқ ялаган этакларини
Тоза деб айтишга адолат топинг.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Деманг, юрибди-ку кулиб, жилмайиб.
Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,
Дунёни олиши мумкин жилмайиб.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг.
Илоҳий нур топинг, ҳидоят топинг
Илоҳий бахт берган аёл ёнидан,
Бахтиёр ўтмоққа иноят топинг.
Иллоҳи қалқонсиз, иллоҳ кўрғонсиз,
Ғийбатлар йиртмасин кўйлаккинасин,
Иллоҳи ҳушёрсиз, иллоҳ бедорсиз,
Итлар тишламасин юраккинасин.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Тоғ қимирлаб, тошлар сўзга кирса-да,
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Олтмишга кирса-да, юзга кирса-да.

Зулфия МЎМИНОВА.
Манба: "Китоб дунёси" газетаси.