КИММИЗ?


Қўчқор НОРҚОБИЛ
Ҳикоялар

МАВЗУ
— Устоз, менга мавзу топиб беринг. Жуда ҳам даҳшатли бўлсин... Нима ҳақида ёзай?
— Одамийлик ўлаяпти. Шуни ёз!
— Қанақасига?
— Одамийлик ўлган жойда Одам йўқолади. Одамни, чин Инсонни тополмайсан. Шуни ёз!
— Шундай денг...
—  Одам йўқолган жойда эса меҳр-муҳаббат ҳам ўлади. Шуни ёз!
— Ҳақиқатан ҳам. Тушундим, Устоз.
— Меҳр-муҳаббат ўлган жойда Ер ёрилиб кетади, уруш олови отилиб чиқади.
— Даҳшат-а?
— Ҳа, даҳшат! Бу мавзуни энди ўзимга қўйиб бер. Буни ёзма!

ЎҚ

— Шоир, ўқни учаётган қушга ўхшатибсан. Ўқ ҳеч қачон қуш каби учмайди. 
— Нега бундай деяпсиз?
— Мен яраланган аскардан сўрадим. “Ўқ ҳеч қачон учмайди...”, — деди у.
— Нега?
— Шу тирноқдеккина ўқ заминдан ҳам оғир эан-ку, қандай қилиб қуш каби учсин?
—    Балки... эҳтимол...
— Илжайма, гапим чин. Аскар уни ерга оғирлик қилмасин деб, кураги остидан олдириб ташламай, кўтариб юраркан. Тушуняпсанми, ўқ заминдан оғир экан, ўқ учмайди!..

КИММИЗ?

      Қизнинг ҳикояси шундай тугаганди: 
      “...Биз бир пайтлар одам эдик.
     Орамиздан қил ўтмасди, иппа-иноқ, эту тирноқ.
     Бугун орамиздан тўппончалар, турли хил қуроллар, танку замбараклар, бомба ортган самолётлар ўтиб бормоқда. 
     Биз...  энди одам эмасмиз...” 
    Генерал деразанинг очиқ қанотидан олисларга кўз тиккан қизига вужудини титроқ босган кўйи тикилиб қолди.
—  Хўш қалай, дадажон, мендан ёзувчи чиқарканми? Сизга маъқулми?
     Генерал тош қотиб турди. У ҳамон қизидан кўз узмасди. Кўксида негадир.... негадир...  чимиллаб оғриқ турди. 
    Генерал жим эди... 
   Уруш ва Адабиёт бир-бирига тикилиб турарди. 

ИНШО

       Бола тинчлик мавзусида иншо ёзди; бор-йўғи олти қаторгина.
     “Онам сигир  соғадилар. Нон ёпадилар. Мен ва укаларим иссиқ нонни синдириб  сут косага соламиз. Бу- Тинчлик! Яхши. Онажоним Отажонимга нон ушатиб берадилар. Отажоним нонга чап қўлини узатадилар. Ўнг қўлини афғон уруши еган. Уруш- ёмон! Бизнинг уйимизда Тинчлик ва Уруш ёнма-ён яшайди...”
     ....Муаллима бу битикни ўқиб юм-юм йиғлади. 

ЁЗУВ

     Қизалоқ олти ёшда.
     Дийдаси тош эди.
     Деразадан ташқари қаради.
     Кўчада уруш.
     Пардани тортди.
    Оғир-оғир юриб стол ёнига келди. Тик турган алфозда оппоқ қоғозга ажи-бужи қилиб ёзди: “Кетдим. Уруш тугаса менга хабар беринглар. Қайтиб келаман...”
     Қизни онаси олис-олисларга олиб кетди. 
     Вақт ўтди. Вақт учди. Ўша олис-олисларда бир қабр пайдо бўлди. Қабртошда ажи-бужи ҳарфлар билан шундай ёзилганди: “Кетдим. Уруш тугаса хабар беринглар. Қайтиб келаман...”.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот