Кузатиш - ижодкор қисмати


  Эл суйган ёзувчи Абдуқаюм ЙЎЛДОШ билан Дўстбек Сулаймоновнинг суҳбати

КУЗАТИШ -
ИЖОДКОР ҚИСМАТИ

  Абдуқаюм Йўлдош 1962 йил 28 февралда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. 1979 йили Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги 7-мактабни олтин медал билан битирган. 1990 йилдан бошлаб “Сирли олам”, “Қалб кўзи”, “Ёшлик”, “Ҳуррият”, “Моҳият”, “ХХI аср” сингари газета-журналларда ишлаган. Айни пайтда “Адолат” газетасида бош муҳаррир ўринбосари. 1993 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. 1999 йили “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. 2016 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони берилган.
  “Қаро кўзум. Шайх ур-раис” (1990), “Сунбуланинг илк шанбаси” (1998), “Тимсоҳнинг кўз ёшлари” (2003), “Парвоз” (2004), “Бир тун ва бир умр” (2007), “Алвидо, гўзаллик” (2011), “Банкир” (2012), “Катта ўйин” (2013), “Пуанкаре” (2014), “Ҳали вақт бор...” (2016), “Дарё” (2017), “Осмон оғуши” (2018), “Қайдасан, мўъжиза...” (2019), “Ишқ афсунлари” (2019) каби китоблари нашр этилган. “Кичкина одамлар”, “Уқубат”, “Иқтидор”, “Виждон”, “Қадамлар”, “Нигоҳ”, “Бурч ва муҳаббат”, “Устюртга йўл”, “Тинчлик ортида”, “Опа” бадиий филмларининг, “Ҳаёт жилғалари”, “Синов”, “Одамлар орасида”, “Она дарё” сериалларининг сценарий муаллифи.
- Абдуқаюм ака, бугунги ўзбек ҳикоячилик жанри ривожланишини нималарда кўрасиз?
- Ҳамма замонда ҳам асли оғиркарвон наср ўз ўқувчиси онг-тафаккури, дунёқараш-шуури қамровидан анча олдинроқда бўлган. Илло, Инсоннинг ўн саккиз минг оламдан кўра улканроқ, коинотнинг ақл бовар этмас қонуниятларидан ҳам мураккаброқ қалб кечинмалари, тилсим-мўъжизаларини бор бўй- басти билан наср очиб беради. Шу маънода наср бугунги воқеликнинг, табиийки, ўтмишнинг ва айни пайтда яқин-узоқ келажакнинг ўзига хос кўзгуси ҳамдир.
  Томчида қуёш акс этади. Баъзан ҳаётий воқеа-ҳодисалар ихчам ифода этилса-да, мутолаа асносида қалбингизни фавқулодда ларзага солган ажойиб эпик асар асл сўз санъатининг чўққисига айланади. Инчунун, яхши ҳикоянинг ўзи улкан бир романдир...
Назарияга ўтиб кетишимнинг сабабига келсак, саволингиздаги некбинликка қўшилолмадим. Ҳарқалай - балки, замондан орқада қолгандирман - сиз алоҳида қайд этган “ривожланиш”ни кенг маънода унчалик илғамайроқ турибман. Эҳтимол, ишлаб чиқариш нуқтайи назаридан қарасак, миқдор ўсиши жиҳатидан ривожланишга юз тутгандирмиз, аммо сифат борасидаги бу эътироф анчайин баҳсли, назаримда.
  Бу каминанинг хусусий мулоҳазаси, албатта. Ҳарқалай, деярли ўттиз йилдан бери касб тақозосига кўра, бундан ташқари турли катта-кичик танловлар-у семинарларда жуда кўплаб, лофи билан айтганда, вагон-вагон “ҳикоя” аталмиш машқларни ўқишга тўғри келди. Шулардан хулоса чиқарадиган бўлсам, фикримча, кейинги давр ҳикоячилигида воқеабандлик, баёнчилик ва... саводсизлик анчайин “ярқ” этиб кўзга ташланиб қолгандай. Бу мулоҳаза нафақат компьютерда терилиб, оппоқ қоғозларда чиройли қилиб чиқарилган машқларга, балки фалон ададларда чоп этилган катта-кичик айрим китобларга ҳам тааллуқли. Бугун, дейлик, Абдулла Қаҳҳор сингари, шапалоқдек ҳикояни машинкада (!) ўн марталаб қайта кўчирадиган ижодкорни кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз.
  Шубҳасиз, муаллифини, адабиётимизни табриклашга арзигулик, қайта-қайта ўқиладиган, уқиладиган ажойиб ҳикоялар ёзиляпти, чоп этиляпти. Аммо, таассуфки, бундай асарлар саноқли.
- Сиз асарларингизда ном танлашда кўпроқ нимага эътибор қаратасиз?
- Кўп ҳолларда сарлавҳа ўз-ўзидан, асар кўнгилда туғилган, ҳали қоғозга тушмаган пайтларда пайдо бўлади. Кейин фурсати етиб битик туғилади, бу жараёнда ном ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Шунинг учун бу борада аниқ бир “рецепт” йўқ. Тўғри, билгичлар яхши асарнинг эллик фоизини яхши сарлавҳа ташкил этади, дейишади. Балки, жойида топилган сарлавҳа ўқувчини ўзига жалб қилар. Бироқ кўп ҳолларда ҳақиқий асар ўзининг оддийгина сарлавҳаси билан ҳам барибир кўнгилларни забт этаверса керак. Ҳарқалай, машҳур ёзувчи асарига нега бундай ном қўйганини сўрашганида, бежиз “Қизилнинг қизиллигини, оқнинг оқлигини кўрсатиш учун” деб жавоб бериб қўя қолмаган бўлса керак.
- Абдуқаюм Йўлдош ижоди кўпроқ нималардан озиқланган? Яъники халқ ижодиданми ёки Шарқ ва Ғарб адабиётиданми?
- Бобомиз бахши ўтган, Қўшработда таниқли Йўлдош бахши. Табиийки, уйимизда бахшичиликка, ижодга алоҳида эҳтиром билан қараларди. Китобларга муносабат ҳам шунга яраша. Буни қаранг, қишлоғимизда учта кутубхона бўларди. Ва яна алоҳида китоб дўкони. Болалигимдан шу учала кутубхонага аъзо бўлдим, янги китоб келибди деб эшитсак, дўконга чопқиллаб қолардик.
  Хуллас, “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”лар қатори ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўқий бошладим. Бу бир янги дунё эди... Менимча, болалик ва ўсмирлик давридаги энг катта бахт - гўзал асар саҳифаларини ўзингдан қизғаниб қайта-қайта ўқиш бўлса керак... Воқеаларни биласан, асар қандай бошланишини, қандай тугашини биласан, аммо ақлингдан баланд, тушунчангдан устун нимадир барибир сеҳрли саҳифалар сари сени тортаверади; бу туйғу кўзларингдан уйқуни олади, кўнглингдан ҳаловатни. Ўқиб туриб йиғлайсан, йиғлаб туриб куласан... Одамга бундан ортиқ нима керак... Шундай илоҳий туйғуларни бахшида этган Адабиётга ихлос ила таъзим қилмай бўладими... 
  Ишқилиб, мутолаа асносида беихтиёр Шарқ ва Ғарб адабиётини муқояса қилиш, уларнинг дилга яқин жиҳатларини олишга уринишлар бўлди. Ҳар нечук, туман газетасида эълон қилинган дастлабки машқларимдан бири грек тангрилари ҳақида бўлса, иккинчисининг қаҳрамони ўсмир оқин (бахши) эди.
- Асарларингизда ўзбекнинг қиёфаси ва характери қирраларини ифодалашда ўзига хос услубга эга ижодкорсиз. Бетакрор одамларни қаердан топасиз?
- У-бу нарса ёзиб юрган одам учун азалдан ҳаётнинг ўзи туганмас сюжетлар булоғи бўлса керак. Кўчага чиқинг, одамларни кузатинг, қишлоққа боринг, яна кузатинг, воқеаларни муқояса қилинг, хулосаларга келинг ва, шаксиз, қалбингизни ҳаяжонга соладиган, қўлингизга қалам тутқазадиган, ёзмасангиз тинчингиз йўқоладиган воқеа-ҳодиса ёинки характерга дуч келасиз. Горькийнинг қаламкашлар ҳақида бир гапи бор. Бу касб, бу ҳунар жонимга ҳам тегиб кетди, чунки қаёққа борсам, одамларни кузатаман, ҳатто майхонада ҳам тинч ўтиролмайман, мижозларни кузатишга мажбурман дейди у. Бу - ижодкорларнинг қисмати. Баъзан юрган йўлингизда, мутлақо кутилмаганда, оний сонияда онг-шуурингизга, қалбингизга чақмоқдай “ярқ” этиб бир нарса урилади. Муҳими, шу оний сонияни тутиб қолиш. Қолгани кейин бўлаверади. Яна бир ҳолат. Аксар ҳолларда биз беихтиёр кузатиб юрган одамнинг, аслида кимлиги, қанақалиги айнан оний сонияда маълум бўлади. Хиёнат ҳам, сотқинлик ҳам лаҳзада ўзини намоён қилади. Жасурлик ҳам оний сонияда пайдо бўлади. Шу онни илғаб олсак бўлди, атрофимиз тўла қаҳрамонларимиз. Зеро, ҳатто тушингизда кирмаган воқеаларни реал ҳаётда кузатасиз, уларда иштирок этасиз. Албатта, асарда тўқима образлар, воқеа-ҳодисалар бўлади, аммо унинг асоси бари- бир ҳаётнинг ўзи бўлиб қолаверади. Энг қизиқ томони, ҳаттоки воқеалари олис фазо пучмоқларида кечадиган фантастик асарларнинг асосида ҳам ўзимизнинг заминдаги ҳаёт ётади, зеро, адабиёт бу аввало инсоншуносликдир.
  Услуб хусусида ортиқча билағонлик қилиб ўтирмай. Фақат камтарин уринишларимдан келиб чиқадиган бўлсам, айтишим мумкинки, ўзимни ҳаяжонга солган воқеани тезроқ қоғозга тушириб қўймасам бўлмайди. Шундай, кўнгил буюрганидай ёзавераман.
- “Пуанкаре” ҳикоясини ўқиган ўқувчи кўз ўнгида кенг ва катта тафаккур эгаси бўлган нафақат математик, балки файласуф муаллиф гавдаланади. Буларни ёзишда қандай ижодий тайёргарлик кўргансиз? Ёки романга айлантириш нияти бўлганми? Назаримизда, асардаги кенг тасаввур ҳикоя оҳангига сиғмагандек кўринади.
- Инсон нима учун дунёга келади? Фақат еб-ичиш, яхши кийиниш, тўкин-сочиш яшаш, бир сўз билан айтганда, кун кўриш учунгинами? Унда Инсонга илоҳий қалб, шуур, тафаккур нега ато этилган? Инсон қачон ўзини яратади, қачон ўзлигини англайди? Қачон “нафси кофир фитнасидин” (Алишер Навоий таъбири) қутулади?..
Бундай адоқсиз саволлар ҳар биримизни безовта қилиши, ўйлантириши турган гап. Ҳикояга ёзилган сўнг сўзда қайд этилганидек, нафсиламрига, ана шу саволларга жавоб излашнинг изтиробли жараёнида қоғозга тушди “Пуанкаре”.
  Зеро, ҳар ким ўз қисматига ўзи хўжайин, танлаш ихтиёри ҳар кимнинг ўзида. Шу боис Ҳаёт-Пуанкаре айтади: “Бу дунёда ҳар биримиз ҳам қайсидир маънода Перелманмиз. 
Ҳаммамизнинг қалбимизда кашф этиш, яратиш интилиши ётади. Бироқ мўъжиза осмондан тушмайди, бир оний лаҳзада кашфиёт ҳам яратиб қўя олмаймиз. Ҳар қандай ўта оддий бўлиб кўринган янгилик замирида оғир меҳнат, билим, ҳаракат, ирода, сабр ва мақсад йўлида ҳаётни тикиш ётади. Бошқа ҳамма баҳоналар бекорчи гапдан ўзга нарса эмас. Сен Инсонсан. Коинот сарварисан! Сенга Буюк Онг ато этилган. Сенга буюк қалб ато этилган. Сенга бемисл салоҳият ато этилган. Фойдалан улардан. Ўткинчи ҳой-ҳавасларга бир лаҳзага чалғидингми, унинг ортидан сени янада чалғитадиган иккинчи лаҳза етиб келади. Кейин учинчиси. Кейин тўртинчиси. Ва шу билан ҳаммаси барҳам топади...”
  Албатта, ҳикояда математика айтилмоқчи бўлган фикрга, аламли мулоҳазаларга бир восита, холос. Қаҳрамон математик олим эмас, ёзув- чи, рассом, журналист... бўлиши ҳам мумкин эди. Эҳтимол, институтда беш йил математика ўқиганим учундир, шу соҳа вакилини қаҳрамон қилиб олдим.
  Биласиз, ҳар бир одам дунёга бирон иқтидор билан келади. Гап ана шу салоҳиятни тўлақонли рўёбга чиқаришда. Аммо моддийлик, нафс устувор жамиятда, муҳитда бундай қобилият эгаларининг кўкка парвоз этишлари мушкул кечади, зеро, уларнинг оёғидан пастга тортиб турувчи омиллар, сабаб-баҳоналар ва ҳаттоки оломон қудратлироқ бўлади.
- Соҳангиз бошқа,яъни муҳандислик бўлгани билан сизни адабиёт йўлида нима тутиб қолган?
- Адабиёт - кўнгил иши, кўнгил эҳтиёжи. Ҳеч ким бировни ёз деб мажбурламайди. Айтиб ўтганимдек, мактаб йиллари у-бу машқлар қоралаганман, уларнинг айримлари туман-вилоят нашрларида чиққан ҳам. Биринчи қиссам эса 10-синфда ўқиб юрганимда “Гулхан” журналида эълон қилинган. Ўзим мактабда аниқ фанларни яхши кўрардим. Кимёни ва айниқса, математикани. Шунинг учун бўлса керак, бир йил туман газетасида ишлагач, политехника институтига ўқишга кирдим. Институтда кўпроқ рус тилидаги адабиётларни ўқиш имкони туғилди. Ёзганларимни эса ташлаб қўявердим.
Ниҳоят, 1988 йили ёш ижодкорларнинг Дўрмон семинарида қатнашдим. У пайтлари заводда ишлардим. Очиғи, машқлар қизғин муҳокама қилинган анжуманда кўплаб истеъдодли ёшларни учратдим. Афсуски, кейинчалик уларнинг аксарияти адабиётни ташлаб кетди. Сабаби тирикчилик бўлса керак-да, яна билмадим...
  Тўқсонинчи йиллари каминани Москвада ҳикояси чоп этилган, биринчи китоби чиққан қаламкаш сифатида журналга таклиф қилиб қолишди. Оғир йиллар эди. Дўконлар бўм-бўш... Тил билишим қўл келиб, таржима билан шуғуллана бошладим. Шу...
  Шубҳасиз, асар қиммати ҳажмда эмас, айтиладиган гапда. Қаҳрамонларинг ҳаётини очиб бериш орқали кўнгилдаги гапларни ўқувчига етказиб берсанг.
- “Парим бўлса...” ҳикояси “Пуанкаре” каби катта муваффақиятларга эришган ҳикоя саналади. Мана шу ҳикоянинг ёзилиш тарихи, умуман, ҳикоя ҳақида гапириб берсангиз.
- “Парим бўлса...”нинг бош ғояси, агар етказиб беролган бўлсам, муҳаббат ва яна муҳаббат. Инсонни шоҳ қиладиган, қул қиладиган муҳаббат ҳақида. Абадий ва ҳамиша янги мавзу. Ҳар битта қалб муҳаббатни янгилайди, ахир.
Оддий фермер қалбида пайдо бўлган оташин муҳаббат. Баъзилар унга ачинди, лекин, бундай ўйлаб қарасак, қаҳрамоним дунёга келиб, асл муҳаббат нималигини билди-ку! Шундай, ҳиссиётлардан ғофил банда бўлиб ўтиб кетиши ҳам мумкин эди-ку! Лекин Худо унга назар солди, табиат унга назар солди. У яшай бошлади! Ниҳоят, ўзининг кимлигини билди. Ўзлигини англашга ўтди. У умуминсоний санъат бўлган балетни тушуна бошлади! Муҳаббатга ошно кўнгил беихтиёр санъатга талпинди. Санъатга ошно кўнгилдан ёмонлик чиқадими? Балки қаҳрамоним қисқа яшагандир, лекин у ҳақиқий инсон бўлиб яшади. Гап йиллар миқдоридами ёки уларнинг мазмун-моҳиятида? Эътибор берган бўлсангиз, балетга муҳаббат охир-оқибат қаҳрамонимнинг дўстига ҳам ўтди. Мана шу эмасми санъатнинг кучи!
  Дарвоқе, ҳазрат Навоийнинг машҳур ғазалини (“Парим бўлса, учуб қочсам улустин то қанотим бор, Қанотим куйса учмоқдин, югурсам то ҳаётим бор...”) ўттиз йиллар бурун ёдлаб, заводда шовқин-суронлар орасида бақириб айтиб юрардим. Ўшанда кўнгилда нимадир туғилганди. Тан олайлик, ҳазратнинг бир мисраси баъзан битта роман ёзишга арзигулик мушоҳада, рағбат, ҳаяжон беради...
- 2010 йилда “Дарё” романини ёздингиз. Умуман, роман ҳақида, романчиликка қўл уришингиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Биз Қўшработдан Сирдарёга, чўлни ўзлаштиришга кўчирма бўлган оилалардан биримиз. Болалигим Сирдарё бўйларида ўтган. Чўлдаги тинимсиз меҳнат, қурилишлар, турфа феъл-атворли, турли миллатга мансуб одамлар, ҳайратангиз воқеалар.
Ҳар қандай дарё, биласиз, сиртдан сокин бўлиб кўринади, сал қуйироққа тушсангиз, гирдобларда қолиб кетасиз. Ҳаётимиз ҳам шундай. Асар ёзилишидан олдин дарё бўйига бордим, балиқ етиштирувчилар, браконъерлар билан гурунглашдим.
  Хуллас, аксарият қисми ўзим кўрган-билган қаҳрамонлар, ўзимни ҳаяжонлантирган ҳодисотлар бўлгани учунми, асар қуюлиб кела бошлади. Ёзавердим, ҳажм катта бўлиб кетди. Шубҳасиз, асар қиммати ҳажмда эмас, айтиладиган гапда. Қаҳрамонларинг ҳаётини очиб бериш орқали кўнгилдаги гапларни ўқувчига етказа олсанг. Ўқувчи буни
қабул қилса, ҳис этса, унга ҳам юқса туйғуларинг... Анча вақт ташлаб қўйиб, сўнг ўқиб чиқсам, назаримда, роман жанрига мосдек.
  Роман асосида кўп қисмли сериал ҳам яратилди, тасвирга олиш жараёнларида ўзим иштирок этишга ҳаракат қилдим.
  Бундан олдин “Банкир” ва “Касофат рақамлар” деб аталган романлар ёзгандим. Биринчиси китоб бўлиб чиққан, иккинчиси яқинда “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этиладиганга ўхшаб турибди.
- Ижодингизни фантастик асарлардан бошлагансиз. Кейинчалик реализмга ўтиб кетишингизга нима сабаб бўлган?
- Фантастика ажойиб жанр-да. Хаёлотнинг чексиз парвози. Ўқиб ҳам, ёзиб ҳам роҳатланади киши.
  Аниқ фанларга қизиқишим сабаблими, ёшлигимдан илмий фантастик асарларни кўпроқ ўқирдим. Айтайлик, “Жаҳонгир”, “Одам амфибия”, “Профессор Доуэлнинг боши”, “Кўринмас одам” ва ҳоказо. Кейинроқ анча-мунча фантастик асарларни ўзбекчага ўгирдим ҳам. Фантастик асарларимдан иборат иккита китобим чиқди.
  Биз адабиётга кириб келган даврлар фантастикага қизиқиш кучли эди-да. Ёзувчилар уюшмасида алоҳида тўгарак ҳам бор эди, шунга қатнаб турардим.
  Айниқса, илмий фантастикани яхши кўраман. Жаҳон тарихида кўплаб олимларнинг буюк кашфиётларига айнан фантастик асарларда қаламга олинган илмий-техник янгиликлар сабаб бўлганлигини ҳам унутмайлик.
  Яна бир мисол. Хитой кейинги ўн беш йилда таълим тизимига айнан фантастик асарларни кўпроқ ўқитиш тажрибасини киритди. Бу қандай кўламдор самараларга олиб келганлигини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз.
  Ўзимга келсак, ўтган асрнинг тўқсонин- чи йилларида ҳаёт шу қадар мўл-кўл ажойиб- ғаройиб, мантиқли-мантиқсиз, ақл бовар қилмас, ҳатто фантаст ёзувчиларнинг хаёлига келмаган воқеликларни қалаштириб ташладики, уларни реалистик усулда тасвирлашдан бошқа йўл қолмади. 
- Таржима қилиш ёзувчидан қандай маҳорат талаб қилади? Робин Шарманинг “Ўлсанг ким йиғлайди?” асари таржимасига қай туртки билан киришдингиз? Кимдир сизга бу борада таклиф бердими ёки кўз остингизга олиб юргандингизми?
- Юқорида ҳам айтиб ўтдим, анча-мунча роман-қиссаларни, ҳикоя-новеллаларни, шеър-достонларни рус тилидан ўзбекчага ўгиришга тўғри келган. Тўғриси, буям бир мактаб. Айниқса, тарихий асарлар таржимаси алоҳида қунт, эътибор ва билим талаб қилади. Шу билан бирга, бу жараёнда қалам чархланади, жумлага айнан мос тушадиган сўзни ёки унинг муқобилини тез топиш кўникмаси шаклланади.
  Шармага келсак, нашриётлардан бири шу китобни таржима қилиб беришимни сўраб қолди. Аввал ўқиб чиқай, дедим. Қарасам, ажойиб асар, деярли ҳар саҳифасида донишмандлик, улкан ҳаётий тажриба ва залворли хулоса мужассам! Машҳур файласуфнинг сўзлари билан айтсам, “Мазкур китоб - замонавий кишилар учун халоскор кучдир. У бизга ҳаётнинг қанчалар бебаҳо эканлигини яна бир бор эслатади”. Китоб ўқувчига тушунарли, жўн эмас, содда тилда ёзилган. Хуллас, яйраб таржима қилдим.
- Асар ёзганда ёзувчи ўзининг ва ўқувчининг ҳафсаласини пир қилмаслиги учун кўпроқ нималарга эътибор бериши керак?
- Бу борада ҳаммамиз биладиган, аммо амал қилишимиз қийин бўлган ҳақиқатлар кўп. Ижод азобини, биласиз, юракдаги тиш оғриғи дейишади. Унга чидаш жуда қийин. Илҳом келганда ёзиш керак. Ёзганда ҳам ўзига ишониб ёзиш керак. Абдулла Қаҳҳор айтганидек, ёзганларининг керакмас жойини қайчилаб ташлашга озгина инсоф ва адолат ҳам керак. Кўнгил эҳтиёжидан туғилган асаргина ўзингизнинг кўнгил туйғуларингизга жавоб беради. Йиғлаб ёзилган асар ўқувчини йиғлатади. Кулиб ёзилган асар ўқувчини кулдиради. Асар дарддан, айтилмоқчи бўлган гап изтиробидан туғилади.
Ёзаётган ёки ёзиб бўлган асарингиз ўзингизнинг ҳафсалангизни пир қиляптми, яхшиси, вақтида уни ташлаб юборинг, ўқувчиниям, ўзингизниям қийнаманг.
- Бугунги кунда қайси ижодкорларнинг асарларини ўқиб турасиз, сизнингча кимлар ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга?
- Ўзимдан келиб чиқиб айтаман. Ўзимга маъқул ижодкорларни айтаман, албатта. Бугун мен қайта-қайта ўқийдиган ёзувчиларимиз камчилик. Кўпроқ Абдулла Қаҳҳорнинг мухлисиман. Жаҳон адабиётини ўқишга ҳаракат қиламан. Столимда ҳамиша Достоевский асарлари туради. Бугунги адабиётимизга келсак, шубҳасиз, Эркин Аъзамнинг қайта-қайта ўқиладиган, ҳар сафар одамни ҳайратга соладиган асарлари бисёр. Бу қадар сўзга эътибор, бу қадар ўзгача услуб... Эркин акадан ташқари Исажон Султоннинг кўп асарларини қайта-қайта ўқийман, унинг тили софлигига, бойлигига, айниқса, табиат тасвирларида моҳирлигига ҳавас қиламан. Бу ҳақда кичикроқ мақола ҳам ёзгандим. Ниҳоят, Назар Эшонқул асарлари бот-бот ўқиладиган улуғ ёзувчиларимиздан бири. Замонамизда шундай ёзувчилар борлиги - бизнинг бахтимиз. Биз улар билан фахрланишимиз, асарларининг қадрига етишимиз керак, деб ўйлайман.
- Сиз доим ижоддасиз: адабиётда, драматургияда, кинода. Мана шуларга улгуриш учун ғайратни қаердан оласиз? Ижодкорликни сиздек сақлаш учун нима қилиш керак?
- Қайси бир суҳбатдаям айтиб ўтгандим шекилли, негадир ўзимни дангасароқ, қимматли вақтининг кўп қисмини беҳуда ишларга сарфлайдиган одам деб ўйлайман. Ҳаёт-да бу... “Пуанкаре” чиққанидан сўнг атай Намангандан муаллифни излаб келган отахон ишхонамизда кечган бир соатлик гурунгимиздан сўнг “Бу юмушларнинг ҳаммасини ташлаб, тоғ-поққа чиқиб кетинг-да, тузукроқ бир нарса ёзинг”, деганди. Шу маслаҳатни кўп эслаб тураман...
  Барибир кўпроқ китоб ўқисам дейман. Дунё адабиётида дурдона асарлар шунақа кўпки, қани энди вақтинг етса-ю, уларни қайта-қайта ўқисанг, лаззатланиб таржима қилсанг. Ҳеч бўлмаса ўзинг учун. Аммо... Майли, ярага туз сепмайлик.
  Оз-моз ишлашимга эса, шукурки, уйда шарт-шароитлар етарли. Шунинг учун асосан уйда, кечаси ишлайман.
- Шеър ва кино ҳаётингизда қандай ўринга эга?
- Табиийки, кўплар қатори ёзишни шеърдан бошлаганман. Уларнинг айримлари туман, вилоят газеталарида чиққан ҳам. Шеър ёшликка ярашса керак, талабалик давримда ҳам шеър-достонлар қалашиб кетган. Лекин, тўғриси, ўзимни шоир ҳисобламайман. Гарчанд битта шеър китобим чиққан бўлса ҳам. Шунчаки ҳавас-да бу... Лекин бу ҳавас ҳаётда қўл келиб қолади. Масалан, киносценарий қабул қилинганида саундтрекларга шеърларни ўзим ёзиб бераман.
  Кинога ўтсак. Кинони ким яхши кўрмайди. Мактаб пайтидан кинога ҳавасим бошқача эди. Актёрлар, режиссёрлар ҳақида катта-катта альбомларим бўлган. Менда актёрлик салоҳияти йўқ, шунинг учун бор-йўқ орзуйим киносценарий эди. Алал-оқибат шу истагим амалга ошди. Дастлаб, “Кичкина одамлар” фильми чиқди. Кейин ишлар ўз-ўзидан юришиб кетди.
- Яхши ёзувчи яхши публицист бўлиб шаклланадими?
- Русларда бир ҳикмат бор: “Истеъдодли одам ҳамма соҳада истеъдодли”. Даврлар бўлдики, адабиёт эмас, публицистика биринчи ўринга чиқди. Шунда ҳам публицистларнинг олдинги сафида истеъдодли ёзувчиларимиз бўлишди.
  Публицистика - кўнгил туйғуларини, воқеликка муносабатни, айтилмоқчи бўлган долзарб гапни тезроқ ўқувчига етказиш воситаси. Яхши ёзувчи, албатта, яхши публицист бўлади. Унутмайлик, ёзувчи - халқ виждони. Виждон эса ҳамиша уйғоқ ва безовта. Виждонан, куйиб-пишиб, дард билан ёзилган публицистик мақола ёзувчининг шахсиятини, фуқаролик позициясини ҳам кўрсатади. Некрасов таъбири билан айтганда, шоир бўлмаслигинг мумкин, аммо гражданин бўлишинг шарт.
- Миллатимизнинг бугунги ва ўн беш йил кейинги маънавий қиёфасига чизгилар бероласизми?
- Ҳар нечук, эртанги кунимизда кўпроқ ижобий ўзгаришлар бўлади, фарзандларимиз, невараларимиз ажиб замонга шоҳид бўлишади деган некбин илинжлар билан яшаймиз. Акс ҳолда ҳаётнинг қизиғиям қолмасди. Ўн беш йилдан кейин... миллатимиз назари тўқ, таъбир жоиз бўлса, инсон бу ҳаётга кун кўриш учун эмас, маънавий юксалиш, парвоз учун келишини тўлақонли тушуниб етган халққа айланар.
- Сизнингча, қайси соҳалар бугун эътибордан четда қоляпти?
- Биргина мисол билан чеклансам. Назаримда, саноатга айлантирилган кино санъати соҳаси буткул ўз ҳолига ташлаб қўйилгандек. Хусусий телеканалларда шунақанги фильмлар, сериаллар намойиш этиляптики, беш-ўн дақиқа томоша қилсангиз, бас, ёқа ушлаб қоласиз, “дод” деб юборасиз. Бунақанги расво, миллатни ерга урадиган, кўп сонли томошабинлар маънавиятини балчиққа чаплаётган “асар”ларни кимлар суратга оляпти ва нима учун, буларни кимлар эфирга олиб чиқяпти ва қай мақсадда? Нима, бу каналларда бадиий кенгашлар, муҳаррирлар йўқми? Ахир бундай фаҳш, разолат ва хиёнатни тарғиб этувчи фильмлар, сериаллар миллат маънавияти учун аста-секин портловчи минага айланмайдими...
  Ўтган асрнинг охирларида мамлакатимизни “сариқ матбуот” босиб кетди. Энди унинг ўрнини “сариқ телевидение каналлари” эгаллади чоғи...
Шунга, анча бўлиб қолди, ўзимизнинг телеканалларни томоша қилмайман.
- Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.

Манба: "Ёшлик" журнали ва "Бекажон" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот