МУШУГИНИНГ ДУМИДАН ҚЎРҚҚАН БОЛА ҲАҚИДА


Тунда чўчиб уйғонди у,
"Илон" - дея бақирди.
Қордек кўчиб уйғонди у,
Онасини чақирди.
Онаси чироқ ёқиб,
Нима деб, бўзлай кетди.
Отаси ўша маҳлуқ, 
Илонни излай кетди. 
Она кўрпа-ёстиқни,
Титиб, ахтариб кўрди. 
Боланинг кароватчасин,
Секин ағдариб кўрди.
Сурилди дарпардалар, 
Гилам қоқиб кўрилди.
Қоронғуроқ бурчаклар,
Фонар ёқиб кўрилди.
Қўрқоқнинг оҳ-фарёди,
Тунни титратди ўқдек.
Аслида илон деган, 
Маҳлуқ ҳеч ерда йўқдек. 
Туртиб кўрилди секин, 
Шкафларнинг бурчлари. 
Очиб кўрилди секин,
Сандиқларнинг ичлари. 
Ҳеч ким мижжа қоқмади,
Қаттиқ ташвишга тушди.
Топилмагач, энг сўнгги,
Имконлар ишга тушди.
Ота, илон расми бор,
Календарни ташлади. 
Болажоним қўрқди деб,
Она йиғлай бошлади.
Дўстим сен ҳам ростми деб,
Қайғуларда кўп ёнма.
Воқеа бундай бўлган,
Хоҳ ишон, хоҳ ишонма.
Келмаган ҳеч бир илон,
Сеҳрганнинг хумидан.
Қўрқоқ  қўрқибди тунда.
Мушугининг думидан.

   Зулфия Мўминова - "Меҳнат шуҳрати" ва "Дўстлик" орденлари соҳибаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира.