ЭНГ БАХТИЁР ОДАМЛАР МАМЛАКАТИ...


  Ҳар йили БМТ “Дунёнинг энг бахтиёр одамлари мамлакати” рейтинги ўтказилади. Мана тўртинчи маротаба ҳам биринчи ўринни Финляндия эгаллади. Ўтказилган сўров натижаларига кўра Ўзбекистон 53-ўринни, Россия эса 60-ўриндан жой олди.
  Умумий рейтингни тузишда Гэллапа Институти (ингл. American Institute of Public Opinion) таҳлилий  манбаларидан фойдаланилди ва 149 мамлакатда ўтказилган сўровларда қатнашганлар ўзларининг ҳаётдан қанчалар рози эканликлари ҳақида фикр билдиришди. Сўров меъёрлари ичида жамиятнинг қўллаб қувватлаши, шахс эркинликлари, Ялпи миллий  маҳсулот  ва мамлакатдаги коррупция даражаси инобатга олинди. Ўтган йил якунларига кўра  коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт ва одамлар ҳаётига таъсири ҳам инобатга олинди. Дастлабки ўнталикнинг тўққизтасини Европа мамлакатлари  банд этди. Рейтингнинг пешқадам қатнашчиси ўзгармай қолди. Таҳлилчилар Финляндияни дунёдаги энг бахтли мамлакат деб тан олишди.Иккинчи ўринни Исландия олди. Учинчи –Дания бўлди. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра пандемияни мамлакат ҳаётига таҳтид солувчи ташқи душман сифатида қарашди ва унга қарши курашга бирлашдилар, -дейди ҳисобот муаллифларидан бири  Британия Колумбияси Университети профессори Жон Хелливелл.
  Жонс Хопкинс Университети маълумотларига кўра, 5, 5 миллион аҳолиси бўлган мамлакатда 71 минг нафар одам коронавирусга йўлиқди, 805 нафар одам вафот этди. Бу эса Европа макмлакатлари ичида энг яхши натижа ҳисобланади. Бу маълумотларга қўшимча қилиб, Финляндияда жон бошига ўртача йиллик даромад 50 минг доллар,бизда эса 1800 долларни ташкил этади. Таълим даражаси бўйича мамлакат дунёда тўртинчи ўринни эгаллаган. Биз эса 71-ўриндамиз. Демак, одамлар учун муносиб турмуш тарзини ташкил этиш, фарвонлигини таъминлашла Финляндия дизайн-лойиҳалаш маданиятини кенг қўллайди.
  Маълумки, ХХI асрда кашф этилган ва ихтиро қилинган ишланмалар, янги технологияларнинг, айниқса, ахборот технологияларининг инсоният фаолиятида кенг қўлланиши, фикрий ғояларни моддийлаштириш билан боғлиқ бошқа технологияларнинг татбиқ этилиши, ақилли технологиялар ва синергетика, акемалогия, сингуляр билимларнинг ривожланиши натижасида “лойиҳалаш маданияти- дизайн” атамасини “фаолиятшунослик” атамасига ўзгартирилишини тақазо этмоқда.
  Бугунги кунларда деярли дунёнинг  барча мамлакатлари  миллий ва саноат ишлаб чиқариш сиёсатини ташкил этишда дизайн билан боғлиқ муаммоларга катта эътибор билан ёндошмоқда. Кўплаб мамлакат ва худудлар ўзларининг бу борадаги дастурларини ишлаб чиққан. Бу дастурларнинг асоси бир бирига ўхшаш бўлиб, уларда дизайнга иқтисодий ўсиш, рақобатбардошликни таъминлаш, иш жойлари ташкил этиш ва бизнесни янада кенгайтириш қуроли сифатида ёндашилаётганини кўриш мумкин.
  Глобал рақобат юзага келган шароитда  турли мамлакатлар дизайн-фаолиятшунослик сиёсатнинг миллий ва минтақавий масалалари янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Асосий эътибор миллий бизнес ва рақобатбардошликка қаратилиб,бунда янги билимларни эгаллаш ва илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш асосий вазифага айланди.
  Финляндия дизайни тарихи XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошланади. 1870 йилларда миллий анъаналарни сақлаб қолиш ва саноат маҳсулотлари бадиий савиясини ошириш мақсадида Финландия бадиий – саноат жамияти, Бадиий саноат мактаби, Бадиий–Саноат музейи ва “Фин қўл меҳнати дўстлари” жамияти тузилади.  Шу тариқа бадиий ижодиётнинг тармоғи ҳисобланган дизайн дунёга келади, унинг асосини эса миллий маданият анъаналари ташкил этади.
  Фин архитектураси кейинги юз йилликда миллий романтизмдан ўзигахос байналминал услубигача бўлган  Алвар Аалто, Уно Ульберг, Элиель Сааринен каби буюк номларларни тарих саҳифаларига муҳирлаган ҳақиқий тикланиш даврини бошидан кечирди. Финляндиялик меъморлар мода ортидан эргашмади,  балки уста меъморларнинг табиатга бўлган муҳаббатини авайлаб асрадилар ҳамда ҳар бир яратилган лойиҳада иқлим шароити,маҳаллий ашёларни қўллаш анъаналарини сақлаб қолдилар.Фин архитектураси ва дизайнига шон – шуҳрат келтирган тасвирий санъат усталари ва меъморлар 1930 – 1960 йилларнинг  “Олтин авлоди” сифатида тарихда қолди. Уларнинг ижод намунасида қўлланилган модернизм услуби анча бой ва бугун ҳам у ўз қимматини  йўқотган эмас. Ўттизинчи йилларда қурилган  меҳмонхона, кинотеатр каби жамоат бинолари ( кейинчалик уларни “навқирон модернизм” ёки “оқ функционализм” услублари деб баҳолашган) ҳозир ҳам бу Шимол мамлакатга ташриф буюрган сайёҳларни ҳайратга солади. 
  Мамлакат архитекторлари бундан 70 йиллар муқаддам футуристик образлар яратишган, бу ноёб меъморчилик намуналари бугун ҳам келажак қиёфасини акс эттириб турибди. Кўргазмаларда Алвар Аалто  ва Илмари Тапи-оваар томонидан яратилган ноёб нарсаларни учратиш мумкин. Финлар дизайн борасида улкан ютуқларни қўлга киритганлар.
  Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида фин дизайни алоҳида соҳага айланди. Кейинроқ эса дизайнга нисбатан  маҳсулотларнинг эргономика ва хавфсизлиги бўйича талаб қўйилди.Саксонинчи йиллар постмодерни дизайн соҳасига ўтмиш услубларини қайтадан инъом этди.Тўқсонинчи йилларнинг ўрталарига келиб эса Финляндия саноати ривожланишининг асосий маъзонига айланди. 
  Финляндияда дизайн соҳасига бўлган анъанавий муносабат мамлакат ҳукуматининг сиёсати ҳисобланиб, “миллий ўзигахослик кўрсатғичи” сифатида қаралади. Мамлакат ўз тарихининг мураккаб даврларида( ўтган асрнинг 20-30 йиллари ва уришдан кейинги даврда) архитектура, санъат ва дизайндан мадад қидирганлиги маълум.    
  Дизайндан миллий сиёсат қуроли  сифатида аҳоли кундалик турмушини яхшилаш  учун фойдаланилган. 1993 йили Финляндия ҳукумати мамлакатни ривожлантиришнинг асосий стратегик йўналишларни белгилар экан,дунё бозорида юқори рақобатбардошлик белгиси сифатида дизайнга эътибор қаратади. Дунё миқёсида фин дизайни етакчилигини таъминлаш, иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ниятида “Дизайн-2005” (Muotoilu-2005) давлат стратегик дастури  ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Бу эса мамлакатда ишлаб чиқарилган товарларнинг ички ва ташқи бозордаги нуфузини таъминлаш имконини берди. Бу дастурнинг асосий мақсади қуйидагилардан иборат эди:
- дизайн таълимини ривожлантириш;
- дизайн соҳсидаги илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш;
- фин компаниялари кенг қўллаши учун имтиёзлар беришни ҳисобга олган ҳолда дизайн хизматларини янада такомиллаштириш;
- дизайнни миллий инновация тизимига интеграциялаш. 
  “Дизайн-2005”дастурида дизайнни кичик ва ўрта бизнес соҳасига фаол тадбиқ этиш белгиланди. Шу боис мамлакатда бир нечта инновация марказлари ташкил этилди. Уларнинг асосий вазифаси дизайн соҳасида ҳамкорларни топиш ва янги технологияларни тадбиқ этишдан иборат. Дастурга биноан 2005 йилда фин ишлаб чиқарувчиларининг 30 фоизи юқори малакали дизайнерларнинг хизматларидан фойдаланиши, 2010 йилга бориб эса бу кўрсатғич 50 фоизга чиқиши, дизайн истеъмол сифатини оширувчи восита сифатида бизнес-стратегиянинг асосий қисмига айланиши зарурлиги белгиланди. 
  2002 йили “Дизайн 2005” доирасида Миллий технология агентлиги томонидан  “Шакл-2005” (“Muoto-2005”) дастури қабул қилинди. Унинг асосий мақсади халқаро миқёсда саноат дизайни аҳамиятини  янада ошириш орқали фин корхоналари рақобатбардошлигини таъминлашдан иборат эди.Технологик маҳсулотлар яратиш, ва дизайн борасида “ноу-хау”ни қўллаш, шу билан бирга дизайн амалиёти ва хизматларини халқаро даражага олиб чиқишга қаратилган илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини қўллаб қувватлаш бош масала қилиб белгиланди. “Форма-2005” дастури бюджети 27 млн. еврони ташкил этди.  Дастур учун 18 лойиҳа танлаб олинди.Уларни рўёбга чиқаришда 13 университет ва тадқиқот ташкилоти, 60 компания ҳамда дизайнер бюроси иштирок этди. Дастур доирасида Финландия томони Чили, Аргентина, Янги Зеландия, Дания, АҚШ, Швеция,  Норвегия, Буюкбритания, Эстония, Нидерландия, Исроил, Франция, Испания, Бразилия каби мамлакат дизайнерлари билан ҳамкорлик қилди.
Финляндияда  дизайнни вертикал бошқариш тизими мавжуд. Дизайн соҳасидаги барча таълим турларини ривожлантириш кўзда тутилган. Фундаментал университет , амалий политехника ва амалий ўрта таълим муассасалари ана шулар жумласидандир. Дунёдаги энг нуфузли дизайнерлик мактабларидан бири Хельсинки санъат ва дизайн Университети саналади. Бу ўқув масканида 40 мамлакатдан келган 1600 талаба билим олади. Давлат томонидан Университет худудида” Санъат, дизайн ва коммуникация воситалари шаҳри” ни бунёд этиш кўзда тутилган. Бу шаҳарда 15 минг киши яшайди, 200 та фирманинг маъмурий бинолари қад кўтаради.  Хельсинки шаҳрида дизайн таълими бўйича қизиқарли машғулот ташкил этилди. Финляндиянинг уч олий ўқув юрти, яъни Технология  Университети, Иқтисодиёт олий мактаби, Архитектура, дизайн ва санъат Университети талабаларини бирлаштириб, барча харакатларни жамлаб, креативлик университетини ташкил қилиш тажрибаси ўтказилди. Бир машғулот залига турли мутахассисликларга ўқиётган талабаларни, дизайнерлар, иқтисодчилар, мухандисларни тўплаб,  уларнининг биргаликда билим олиши  ва мулоқати учун чексиз имкониятлар яратиб берилди. Бу ерда келажакнинг универсаль мутахассислари тайёрлана бошланди.
  Тан олиш керак, фин дизайнерлари дунё анъаналарига кўр-кўрона эргашмайди, улар кўп соҳани ўзлаштирган мутахассислар етиштиришни ва миллий бренд ривожланишни афзал кўрадилар.Кейинги пайтларда фин дизайнерларининг шаҳарсозлик борасидаги ишлари бутун дунёда тан олинди. Шу билан биргаликда мамлакат дизайнини хақли равишда миллий хусусиятларга эга бўлган халқаро дизайн услуби деб атайдилар. Дунёда Финляндия қўлга киритган энг катта ютуқ уч кўринишга эга. Биринчиси дизайн таълими, иккинчиси умумий таълим мактаблари, учинчиси эса буюмлар яратиш ва саноат дизайни  борасидаги ютуқлардир. Бу дастурдаги энг муҳим йўналишдан бири дизайн соҳасидаги таълимни ривожлантириш саналади. Бу мамлакатда   дизайн  таълими борган сари техника ва бизнес бўйича билим бериш сари йўналтириляпти.
  Финляндия касб-техника таълими ўрта ва олий маълумот беришга мўлжалланган. Шу каби касб-ҳунар ўқув муассасасининг кўпчилиги маълум бир тармоқ учун фақат бир мутахассислик бўйича ўқитади. Замонавий техника воситаси билан жиҳозланган  касбий билим юртларида 200 дан ортиқ фан йўналиши бўйича машғулот олиб борилади.Фин мутахассисларини дунёнинг исталган жойда бажонидил ишга қабул қилади. Касб-техника таълими муассасаларидаги ўқиш икки йилдан олти йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Ўқув дастурига,албатта амалиёт киритилиши шарт.Ўқувчиларга имтиёзли банк ссудаси ва давлат нафақаси ажратилади. Ўқув юртларида таълим олиш бепул. Билим муассасаларининг ярми муниципалитет, учдан бири давлат ва қолгани хусусий шахсларга қарашлидир.Касб-техника ўқув муассасалари давлат ссуда маблағлари ҳисобига фаолият кўрсатади.
  Дизайн соҳасидаги барча таълим турларини ривожлантириш назарда тутилади. Улар илмий университет,тажрибавий политехника ва  амалий ўрта таълимдан иборат.  Дизайн таълимининг стратегик масалаларига- илмий-тадқиқот ва концептуал прогнозлаш, лойиҳалаш методи бўйича мутахаасисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратади.
  Бўлғувси мутахассис-дизайнерлар бозорни, ижтимоий муаммоларни, маданий инновация ривожини, дизайн-менежментни ўрганадилар. Финляндияда  дизайн бўйича  47 ўқув муассасаси таълим беради. Улардан 23 таси олий ўқув муассасаси саналади. Дизайн бўйича таълим берадиган олий ўқув даргоҳларидан энг каттаси Хельсинки санъат ва дизайн университети ҳисобланади. Унинг дизайн бўлимида 600 талаба билим олади ва 50 аспирант илмий изланишлар билан банд. Финляндия таълим вазирлиги маълумотларига қараганда 2005-2010 йилларда 2500 нафар соҳа мутахассиси тайёрланган.Улардан 37,5 фоизи саноат соҳаси дизайнерларидир.
  Хельсинки шаҳрини дизайн таълими маркази деб аташари бежиз эмас. Шаҳарда дизайн музейи ва ОАВлар ҳамда икки политехникум фаолият юргазади. Дизайнерлик дипломига эга бўлган мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Мактаби 1995 йили Университет қошида ташкил этилган эди. Бугунги кунда у дизайн соҳасида 100 нафардан ортиқ фан номзодларини тайёрлади.
  Helsinki Metropolia University of Applied Sciences / Хельсинки Метропролия  амалий фанлар Университети ҳам ана шундай олийгоҳлардан бири саналади. Бу ерда эртанги кун маданият, бизнес,тиббиёт, ижтимоий хизмат ва технология мутахассислари тайёрланади.
  Ўқув дастурлари:
•  Факультетлар: бизнес, технология, дизайн.
• Мутахассисликлар: бизнес, менежмент, ахборот технологиялари, медиа инжиниринг, тўқимачилик дизайни,  театр костюмлари дизайни, визуаль дизайн, график дизайн.
  Инглиз тилида олиб бориладиган дастурлар:
  Бакалавриат:
•  Европа  бизнес- бошқаруви (European Business Administration)
•  Европа менежменти (European Management)
•  Халқаро бизнес ва  логистика (International Business and Logistics)
•  Қурилиш (Civil Engineering)
•  Электроника (Electronics)
•  Экотехнология(Environmental Engineering)
•  Ахборот технологиялари (Information Technology)
•  Медиа инжиниринг (Media Engineering)
  Магистратура:
•  Бизнес-информатика (Business Informatics)
•  Тиббиёт бошқаруви  (Health Business Management)
•  Саноат  менежменти (Industrial Management)
•  Ахборот технологиялари (Information Technology)
• Фавқулотда ҳолатлар ва жонлантириш бўйича биринчи тиббий ёрдам ҳамшираси  (Emergency and Critical Care Nursing).
  Кириш имтиҳонлари:
•  Бакалавриат: 18 ёш, ўрта маълумот ҳақидаги шаҳодатнома,  TOEFL 83, IELTS 6.0., университ  имтиҳони.
• Магистратура: олий маълумот, тансифнома, мақсад ҳақида баённома, иш тажрибаси, университет имтиҳони, TOEFL 92, IELTS 6.5. 
  Саноат дизайни бўйича Халқаро кенгаш (Icsid) икки йилда бир маротаба дунё шаҳарларининг дизайн ечими бўйича кўрик танлов ўтказади.Ана шундай олий мукофотга Жанубий Кореянинг пойтахти Сеул шаҳри сазовор бўлган эди. Иккинчи сафар Италиянинг Турин шаҳри, 2012 йилда эса Финляндиянинг пойтахти Хельсинки ана шу нуфузли мукофотни қўлга киритди. 2014 йилда “Дунё дизайни пойтахти” унвони Кейптаун шаҳрига берилди.
  Хельсинки шаҳрининг бу мукофот совриндори бўлиши тарихига назар ташласак, кўрикда қатнашиш учун дунёдаги 40 шаҳар ариза берган эди. Финляндия пойтахти саноат дизайнининг намунавий модели сифатида тан олинди. Шаҳар ижтимоий- иқтисодий ва маданий уйғунликда ривожланганлиги  қайд этилди. Стратегик дизайн ишламаларини яратишда кенг жамоатчилик қатнашди. Болалар муассасаларидан тортиб, амалдорларгача, талабалардан торитиб, хусусий тадбиркорларгача иштирок этдилар.Таклифлар 2011 йил давомида қабул қилинди. Уларнинг асосида  “Хельсинки –дунё дизайни пойтахти 2012” дастурига тақдим этиш учун 300 та лойиҳа ишлаб чиқилди.Маҳаллий аҳолининг фаоллиги туфайли дастур  мавзулари ранг баранглик касб этди. Миллий саноатни ривожлантириш  ва фуқаролар турмуш шароитини яхшилаш ниятида ҳомий компаниялар энг яхши лойиҳалар билан иштирок этди. 
  Мамлакат пойтахти Хельсинки шаҳрида архитектура ва дизайн музейи жойлашган.У Йоханнес черковига яқин ерга жойлашган. Черков1893 йили баланд тепалик устида архитектор А.Э. Меландер томонидан неоготика услубида бунёд этилган. 2600 одам бирданига ибодат қилиши мумкин бўлган бу черков биноси ажойиб акустикага эга. Бу ерда черков мусиқаси ижро этилади.
  Дизайн музейи  “Топелиус ва болалар “ хайкали хиёбони қаршисида жойлашган. У  шу мавзуда ташкил этилган дунё музейларининг энг  кексаларидан бири бўлиб, 1873 йилдан буён ишлаб турибди. Музей биноси архитектор Густав Нюстр лойиҳасида қурилган бўлиб, анъанавий фин архитектураси намунасидир.Биринчи қаватда финлар томонидан яратилган қулай ва чиройли буюмлар: идиш-товоқ, тўқимачилик, мебель, транспорт воситалари, маиший техника  кўргазмага қўйилган. Айниқса 19 аср охири 20 аср бошларида ясалган нарсалар музейга ташриф буюрганларни хайратга солади.Музей фондида 75 мингта экспонат, 100 мингдан ортиқроқ фотосуратлар бор.
  Сал нарида Архитектура музейи жойлашган. Музей биноси 1899 йили Илмий жамият учун қурилиб, ён томонида ҳам иморатлар кўтарилиши режалаштирилади. Аммо бу мақсад амалга ошмай қолади. Марказий бинони архитектор Мангус Шерфбек томонидан лойиҳалаштирилган. Бу иншоот дизайн музейи биносига қараганда оппоқ ранглари билан ажралиб туради. Уни неорениссанс услида қурилганини бир кўришдаёқ сезиш мумкин.
  Архитектура музейи дизайн музейига қараганда қизиқарли бўлмаса ҳам турли бино, кўприк, турар-жой бинолари понарамасини тамоша қилиш мумкин. Ундан ташқари 1900 йилдан 1970 йилгача яратилган биноларнинг фотосуратлари, архив хужжатлари, мақолалар, китоблар билан танишиш имконини беради.  
  Ҳар қандай соҳа ва фаолият турларига инсоннинг ижодий ёндашувида дизайннинг аҳамияти беқиёс. У кирмаган инсон фаолияти қолмаган. Нарсалар олами муҳитини яратиш (саноат, ишлаб чиқариш,фан ва техника, санъат ва маданият,архитектура, ланшафт, экология ва бошқалар)  ҳамда жараёнлар ва рақамли дастурлар лойиҳалари ана шулар жумласидандир. Дизайн таълими, Фаолиятшунослик эса фикрий дизайн демакдир.
  Маълумки, ХХI асрда кашф этилган ва ихтиро қилинган ишланмалар, янги технологияларнинг, айниқса, ахборот технологияларининг инсоният фаолиятида кенг қўлланиши, фикрий ғояларни моддийлаштириш билан боғлиқ бошқа технологияларнинг татбиқ этилиши, ақилли технологиялар ва синергетика, акемалогия, сингуляр билимларнинг ривожланиши натижасида “лойиҳалаш маданияти- дизайн” атамасини “фаолиятшунослик” атамасига ўзгартирилишини тақазо этмоқда.
  Янги фан йўналишини эса “Фаолиятшунослик” деб номланиши мақсадга мувофиқ келади. Фан предмети сифатида инсон фаолияти билан боғлиқ учта унивесаль йўналиш бирлаштирилиши назарда тутилади.
  Биринчидан лойиҳалаш маданияти, фаолиятшунослик таълими, тарихи, назарияси, принциплари ҳамда уни ташкил этиш асослари, иккинчидан касбларнинг технологик асослари. Ахборот технологияларининг ривожланиши ва қўлланиш услублари. Бошқа технологик ишламалар.Учинчидан сингулярлик, синергетика, акемология асослари. Кашфиёт ва ихтиролар яратишнинг тарихий зарурати, келажакни лойиҳалаш, инсон фаолиятини лойиҳалашнинг назарий асосларини ичига қамраб олади.
  Шу ўринда янги ўқув предмети мақсадидан келиб чиқиб, назарий ва амалий натижаларни умумлаштириб, “Фаолиятшунослик” фани моҳиятини қуйидагича таърифлашни таклиф этамиз: “Фаолиятшунослик” - инсон фаолиятини лойиҳалашнинг технологик жиҳатдан мақсадга мувофиқлик ва табиий уйғунлик методи демакдир.”
  Ушбу таърифимиз инсон фаолияти билан боғлиқ моддий ва маънавий оламни қамраб олади. Энди инсон маълум бир мақсадда ўз фаолиятини лойиҳалайди. Бунда инсон нарсалар оламини эмас, балки нарсалар олами муҳитини яратиш учун ўз фаолиятини лойиҳалашнинг технологик яхлидлик ва табиий уйғунлик методига мурожаат қилади. Лойиҳалаш маданиятига эса таълим-тарбия туфайли эришилади. Фаолиятшунослик таълимининг моҳияти шундан келиб чиқади. “Фаолиятшунослик” таълими инсон ҳаётий фаолиятини лойиҳалашнинг технологик жиҳатдан мақсадга мувофиқлик ва табиий уйғунлик методини ўрганиш ҳақидаги билимлар демакдир”.
  Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, дизайн таълими борасида Финляндия тажрибаси биз учун кенг истиқболларни очади. Президент Шавкат Мирзиёев даъват қилаётган Учинчи ренессанс сари билим ва лойиҳалаш маданияти билан янада тезроқ кириб борамиз. Мамлакатимиз тараққиёти  янада жадаллашади.

Дадахон Ёқубов, Ўзбекистон санъат арбоби.
Дилноза Зупарова, докторант.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот