Келса Наврўз чарақлар қуёш


     Ассалому алайкум, азизларим! 
     Барчангизни “Наврўз” байрами билан табриклайман. Энг қадимий байрам ҳисобланган бу тантана сиёсатдан йироқ. У инқилоб куни эмас, ғалаба байрами эмас, ғоялар тантанаси эмас! Бу байрам диндан ҳам ҳоли. Бирор пайғамбар ё авлиё таваллуд топган куни эмас, саҳобий туғилган, тобеин қатл қилинган кун эмас. Бу шодликнинг миллат ё ирққа ҳам алоқаси йўқ. Ким нимани ният қилиб, қандай мақсадни кўзласа, ўшанинг кучи билан нишонлайверади.  Биров дийдорга зор, бошқасига хурсандчилик керак, учинчиси гавжумликни, шўх-шан давраларни яхши кўради. Турли-туман таомларга сиғинадиганларимиз ҳам бор, орамизда. Ана, боринг, байрам қилинг! Овқат байрами, ашула-ялла байрами, ўйин-кулги байрами! 
  Бу байрамни яшашни яхши кўрганлар, меҳнатни қадрлаганлар, оқибатни маҳкам ушлаганлар нишонлайди! Бу санани табиатни севганлар, ўзини шўх сойларнинг бир тўлқини, митти қушлар сайроғининг бир ноласи, пурвиқор тоғларнинг бир довончаси, паға-паға булутларнинг бир сиқими деб билган, ёмғирда яйраган, қорларда сакраганлар шодиёна қилади! Бу байрамни тирикликни улуғ неъмат, болаларни ҳаёт мазмуни, оила занжирининг мустаҳкамлигини ўйлаганлар ўтказади. 
     Демак, бу байрам, донишмандлар, оқилалар, фидойилар, зукколар, оилабошию келажак умидлари - болаларимизнинг байрами. Демак бу байрам дуогўй оталар, гиргиттон оналар байрами, миннатдор ўғил-қизлару бесабр ва ўйноқи набиралар байрами! Боринг, яйранг, яшнанг! Эй, туп қўйиб, палак ёзганлар,  туринг, давраларга кенг қулоч очинг, силкиниб-силкиниб ўйнанг, ғуборларингиз тўкилсин, гиналарингиз ушоқ-ушоқ бўлиб кетсин! Назар-нафаслар, суқ ва кўзикишлардан қутилинг! Бугун табиат уйғонди - сиз ҳам уйғонинг, у яшарди - сиз эам яшаринг, у гуллади - сиз ҳам очилинг! Мен Наврўзни яхши кўраман! Жаҳон халқига Наврўз ташрифи хайрли келсин. Яшасин Наврўз!

Келса Наврўз осмон узра чарақлайди қуёш,
Иссиғидан, тафтидан гулга белангай тоғу тош. 
Очилиб гул, боши узра сайрагай булбул ёниб,
Не ажаб, булбул куйидан маст бўлиб гул эгса бош.
Жонланиб боғу чаман сувлар ариқдан тошсалар,
Гал келур ишқ, севгига, ҳижронлари бўлгай одош. 
Талпиниб жон қушлари қизлар чаманга учсалар,
Бўз йигитлар бесабр, қизлар йўли узра қалош.
Чорласа доира, сурнай сайлигоҳ оғушига,
Отланур минг турли оҳорий либосда кекса, ёш.
Бир томонда ҳофизу хонандалар давра тузар,
Бир тараф элликта ошпаз минг кишига сузса ош. 
Сўнгги йўқ бўлса қўшиқнинг, сайлимизнинг сўнгги йўқ,
Тинмаса кулгу, ахир, кулгуга кулгулар туташ.
Муслимо, озод Ватан “Наврўзи олам” қўйнида,
Бир улуғ тўйхонадур Қўқону Ўш, Фарғона, Шош. 
     
   Дарахтлар гуллаб, қир-адирлар яшнаган ушбу дориломон кунда Ўзбекистонимнинг камтар, одамохун, меҳнаткаш, ҳалол, фидойи ва сабрли аҳолисини самимий табриклайман. Ҳалолликдан бонг уриб, ўзи ортиғини еяётган, адолатдан айюҳаннос солиб, ўзи бировнинг неъматини хотиржам ҳазм қилиб юбораётган, юрт равнақи учун курашаётган қилиб кўрсатиб, аслида фақат ўз жиғилдони ва манфаатини ўйлаб ухлолмаётганлар бу табрикдан мустасно. Сизлар қоринларингизга операчилар белбоғини тақиб олинг - ёрилиб кетиш арафасида турибсиз… Сумалак ё бошқа бирор байрам таомлари билан меҳмон қилишса асло ея кўрманг! 
  Байрам кунлари одамлар орасига чиқадиган бўлсангиз, тиббиёт эмас, карнавалбопидан эмас, ҳақиқий ниқоб тақиб олинг бетингизга. Сув шимадиган ва тез қурийдиганидан олинг. Таниб қолганлар юзингизга тупуриб қолиш эҳтимоли бор. Билиб бўладими, одамлар хурсандчиликда ҳар нима қилишлари мумкин. Ахир улар сизларга ўхшаб 365 кун байрам қилмайдилар-ку… Сиз ҳам уялмайсиз, халқпарвар эканингизни кўрсатиб қўйгингиз келади. Оддий одамларга қўшилишиб юришингизни намойиш қилгингиз келади… Шўрингиз қурсин!
   Эй, одамлар! Борига қаноат қилиб, топганини туфлаб тугиб, “бурунгининг қаъдасини қўяманами” деб ўғил уйлаб, қиз узатишга йиғиб юрган жафокаш халқим! Тун билан кун тенг бўлади, аммо амалдор билан оддий халқ тенг бўлмайди! Сенга бу байрамда буюк сабр ва мустаҳкам ирода тилайман! Қадим халқ эдинг - энди бардавом бўл!

Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот