КИНОГА КИРМАЙМАН


Билет топилмайди «Ўтган кунлар»га,
Қизлар қайтиб келар кўзёш қилишиб.
Хайр уйқу дейман, менда йўқ ором,
Муқовасиз китобимга мук тушиб.

Ногоҳ музикалар тинган ётоқда
Китобим кирмаган хона қолмаган.
Ҳеч ким уни мендек ўқимаган лекин
Ҳеч ким уни мендек ўқий олмаган.

Кўзимни юмаман кулгичлари яйраб,
Кумуш боласига рўмолча тўқир.
Кейин ичкаридан—минг йил наридан
Зайнабнинг нигоҳи жонимни чўқир.

Шундай оқшом ботар, шундай тонг отар,
Китобим ўқийман сатри муқаддас.
Менга ёқмас экрандаги Отабек,
У бошқа. У бошқа мен билган эмас!..

Билет топилмайди «Ўтган кунлар»га,
Мен эса кирмайман бекорга ҳам ҳатто.
Майли, қарсак чалай истеъдод учун
Лекин санъат — санъат, ҳаёт — ҳаёт-да.

Кўзимни юмаман, кулгичлари яйраб,
Кумуш боласига рўмолча тўқир.
Кейин ичкаридан — минг йил наридан
Зайнабнинг нигоҳи жонимни чўқир.

Сарғайган саҳифага қўйиб бошини
Кумуш кулиб ётар тирикдек худди.
Тур энди опажон, тур энди опа
Отабегинг сени унутди?..

Билет топилмайди «Ўтган кунлар»га,
Мен кирмайман. Кирсам кўнглим тўлмайди
Китобим ўқийман,
Ўзим тўқийман,
Кинога ҳеч нарса қўшиб бўлмайди.

Муҳаммад Юсуф - Ўзбекистон халқ шоири