АБАДИЯТ АДИБИ


АБАДИЯТ АДИБИ

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудига
-------------------------------------------------------------------------------------------------
Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ доценти, филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва "Маърифат" тарғиботчилар жамиятининг аъзоси.

Абдулла Орипов: "Маънавиятни совуқ урмасин"

  Ардоқли шоиримиз Абдулла ака билан суҳбатдош ҳар бир инсон ўзига бевосита тегишли бўлган қандайдир ҳикматни топмасдан қолмасди. Улар худди шу маънода ҳикматдон шоир эдилар. Илмни, олимни, ижодкорни қадрлайдиган, элини севадиган, унинг ютуқлари билан суюниб, кулфати билан астойдил куюнадиган инсон бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. 
  Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида олдин матншунолик кейин эса фольклор секторида илмий ходим сифатида ишлаб юрган кезларимизда марҳум устозимиз академик Матёқуб Қўшжонов ҳузурларига Абдулла ака тез-тез келиб турдилар. Кабинетларида ўтириб дилкаш суҳбат уюштирар эдилар. Матёқуб Қўшжоновнинг уруш асоратлари сабаб кўзлари бир мунча хиралашган бўлиб китоб ўқишга қийналардилар. Шу боис мен устознинг "хос котиб" ларидан бири бўлганман десам хато бўлмайди. Улар бирон адиб ижоди ҳақида нимадир ёзмоқчи бўлсалар, даставвал, мендан микрокассетага ўқиб овоз тушиб беришимни сўрардилар. Мен бу ишни астойдил завқ-шавқ билан бажонидил бажарардим. Кунларнинг бирида Абдулла Ориповнинг шеърий тўпламларидан бирини каминага тутқазиб "Легенда" номли магнитафонини бериб шунга овозингни тушириб келгин дедилар. Бир ҳафтадан кейин бир нечта Япониянинг 9 дақиқалик микрокассетасини тўлдирилган ҳолда олиб келиб қўлларига тутқаздим. Домла шуни диққат билан тинглаб фикр-мулоҳазаларини жамлаб йирик ҳарфлар билан бир қоғозга тушириб қўяр ва мени чақирардилар. Мақоланинг тарҳи, композицион қурилиши тўла шаклланган бўларди. Улар фикрларини ёзиш суръатимга мослаб айтардилар, мен эса қоғоз юзига туширардим. 
  Кунларнинг бирида "Абдулла жуда яхши ёзади-да, фалсафасига санъаткорона тўн кийгизиб ёзади, муҳими, "либоси"ни яраштириб бичиб тўқийди", деганлари ҳамон ёдимда. Абдулла Орипов ижодига устоз академикнинг меҳри бўлакча эди. Шундан бўлса керакки, улуғ шоиримизнинг илк шеърий тўпламига оқ йўл тилаб сўз боши ёзган ҳам академик Матёқуб Қўшжонов эдилар. 
  Кези келганда, шуни айтиш керакки, институтимиз ходимларидан фидойи аёл Сория опа Азизова Абдулла Ориповнинг қайси асари, шеъри ёки мақоласи қайси манбада чоп этилган бўлса, эринмасдан топар ва библиографик кўрсаткичларини тузиб, тайёрлаб борар эдилар. 
  Мустақилликнинг илк кунларида "Давлат тили ҳақида"ги Қонуннинг ижроси бўйича қизғин ишлар олиб борилаётган пайтлар эди. Қонуннинг махсус бир банди кўп асрлик маданиятимизнинг калити ҳисобланган араб алифбосига асосланган эски ўзбек ёзувини ўргатиш талабига қаратилганди. Ўшанда турли тўгарак ва курслар очилиб араб ёзувини ўратиш кенг авж олган пайтлар эди. Ўзбекистон телевидениеси орқали араб алифбосига асосланган эски ўзбек ёзувини ўратишга қаратилган "Алифбо сабоқлари" кўрсатувини олиб борардим. Араб ёзувига айрича меҳр билан қараб ихлос қўйган кекса-ю ёш телевидение олдида ўтириб олиб дафтарга ёзиб ўрганишарди. Ундан сал олдин кўп миллион сонли қизиқувчиларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда, "Эски ўзбек ёзуви" деган 24 босма табақ (384 бет)дан иборат ўқув қўлланмам ҳам чоп этилган эди. Сория опа бу борада қилаётган хизматларимни кўриб ва дастхатим билан тақдим этган китобимни варақлаб ўтириб сўз қотдилар: "Шунча ишларни қилаяпсиз, ҳамон оилангиз билан ижарама - ижара юрасиз, бир уй сўрасак, беришмасмикан сизга".
  "Билмасам,"- дедим елка қисиб. 
  "Бир фикр бор, Абдулла акага шу ҳақда маслаҳат солсак, нима дейсиз? Бунинг устига СССР халқ депутати." 
  "Ноқулай эмасмикан", - дедим. 
  "Абдулла ака бир қанча ёш ижодкорларга беминнат, беғараз ёрдам бериб келадилар, шулардан бири сиз бўлсангиз нима бўлибди, уларнинг номидан ҳокимиятга хат ёздирамиз"-деб мени Абдулла ака ҳузурига бошлаб бордилар. Олдин ҳам бир неча бор кўришган бўлсак ҳам, ийманиб, ўнғайсиз ҳолатда салом бериб бир чеккада ўтирдимда, дастхат билан тайёрлаб келганим "Эски ўзбек ёзуви" китобимни тақдим этдим. 
Астойдил хурсанд бўлиб, китобни варақлаб, араб хат турларини, насх, настаълиқ, кўфий, сулс, девоний, риқоъ, райҳоний хатлардаги битикларга зимдан назар солиб ўтирдилар-да, "Тарихнинг калити, мозийнинг муҳри бўлибдику бу", дея мийиғида кулимсираб қўйдилар ва стол тортмасидан қизғиш рангдаги "Йиллар армони" номли китобини олиб "Эски дўстимга" деган дастхати ва имзоси билан менга тақдим этдилар. Китобни очганим ҳамоноқ Абдулла аканинг қадимий ёзувимизга ихлос ва эътиқоди акс этган ушбу тўртликка кўзим тушди. 

Эски алифбони дилга қилсанг жо
Мана бу ҳикматни унутма, асло,
Эгри ниятни-ю, ювуқсиз қўлни
Сира ёқтирмайди ўша алифбо.

  Бу ўтмиш адабий меросимизнинг тадқиқотчиларига қўйилган талаб, айтилган насиҳат, берилган маслаҳат  ҳам эди, назаримда.
  Сория опа ташрифдан мақсадни ҳам шартта айтиб қўя қолдилар. "Абдулла ака, бу укамиз маданий мерос ва ўзбек халқ оғзаки ижодиёти бўйича илмий ишлар олиб бораётган олимларимиздан, шунга уй-жой масаласида бир ёрдам қила оламизми деб ёнингизга келгандик" , - деди.
  Абдулла ака "Бу оғриқли дардларимиздан" - деб хўрсингандек бўлдилар-да, стол тортмасидан тепа қисмига "СССР халқ депутати" дея битилган бланкани олиб нималарнидир ёзишга тутиндилар. Мен ўша бланкани тоҳануз сақлаб келаман. Ўзлари ҳам ижара изтиробларини тортган бир инсон сифатида мени қадрлаганларидан мамнун ва миннатдор бўлдим.
  Ундаги битикни айнан келтиришни негадир лозим топдим. 
    Народный депутат СССР
    1989-1994 г
  Ҳурматли Шуҳрат Тухфатович!
  Пушкин номидаги тил ва адабиёт институтининг илмий ходими Раҳим Жуманиёзов ғоят истеъдодли ёш олимлардан. У ҳозирдаёқ "Эски ўзбек ёзуви" номли ғоят зарур дарсликни ёзиб берди. Унинг яшаш шароити оғир экан. Шу сабабдан Р. Жуманиёзов мадад сўраб менга мурожаат этди. Шуҳрат ака, қийин аҳволда қолган укамизнинг арзу ҳолини тинглашингизни, иложи бўлса ёрдам беришингизни сўрайман.
   A.Орипов. имзо.17-апрел 1989-йил.

  Aминманки, бундай мазмундаги хатлар улуғ шоиримиз томонидан кўплар учун ёзилган. Тўғри, биз кейинчалик уй жойга эга бўлган бўлсак-да, улуғ шоирнинг оддий бир ёш олим учун, куюнишини, илтифоти ва марҳаматини кўриб руҳланасан киши. Улар ана шундай бағри кенг, меҳридарё янада, аниқроғи, инсон ҳолатининг, руҳиятининг буюк тадқиқотчиси ҳамдир. Aбдулла ака билан кўп бор маънавий-маърифий тадбирларда учрашганмиз, ҳар бирида олам-олам таассуротлар бизга ҳамроҳ бўлган. Шеъриятни "онажоним" дея эътироф этиши, қалб малҳами сифатида англаши, бу чинакам шоирнинг, ҳақиқий истеъдоднинг нишонасидир. Шоир ҳақида гапирганда, унинг эл дард-у ташвишлари билан яшаш, элнинг жонига мояйи дармон бўлиш ҳақидаги мулоҳазалари, бамисоли Навоийдан 500 йил кейин табиат инъом этган адибнинг нолаларига ўхшайди. Элпарварлик нишони ҳам шунда эмасми? Навоий ҳазратлари ўз ҳикматларидан бирида, "Агар қилмади эл ҳимоят санга, Ўзингдин керакдур шикоят санга,"- деб ёзган эди. Элпарварлик, унинг дард-у ташвишлари билан яшаш одамийликнинг энг муҳим мезони эканлигини давлатимиз раҳбари, ўз илм-у амалларига сингдириб, фаолият юритаётгани ҳам бежиз эмас. Худди шу маънода эл учун, она юрт учун ўз дардини эл дарди деб, эл дардини ўз дарди деб билиш Aбдулла Орипов таиати ва тийнатига хос. 
  Навоий ҳазратлари бир пайтлари "Менга қилса юз жафо бир қатла фарёд айламон, элга қилса бир жафо юз қатла фарёд айларам," - деб ёзган мисралари бежиз эмас. Бу шоирнинг шахсий ҳаётий кредоси, шиори десак, ўринли бўлади. Aбдулла Орипов ҳам бундай мисралар замирига жо бўлган даъваткорона кучдан озиқ олиб руҳланган бўлиши табиий, мана унинг бир тўртлиги. 

Эл қўлласа азизим, омон бўлсак ажабмас,
Қўлламаса ранг рўйи, сомон бўлсак ажабмас.
Элни биздан қизғаниб, сўз айтгувчи зотлар бор,
Улар учун бир умр, ёмон бўлсак ажабмас.

  Шоир учун эл эътибори, эҳтиромидан улуғ ишонч ёрлиғи, эъзоз нишони йўқ. 
  Даволаниш учун Aмерикага кетишлари учун маълум муддат Ўзбекистон Республикаси маънавият ва маърифат маркази (у пайтда Республика Маънавият тарғибот маркази деб номланарди) ҳузуридаги "Маънавият тарғиботчиси" нодавлат таълим муассасасида дарс бердилар. Бир ҳафталик (32 соатлик) ўқув дастурида турли тизим ходимларининг малакасини ошириш юзасидан турли мавзуларда маъруза қилиш учун сиёсатшунос, тарихчи, тажрибали психолог, журналист ва тиббиёт соҳасида кўзга кўринган мутахассислар, олимлар ташриф буюришар эди. 
  Aбдулла ака шеърият ва маънавиятнинг мезонлари борасида маъруза қилардилар. Ўқув машғулотлари "Пойтахт" бизнес марказининг 7 - қаватида ташкил этилар эди. Табиийки, мен "Касбий фаолиятда, бошқарув тизимида нотиқлик маҳоратининг ўрни" мавзуида маъруза қилиб чиққач, Абдулла ака таълим муассасаси раҳбари Азимжон Юсупов хонасида чой ичиб суҳбатлашиб ўтиришган бўларди. Абдулла ака билан қуюқ кўришгач, уларни маъруза хонасига кузатардим. Кейин Aбдулла аканинг дарси бошланарди. Вақт тиғиз бўлса ҳам уларнинг маърузасига кириб орқа стулда жимгина ўтириб тинглар эдим. Шоир ҳорғин, дам маъюс, ҳам ғамгин ҳолатда сўз бошлар эдилар. Ҳамма нарса ўткинчи эканлиги, эл-юрт муҳаббати ва ватангина мангу қолиши ҳақида қатор фикрларни келтирардилар. Шунда ўз шеърларидан айримларини ўқиб, шарҳлаб, тушунтириб берардилар. Ва чинакам адабиётнинг, санъатнинг, шеъриятнинг моҳиятини таъсирчан тарзда ифода этардилар. Ўшанда айтган бир мулоҳазалари ҳеч ёдимдан чиқмайди. Шунда бир йили баҳорнинг бошида қаҳратон совуқ келганди, худди бу йилдагидек. Баҳор бошланиб, бодом-у, ўриклар гуллаган пайтда бирдан қор аралаш қаттиқ совуқ бўлиб, ҳамма гуллаган мевали дарахтларни совуқ уриб кетди. Шуни мисол қилиб табиий офатни жамиятнинг ҳолати билан боғлаб, шундай дегандилар. "Aгар бир йил қаҳатчилик бўлса ёки мевали дарахтларни совуқ уриб кетса, шу йили қимматчилик бўлиши мумкин, бозорда мева-чеваларнинг нархи ошиб кетиши мумкин. Аммо кейинги йил яна ҳосил бериши, тўкинчилик бўлиши шубҳасиз. Лекин маънавиятни асло совуқ урмасин, мабодо совуқ урса буни тузатиш учун асрлар керак бўлади"- дегандилар.
  Маънавият ва маърифатни жамият тараққиётининг қўш қаноти деб билган адиб ижодига бир назар орқали сув экиннинг қони ва жони, сўз элнинг дард-у дармони эканига ишоралар кўплигига иқрор бўласиз.
  Адабиётнинг моҳияти аслида, инсоншунослик демакдир. Унинг бош ғояси шу.  Инсоннинг ўй - кечинмалари, орзу-умид ва мақсад интилишларини бадият тили билан ифода этишлик қудратига эга. Шунинг учун ҳам ёзувчи ва шоирлар, ижод аҳли “инсон руҳининг инженерлари” дея эътироф этилади. Ўзаро боғланган “адабиёт, ҳаёт, тараққиёт” тушунчалари чамбарчасликда муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, адабиёт - ҳаётнинг кўзгуси, ҳаёт эса тараққиёт билан гўзал. Бошқача айтганда адабиёт, ҳаёт ва тараққиётнинг мезони мулоқот ва муомага йўл топади. Зероки, тил адабиётнинг пойдеворидир.
  Муҳтарам Президентимиз маънавиятни энг таъсирчан ва қудратли қурол деганларида, адабиётнинг таъсирчанлигини ҳам эътиборга олганликлари аён. “Адабиёт, - дейди давлатимиз раҳбари, - Халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш ва уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак”. Ёшларни адабиётга қайтаришнинг, қизиқтиришнинг аҳамияти катта эканлигини ҳис этган давлатимиз раҳбари, адиблар хиёбони чинакам маънавият-маърифат маскани бўлишини эътироф этдилар. Бу ерда қад ростлаган ҳайкаллар улуғ алломаларнинг ижодиёти, ёди ва ҳаёти билан уйғун эканлигини англашда ҳам ҳикмат бор. 
  Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси матнининг муаллифи Абдулла Орипов ижодини, чоп этилган ва чоп этилмаган асарларини тарғиб ва ташвиқ этиш вазифаси айнан институтимиз жамоаси зиммасига юклангани ҳам бежиз эмас. Абдулла Орипов ҳаётлик пайтида олий таълим муассасалари ичида институтимизга тез-тез ташриф буюриб ижодий мулоқотлар уюштиргани ҳам рост. Айни пайтда унинг ижодига эгатларга сув тараб юрадиган мироб-ирригаторнинг таъсири бўлгани, шоир кейинчалик, уни устоз деб билгани ниманики билсанг, ҳис этсанг, кўрган бўлсанг шу ҳақда ҳақиқатни ёз, - деган фикрни айнан шу ирригатор-мироб ўргатганлигини бот-бот эслаб турардилар.
  Таълим муассасамиз ҳурматли ректоримиз, профессор Ўктам Пардаевич Умурзаков раҳбарлигида жаҳон рейтингида эътиборли ўрин, кўрсаткич ва натижаларга эришаётгани қувонарли ва ғурурлидир. Институтимиз ташкил этилганининг 85 йиллигини нишонлаш тараддуди кетаётган айни чоғларда адабиёт, ҳаёт, тараққиёт, ижодиёт тушунчалари катта аҳамият касб этаётгани ҳам аниқ, Чунки булар буюк халқимизнинг суюк адиблари қалбига ва қадрига мезон бўлгани чин. 
 Адиб ижодиёти мавзу ва жанрлар жиҳатидан ранг барангдир. Институтимиз жамоаси адиб сиймоси олдида, ҳар шанба ва якшанба кунлари доимий равишда бориб шеърхонлик ва адибнинг замондошлари хотираларидан баҳраманд бўлишади. Адибнинг адабий меросида қизил ип бўлиб ўтадиган мавзу инсон руҳий дунёси ва ўзбек халқининг тарихи таҳлилидир. 
  Коинот гултожи бўлган инсон салоҳияти кўпгина ишларга қодир эканлигини эътироф этатуриб одам қалби ҳам ранг баранг бўлиб турфа туйғулар ошёнидир. Шоир ўз шеърларидан бирида шундай ёзади:

Коинот гултожи инсондир азал,
Ундадир энг олий тафаккур, амал, 
Ҳаттоки, у тубанлик ичра ҳам танҳо,
Эй фалак, ижодинг бунча мукаммал.

  Оламга таянч, одамга қувонч бахш этадиган умрбоқий, қадрулабад туйғулар ва мавзулар бор. Буларнинг васфи ва таърифи адиблар назаридан четда қолиши мумкин эмас. Ана шулардан бири аҳиллик ва ҳам жиҳатлик моҳиятини ифода этувчи дўстлик мавзуидир. Қадимий қўлёзма манбаларни титкилаб ўтирарканман, шу хусусдаги ушбу битикка кўзим тушди. Дўстлик икки бадандаги бир жондир. Бунинг маъноси шуки, дўстининг ҳолу аҳволи ва эҳтиёжидан хабар олиб туриш фарз демакдир. 
  Абдулла Орипов дўстлик туйғусини тараннум этувчи қатор шеърлар яратган. Бу мавзуга у айрича мазмун юклаган. Айримларига мурожаат қилиш ва мутолаа этиш мароқли. 

Ҳар қалай қўлимда шарбат тўла жом
Гар маҳзун бўлсада қалбимда илҳом
Энди бир самимий дўст ҳам топсайдим
Бахтли санар эдим ўзни батамом. 

  Шоир самимий сўзни айта олган адабиётни қудратли куч деб билади. Мунофиқлик ва риё билан суғорилган жамиятнинг истиқболи йўқлигини чуқур идрок этади. Уни дўст образи орқали ифода этмоқчи бўлади. 

Шундайлар бор сенга лутф айлаб
Дўстман дея қўлинг тутарлар
Аммо ҳар зум қадаминг пойлаб
Хато қилишингни кутарлар...

Ахтарурлар ҳамиша иллат,
Етти пуштинг гўрин титарлар
Фақат унма, улғайма фақат
Хато қилишингни кутарлар.

  Носамимий дўстда ҳавас ўрнига ҳасад, зиё ўрнига риё ниш уради. Бу эса жамиятнинг тараққиётига ғов, эгов, маънавиятга тушовдир. 
  Маънавиятнинг кучи самимийликка қурилган ориф ва оқил инсонларнинг фикри ва зикридан. Акс ҳолда, шоир таъкидлаганидек, маънавиятни совуқ уриши жаҳолатнинг юз буришидир. 
  Абдулла ака нозиктабъ шоир, теран тафаккурли файласуф, синчков олим, идроки баланд руҳиятшунос, бир сўз билан айтганда, хокисор, донишманд инсон эдилар. Уларнинг ижоди бунга шоҳиддир. 

Дониш аҳли айтар маънидан калом:
Минг йилнинг мезони қолса яхши ном,
Эзгу ишларингни элинг қилса ёд,
Иккинчи умрдир яшашдан мурод.

   Абдулла Орипов маънавият дарғаси, эл дилининг ҳамрози сифатида иккинчи умрини биз билан бирга яшаётгани сир эмас.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот