АЁЛ


Йўқотишдан ва айрилиқдан,
Хиёнатдан қўрқади аёл.
Меҳр топса сиз бор борлиқдан,
Кимларнидир қилмайди хаёл.

Уй-рўзғор деб уринишида,
Гувоҳисиз гоҳ мўъжизанинг.
Сўзи кўз ёш кўринишида
Келса чиданг, ул ожизанинг.

Талаб қилмас имконсиз нарса:
Синглингизга нима истайсиз?
Опангизга, жаа нари борса,
Амма, хола...
Шуни изланг сиз!

Аёл буюк макр, улкан ишқ,
Қай бирини танлайсиз, айтинг?
Уни бахтсиз қилмоқчи ошиқ
Кўрсангиз: бу йўлингдан қайт, денг!

Ўзи касал бўлса ҳам сизни,
Даволашга куч-қудрат топар.
Ғам-кулфатда ёнса ҳам ўзи,
Сизга таскин бермоққа чопар.

Севсангиз ҳам кўзингиз билан,
Ташлолмайди баъзан итариб.
Келманг асло ўзингиз билан,
Қайғулар оламин кўтариб.

Тарк этмайди меҳр-шафқатни,
Бағритошлик қилсангиз ҳам у.
Хафа бўлмас, айтиб раҳматни,
Боласифат билсангиз ҳам у.

Ўзи таниб, билмас инсонин
Қайғусида ғам чекиши бор.
Бечоранинг кўрмай нуқсонин,
Чора дарахтин экиши бор.

Осонликча унутмас севса,
Тарбиялай олар боласин.
Баъзи эркак минг кучли бўлса,
Онасиз асролмас лоласин.

Тантиқликни,
Рашк,
Ҳалимликни...
Айбмас кўрмоқ севган аёлдан.
Инсонийлик, мулойимликни
Топсин эркак ёри - ҳалолдан!
Умида Абдуазимова