ЖОНИМ ДАДАМ-2


Инсофга келгин, ҳаёт,
Урар бўлиб, қилма дўқ.
Мени айлар эҳтиёт -
Жоним дадам энди йўқ.


Бўлгин танти, бўлгин мард,
Илинмагин ҳадеб дард.
Қўндирмаган менга гард -
Жоним дадам энди йўқ.


Бўта каби бўзласам,
Дард, аламим сўзласам.
Мададини кўзласам -
Жоним дадам энди йўқ.


Умр ичра қанча зор,
Қанча умид, армон бор.
Қўллагувчи нажоткор -
Жоним дадам энди йўқ.


Қолсам ғам дарёсида,
Ё ғафлат дунёсида.
Асраган дуосида -
Жоним дадам энди йўқ!


Бобур БОБОМУРОД
2020.21.6. 20:00.
Бухоро - Тошкент. "Шарқ" поезди.

  Шеърнинг аудио варианти - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Нотиқлик санъати академиясининг раҳбари,  нотиқ - Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ ижросида ўқилди.