ҲАЁТ ҚЎШИҒИ


Тунни ёритган ой кўнглимга тушди,
Балки қанча йиллар умримга тушди,
Бир наво қалбдаги қумримга тушди,
Деразам олдида гуллар настарин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Тонгдан чуғурлайди қушлар басма-бас,
Диллар меҳробида илоҳий нур, сас,
Дарёлар тўхтамас бир зум, бир нафас,
Чумоли инида ҳар кунги йиғин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Кечагина эди ўриклар гуллаб,
Булбул чах-чахларди гул васлин тилаб,
Бугун-чи ғуралар боқар шивирлаб,
Тириклик чорлайди, асл ошиғин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Мусича хас ташир ин қурмоқ ўйи,
Борлиқни яшнатар ёмғирлар куйи,
Осмон гавжум, демак, қалдирғоч тўйи,
Келинчакдек сочин тарар оқ қайин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Зумда жала тинар, оқ булут сузар,
Офтоб зарқалам-ла уфққа шеър ёзар,
Соат чиқиллайди, сукутни бузар,
Англагандай бўлдим, бу олам сирин
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Қайдадир юзида табассум доя,
“Ўғил!” дейди масрур – эл учун қоя,
Давом этаётир мангу ҳикоя,
Кўнгиллар топмоқда бунда бир-бирин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Қачон имтиҳонсиз ўтган бу замон,
Қувонч ва таҳлика ёнма-ён ҳамон,
Иймон, умид борки, бу даврон омон,
Ҳар бир синовида ҳикмат яширин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Чилла сақлар собир дунёмиз яна,
Гўё хавотирли муштипар она,
Олам мисли улкан бир шифохона,
Бахт неъматин таъми бунчалар ширин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Шифокор нажоткор фариштами ё,
Ҳар бемор бошида ўн меҳридарё,
Оппоқ халат киймиш ҳамшира дунё,
Кўнгил англар Ҳақнинг илму мантиғин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Бир хаста тузалса, оламга қувонч,
Мўлтираб турган у боламга қувонч,
Дафтаримга қувонч, қаламга қувонч,
Умид кўтаргайдир дунёнинг дардин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Гоҳ кўнгилга сиғмас қўшиғу ялла,
Уфқ беланчагин солган тонг палла,
Қайси бир ҳовлидан таралар алла,
Олам тингламоқда гўдак нафасин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Нажот қалъасидай ҳар бир хонадон,
Оловқалб тандирлар тутар ширмой нон,
Буғдойзор тебранар ҳар бошоқда дон,
Деҳқон масрур чўғин кўрар ҳосилин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Мактаб десам ўғлим юзида чирой,
Деразадан боқар муаллима ой,
Чўзилган таътил ҳам тугар ҳойнаҳой,
Кўзга суртгинг келар китоблар гардин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Омонмиз, тириклик этур бардавом,
Қалдирғоч тилида илоҳий калом,
Марварид тут шохи бермоқда салом,
Қизарган гилослар қилар тасдиғин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Осмон меҳр билан ерни қучоғлар,
Инсон иродаси – вазмин бу тоғлар,
Жаннат муждасидай бол шайлар боғлар,
Тутинг, дер пойимга тириклик жомин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Ул Қуёш бўйлаб Ер юрмоқда ахир,
Шундан кўкда офтоб кулмоқда ахир,
Оламнинг юраги урмоқда ахир,
Найсон ювар Она заминнинг қалбин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Эй дил, нажот Ҳақдан, титроқни кўтар,
Бобонг хоки ётган тупроқни кўтар,
Ҳар бир қалбда умид – байроқни кўтар,
Қизғалдоқлар тутмиш юртнинг қир адрин,
Умр сўзин айтар, ҳаёт қўшиғин!

Минҳожиддин МИРЗО, шоир










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот