Адо бўлмас армонларинг бор


Юртим, адо бўлмас армонларинг бор,
Тошларни йиғлатган достонларинг бор,
Ўтмишингни ўйлаб оғрийди жоним,
Кўксинг тўла шаҳид ўғлонларинг бор.

Бағрим ўртар бир ўй баҳор айёмлар,
Ой ботган ёқларга термулиб шомлар.
Айбин билмай кетган Акмал Икромлар,
Файзуллодек марди майдонларинг бор…

Юртим, кўнглингдек кенг осмонларинг бор,
Юлдузни йиғлатган достонларинг бор.
Осмонларингда ҳам дийдорингга зор,
Жайрондек термулган Чўлпонларинг бор.

Қўлинг қадоғига босай юзимни,
Онамсан-ку, оғир олма сўзимни,
Қайинбарглар ёпиб қаро кўзини
Олисларда қолган Усмонларинг бор.

Алҳазар, алҳазар, минг бор алҳазар,
Ана юришибди кийганлари зар,
Қодирийни сотиб шоир бўлганлар –
Меҳробингда чиққан чаёнларинг бор!

Қурбонинг бўлайин, эй онажоним,
Сенинг фарёдларинг – менинг фиғоним,
Ўтмишингни ўйлаб ўртанар жоним,
Айтсам адо бўлмас достонларинг бор.

Муҳаммад Юсуф - Ўзбекистон халқ шоири.