Шоир бўлиб бўлмас асло дунёда


Азиз дўстларим! Кўнгил уйингизга шоира
Гуландом Тоғаеванинг шеърлари яна ташриф буюрди.

*
Яшаш нима ўзи, тириклик нима,
Ҳайратланиш нима абадиятдан.
У-Тангри юборган охирги кема,
Оқибат ахтариш сабабиятдан.

Тавҳид нийнасини жисмима санчиб,
Таннинг деворидан чиқмоқ бўлар жон.
Биз дунё сиррининг тубига етдик,-
Умр - бу изҳори дил учун имкон.

ЧЎЛПОН (салафларга эргашиб)

Шоир бўлиб бўлмас асло дунёда,
Хиёнат қилмаса агар дўстларинг.
Тобут кўтармасанг пою пиёда,
Ташлаб кетганида яқин-ўзларинг.

Ҳасад қилмасалар ёзган шеърингга,
Газетни тўлдириб қилмаса ғийбат,
Душмани кам одам кичик одамдир,
О, шунда ҳолингдан қиламан ҳасрат.

Ботқоққа тушса ҳам қуёшнинг нури,
У қуёшлигича қолаверади.
Шоирнинг қисмати Ёритмоқ фақат
Ҳар ким ўзича нур олаверади.

Шоир бўлиб бўлмас асло дунёда,
Қон ҳидин туймасанг сут билан қўшиб.
Юксакдан яхшироқ кўринар экан
Бир-бирига ўхшаб - тобут ва бешик.

Чалмай тур сурингни бир пас, Исрофил,
Улгурай, элимга чин фарзанд бўлай.
Чўққини кўрмасдан кетмасин ғофил,
Ҳасадгўй дўстларим бунда чақирай.

Сирот кўпригига ўхшар шеърият,
Унда сўзлаб бўлмас ёлғондан сира.
Мана, тахайюлнинг шаробига боқ,-
Кел, уни ичайлик қолиб бокира.

Ғунча астаридан настарин бир бўй,
Оёқяланг чопган ўтлоқдан бир куй,
Ва-Виждон: Ватанин севган ҳар шоир
Қолдирмоғи керак ўзидан кейин.

Ҳар сўзинг ибодат бўлмаса агар,
Ҳар кунинг элингга бир эм бўлмаса.
Тимсолда, мисолда, ҳар бир ташбеҳда,
Айтган ҳар сўзингга сен тенг бўлмасанг,
Шоир бўлиб бўлмас асло дунёда...

ГУЛАНДОМ ТОҒАЕВА.