Руҳим дарчалари


Хосият РУСТАМОВА

***

Тасодифан келди ва кетди шамол...
Деразам хўрсинди, оғир олди тин.
Кўчада айланиб юриб бемалол -
Юрагимни этди остин ва устун.


Қайси кўчаларга бошлаб кетди у, 
Менинг ҳаётимни чиқариб издан.
Тумандай тарқалди мендаги қўрқув-
Кечаги кунимдан қолмади из ҳам.


Қандай севган эдим сени ўша кун,
Йўлларда дарахтлар, кўкда ой гувоҳ!
Шуълалар одимлаб кетганди узун -
Ерлар кетган эди мендан чуқурроқ....


Хаёлим паришон, жоним титроқда...
Руҳим дарчалари очилганди кенг.
Мендан анча баланд, юқорироқда-
Яхшиям бор эдинг, бор эдинг, Сен...Сен...

 

* * *

Ўрганиб кетганман.
Бу ҳолат таниш –
Фақат етмай қолар баъзан тоқатим.
О, нима қиларди бўлмаса шу иш,
Икки соат олдин пишган овқатим?


Шамоллар кўчамдан югуриб ўтди,
Ҳовлига қаради менга ачиниб.
Азизим, умримнинг ярмидан кўпи
Сенинг йўлларингга кетди сочилиб.


Сен яна кечикдинг.
Биламан, иш кўп,
Кўзимдан ўтасан ҳорғин ҳолингда.
– Кутяпман, бошимда юлдузлар тўп-тўп,
Ойни орқалаган осмон ёнимда.

 

* * *

Тирикманми ўзи?
Борманми ё йўқ?
Ўзимни суяшга етишмас ҳолим.
Ёнар вужудимда бошдан оёқ ўт,
Қаерга қочишни билмайди жоним.


Қайгадир йўқолган кўксимдаги тафт –
Нимаки иш бўлса – қўл силкир қўлим.
Кўзимда гўёки осмон ҳам бир кафт,
Замин ҳам кўринар бир сиқим бўлиб.

* * *

Чироқлар гоҳ ёниб, гоҳ ўчиб чиқди,
Бедор тун тўлғонди.
Шамолда хатар.
Юлдузлар бир ухлаб, бир чўчиб чиқди,
Қўрқувдан югуриб чиқди дарахтлар.
Тонггача тинмасдан тарақлади том,
Чинқирди қайдадир қузғуну жинлар.
Ниҳоллар ҳушидан кетди батамом –
Жонидан умидин узди узумлар.
Йўллар кўлмакларда йиқилди тойиб,
Ёмғирда шалаббо бўлди чироқлар.
Далли-девонадай сочини ёйиб –
Куз каби кўрсатди ўзини боғлар.
Кўзларга келмади адашган уйқу,
Дераза чарсиллар, дарвоза ихрар.
Тутиб кетмасин деб дунёни қўрқув,
Дардини ичига ютди балиқлар.

 

***

 

Бир кун ишқ йўлида Мажнун бўлар тол,
Ҳайқирар юраги тўкилиб, тўлиб.
Уни йиқитолмас ҳеч қандай шамол,
Осмонда яшар у хаёлга чўмиб.


На ариқ, на кўприк уролар йўлдан,
Бежавоб қолдирар саволларини.
Билмас у. Оққушлар ўғирлаб қўйган –
Лайли дарахтларнинг хаёлларини.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот