Парилар мулкида


   Парилар   мулкида – Боғи Шамолда,
Қирмизи олмалар пишди, тўкилди.
Мен унга олмалар бермоқчи эдим,
Мен унинг кўзларин кўрмоқчи эдим.
Ошиқлар мулкида, шамлар илкида,
Ипак кўйлагида куйди парвона,
Шамида парвона бўлмоқчи эдим,
Мен унинг кўзларин кўрмоқчи эдим.
Фозиллар юртида, азми Тошкентда,
Марварид оқ тутлар пишди, тўкилди.
Мен унга оқ тутлар бермоқчи эдим,
Мен унинг кўзларин кўрмоқчи эдим.
Жонимга сайёдим, файзи фаёдим,
У унсиз фарёдим, у гўзал ёдим.
Ёдила бир умр юрмоқчи эдим,
Мен унинг кўзларин кўрмоқчи эдим.
Боғдагилар учрашар, боғлар учрашмас,
Одам тоғ эмаску, тоғлар учрашмас.
Боғ бўлиб, тоғ бўлиб турмоқчи эдим,
Мен унинг кўзларин кўрмоқчи эдим.
Ошиқлар мулкида – БоғиБаландда,
Боғи Ферузада, ул Самарқандда,
Абадий баҳор бор, абад сўлмайди.
Ошиқлар ўлса ҳам, ишқи ўлмайди,
 Ул боғда бир умр қолмоқчи эдим,
Мен унинг кўзларин кўрмоқчи эдим.

Зулфия Мўминова.