АНТИМАҚОЛ


   Мақоллар, шубҳасиз, она тилимиз бойлиги, жилоси. Аммо гоҳида уларнинг моҳияти ўзгаргандек туюлади. Шу боис улар зидди билан бир шингил жиддий ҳазил қилмоқчи бўлдик...


АНТИМАҚОЛ
Тук деган ҳайвонга хосдир аслида
Қай юзга кўрк бўлган патила соқол?
Ҳаммаси ўзгарган, бари тескари-
Сўзнинг кўрки эмас, масхара мақол.
Шамол бўлмаса ҳам қимирлар шохлар,
Ойни этак билан ёпиб бўлади.
Эгилиш, букилиш, синиш не бўпти
Ҳақиқат кўзингда ҳатто ўлади.
Баҳор элчисимас энди қалдирғоч,
Ёзу-қиш шу ерда кезар лайлаклар.
Ҳарир ва қирқилган моҳият билан
Ҳаё пардасимас мини кўйлаклар.
Қуёш барчага бир қачон нур сочган?
Булутлар қадамда тўсса юзини.
Сийратга сафарлар бари беҳуда
Излаб тополмайди инсон ўзини.
Бойликни билиш чун кўчиш шарт эмас,
Ифода топарми ҳар нарса кўчда.
Қозилар қошига мулзам югурманг
Куч адолатдамас адолат - кучда.
Бировга чоҳ қазсанг албат йиқилар,
Гар огоҳ этмаса бирор жонфидо.
Меҳмон кўп биродар, ўзингиз ўйланг,
Асли мезбон эрур атойи худо.
Тоғда сарсон бўлманг дўлонани деб,
Жондан кечиш шартмас жонона учун.
Каллани ишлатиш керак, оғайни
Тўйтепа жа узоқ девона учун.
Рости полвон халқи асли гўл келар,
Демак соғлом танда эмас соғ ақл.
Дўрмон томонларда сувли ерларда
Боғин кўкартириб ётибди бахил.
“Эр” йигит ер сотиб мил-мил бойиди,
Ватанни сотишга тайёр феъл билан.
Каттароқ харидор излаб юрганмиш
Гаплашиб қўйганмиш ҳатто эл билан.
Дарёлар қуриган, сув сойга оқмас,
Ҳасаддан ўлади бой-бойга боқса.
Тўйда жанжал қилар унвон пеш қилиб
Эшак ориятдан тўқими оғса.
Колибри опера айтаётганмиш,
Бас овоз Басковни айлаганмиш сил.
Саҳнада қиз каби нозик қийшанглаб
Тенор овозида куйлар эмиш фил.
Қўлдан келганининг борми қизиғи,
Қўлдан келмаганни қилиши керак.
Элак тутиб бўлар элнинг оғзига
Сирларни ҳар кимса билиши керак.
Чўпон кўп бўлса-да қўй ҳаром ўлмас,
Ўлса ҳам камомад кўрмайсан, эҳ-ҳе,
Сенга ўхшаганни кутиб ётибди
Шаҳарда нечита колабса цехи.
Оғизни йиртмайди қуруқ қошиқлар,
Зеро ёғоч эмас асли металлдан.
Кўнгилни дунёга мустаҳкам боғланг,
Ҳаётнинг қизиғи, билсанг, чўталда!
Ҳусн кунда керак, ақл-чи тўйда,
Кутиш, кузатиш ҳам либосга қараб.
Керакли тошнинг ҳам оғири бордир
Гумондир қолиши кунингга яраб.
Гиламни нақдига бировга пулла
Хомтаъма бўлмагин ўтириб бўпсан!
Агар сотар бўлсанг бирор қўшнига
Насия пулингни ундириб бўпсан!
Одамнинг ичида ола не қилсин.
Бари ташқарида одам оласи.
Соч сариқ, либослар кескин турфаранг,
Она танимайди ҳатто боласин.
Арзондир онангнинг пилта савати,
Отанг боғ-роғидан фойда кўрасан.
Қолсанг ва без бўлсанг, андак муттаҳам
Биров экканни ҳам ўзинг ўрасан.
От - йигит қаноти деган гап ёлғон.
Отсиз йигитлар ким? Ўйла-да жиян!
Ёли бўлмаса ҳам силашга узун
Йигитнинг қаноти асли “Нексия”.
Қирқ кунмас қирқ йиллаб очилмай ётар
Неча қинғир ишнинг қийиғи ҳамон.
Кимлар еган куни очилиб қолган
Келишиб хуфия ёпилган қозон.
Яхшилик деганни дарёга отма,
Балиқ билар дея, - азоб чекасан.
Холиқ билишини билмадим аммо,
Жарима солиши аниқ “Экосан”..
Қўшиш ҳам шарт эмас гулларни гулга,
Ҳар гулнинг ёнида битта бойтикан.
Катакда товуқлар оилабоши
Тухум босиб ётар хўрозлар – дакан...
...Гарчи ҳазил қилдим андак ўтказиб,
Гоҳида заҳар ҳам фойдали болдан.
Гоҳ ғариб лутфимиз безамоқ учун
Асло айирмасин бизни мақолдан.

Амирқул Каримов.