МУҚАДДАС ОЛАМ


21- октябрь Тил байрами куни.


Афсунли алладек кўнгил қўйганим,
Онам қувончини илк бор туйганим,
Отам шукронаси ила суйганим,
Шарафингдан ғурур туйиб юрганим,
Томирларим ичра оққан жон толам-
Она тилим нурли, иллоҳий олам.

Соҳир саҳарларнинг сирли садоси,
Мусофир қондошим ўтли нидоси,
Армон ила ўтган калом гадоси,
Пок қалбларнинг озод, хушнуд сабоси,
Дилимнинг тубидан сизган жон толам-
Она тилим, тотли, қадрли олам.

Оловли йилларда ботирга нажот,
Навоий назмига сингган муножот,
Шоҳ Бобир сабрига инган садоқат,
Энг сўнгги нафасда сизган об-ҳаёт,
Юрак-юрагимдан ҳис қилган нолам-
Она тилим шонли, муқаддас олам.

Қутлуғ Ватанимнинг ғурур парчаси,
Ҳамиша баҳори, асрий парчаси,
Дўст-ёрга очилган дилим дарчаси,
Эзгуликлар ичра барча-барчаси,
Чаманлар ичида сўлмас бир лолам-
Она тилим, нурли мўътабар олам.
Фарида Султон