Йўқчилик йиқитар йигит зўрини


Fам-ғусса нуратар кўнгил тўрини,
Кўзёшинг орттирар замин шўрини.
Мурда топавермас баъзан гўрини...

Йўқчилик йиқитар йигит зўрини.


Болангнинг кўзига қаролмайсан гоҳ,
Оғайнинг корига яролмайсан гоҳ.
Ўзингга юз чидаб сўролмайсан гоҳ,
Йўқчилик йиқитар йигит зўрини.


Ташвишлар ўрайди тўрт томонингдан,
Суяк чиқиб қолар еяр нонингдан.
Ўзингники ногоҳ ўтар жонингдан,
Йўқчилик йиқитар йигит зўрини.


Аталага ҳам гоҳ ботмайди тишинг,
Топилмай қолади бир йўқлар кишинг.
Номарду пастларга тушади ишинг,
Йўқчилик йиқитар йигит зўрини.


Аламлар сўндирар ҳаёт шамингни,
Елкадан қўясан бир кун ғамингни.
Токай яширгайсан, ахир, камингни,
Йўқчилик йиқитар йигит зўрини.


Тўғри, Худо билар - ким қачон кетар,
Лек етишмовчилик дилинг хун этар.
Ҳуснингдан айирар, кунинг тун этар,
Йўқчилик йиқитар йигит зўрини.


Орзу боғи дарддан беради ҳосил,
Ўйлайвериб охир бўласан-ку сил.
Осилсанг ҳам, Бобур, сал пастроқ осил,
Йўқчилик йиқитар йигит зўрини...


БОБУР БОБОМУРОД
1994 йил.