Марзияга табрик


  Марзия Содиқовани туғилган куни билан чин юракдан табриклаймиз! Марзия Эрка Баҳор тахаллуси орқали кўпчиликка яхши таниш, АҚШнинг Нью-Йорк штатида яшаб, ижод қилаётган Марзия жуда чиройли овозда шеърлар ўқиши билан танилган.
   Марзияга энг аввало соғлик, узоқ умр, бахт-саодат, оилавий тотувлик тилаймиз. Барча орзу-умидлари рўёбга ошишига тилакдошмиз!

Камоли эҳтиром ила - Музаффар Муҳаммадназар.

   Маълумот: Марзия Содиқова 1990 йилнинг 11 январида Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. 1996-2005 йиллари Самарқанд шаҳрининг 50-ўрта мактабида, 2005-2008 йиллари Самарқанд шаҳар Педагогика касб-ҳунар коллежида тахсил олган. 2008-2010 йиллар Самарқанд шаҳрининг 106-мактабгача таълим муассасасида тарбиячи бўлиб ишлаган.
   2010 йилдан бери АҚШда истиқомат қилади. 2013 йили Нью-Йоркнинг Метрополитан институтида таҳсил олган. 2015 йилдан бошлаб шеър ёза бошлаган. "Истеъдод учқунлари" номли альманахда шеърлари чоп этилган. Болаликдан шеър ўқишга қизиққан ва 2017 йилнинг апрель ойида "Олисдаги яқинларим" деб номланган аудио альбоми чиққан. Марзия Эрка Баҳор тахаллуси остида ижод қилиб келмоқда.


Мухлислар ижодидан

СИЗНИ КИМ ДЕБ АТАЙ 


Сизни ким деб атай, севгилимми ё?!
Азизим, ягонам...
Тополмайман сўз.
Қандайдир атагим келади, аммо...
Лабимда титрайди айтилмаган сўз!
Айтинг, ўзи кимсиз?
Мени ўзига
Ипсиз ром айлаган, эй ошиқ Мажнун.
Меҳр, садоқатни жо этиб қалбга,
Ошкора этмайин, севдингиз беун.
Балки сиз бахтдирсиз?
Эритиб қалбим,
Тубига муҳаббат уруғин эккан.
Жилмайиб биргина кулишим учун,
Ҳаттоки, жонини, борини тиккан.
Ўхшайсиз гўёки, нурли бир йўлга,
Ўзингиз томонга чорлайверасиз.
Сеҳрлаб қўйганча жон-у -жаҳоним
Вафо тимсолидек порлайверасиз.
Нимадир бор сизда,
Билолмайман ҳеч.
Сиз йўқ сониялар йўқотар қадрин.
Бўлсангизда ёнда соғинавериб,
Муҳаббат оташи ёндирар қалбим.
Айтинг, ўзи кимсиз?
Кимсиз қалбимни,
Мендан изн сўрмай ўғирлаб кетган!
Ёки тақдиримга битилган ўша -
Шаҳзода сизми мен интизор кутган? 

Марзия.

АҚШ.