Лайло


Балки ўчган эдим ёдингдан,
Ширин хаёлингни буздимми?
Лайло, Лайло, сенинг ёнингда
Япроқ каби кўрдим ўзимни,
Ширин хаёлингни буздимми?

Сени ўйлаб келмайдир уйқу -
Қора туннинг ўзга сеҳри бор.
Тушларимда топай деб гулрў
Ман ухларман мангу эҳтимол.
Гўзал тушлар тилайман, Лайло...

Яна пайдо бўлдинг йўлимда,
Яна йўлларингда бўзладим.
Бечора қалб сенинг қўлингда,
Кўзларингда менинг кўзларим.
Нечун пайдо бўлдинг йўлимда?..

Рауф Парфи

Лайло
Дадахон Хасанов ва Илҳом Фармонов ижросидаги ўзгартирилган шакли.

Балки ўчган эдим ёдингдан,
Ширин хаёлингни буздимму...
Лайло! Лайло! Сенинг ёнингда
Бир дам кўрмоқчийдим ўзимни.
 
Дилнавозим! Дилафгорим!
Ёнингга учай, Лайло!
Ҳисларимни йўлларингга
Маржондек сочай, Лайло!
 
Сенга ёлғиз сақлаганим -
Қалбимни очай, Лайло!
Агар ишқимни рад этсанг,
Қайларга қочай, Лайло!
 
Яна пайдо бўлдим йўлингда,
Йўлларингда яна бўзладим.
Бечора қалб – сенинг қўлингда,
Кўзларингда – менинг кўзларим.
 
Дилнавозим! Дилафгорим!
Ёнингга учай, Лайло!
Ҳисларимни йўлларингга
Маржондек сочай, Лайло!